Илҳом Регистон майдонига келганида оқшом чўкканди. Ён-атрофга қараб, кўзлари қамашди. Турфа рангдаги ёриткичлар камалакдек жилоланар, майдон ажиб бир тароват оғушида эди. Кимдир дам олишга, жаннатмонанд гўшага сайр қилишга чиққан..
Ёнгинасидаги ўриндиқда маънавиятга доир ташкилотда ишлайдиган Ойбекка кўзи тушди. У нималарнидир ёзиш билан машғул эди. Мозийга қизиқиши зўрлигини, аждодлар хоки ётган жойга келишни канда қилмаслигини яхши билгани учун ажабланмади. Икковининг суҳбати авж олди.
– Биласизми, майдоннинг орқа тарафига Шайбонийхоннинг бошсиз танаси дафн этилган. Юринг, сизни ўша жойга олиб бораман, – деди Ойбек.
Улар майдоннинг орқа тарафига ўтдилар. Регистон бу жойдан янада маҳобатли кўринар, мусиқа садолари янграр, минглаб одамлар Бибихоним мадрасасига, Регистон майдонига талпинишар эди.
Ойбек шеригига қараб турар экан, ҳаяжонини яшира олмади. Илҳом ҳам тўлқинланиб кетди. Улар атрофни кузата бошлашди. Нариги ўриндиқда бир неча нафар ёшлар ўтирарди. Бироздан сўнг улардан бири келиб, ўзини таништирди. Исми Жавлон, сурхондарёлик экан. Дўстлари билан Самарқандга саёҳатга келишибди.
– Бу улуғ жойлар, тарихий обидалар ўтмиши ҳақида маълумотимиз кам, – деди у. – Сўрай десак, ҳозир кечки пайт, мутахассислар ҳам йўқ. Агар билсангиз, бизга озроқ тушунча бериб юбора олмайсизларми?
Илҳом бажонидил рози бўлди. Регистон майдони, Бибихоним мадрасаси, Амир Темур мақбараси ва умуман бу ердаги ҳар бир обида тўғрисида тўлиб-тошиб сўзлади. Меҳмонлар тарихий жойлар, аждодларимиз ўтмишига доир қизиқарли ҳикоялар эшитгач, уларга қайта-қайта миннатдорлик билдириб, хайрлашдилар.
– Ўзбек халқи дунёдаги энг бахтли миллатлардан, – деди Ойбек уларни кузатиб қолар экан. – Юртимизда қанчадан-қанча осори-атиқалар, муҳташам тарихий иншоотлар, обидалар бор. Хориждан келган сайёҳларнинг ҳам ҳайратларига кўп гувоҳ бўлганман.
…Илҳом яна Регистон майдонига боқди. Тун яримлаб бораётганига қарамай, минглаб одамлар ҳамон афсонавий гўша ҳайратлари билан майдонда кезар эди…
Мавлуда РЎЗИЕВА,
Иштихон туманидаги
48-мактаб тарғиботчиси
