Фриланcинг – ҳар қандай ташкилотда доимий ишламасдан, турли иш берувчилар билан (ҳатто бир вақтнинг ўзида ҳам!) ҳамкорлик қилиш имконини берувчи даромад топиш усули. Фрилансер эса (инглизчада – «эркин найзачи») ўзи фойдали деб билган буюртмани қабул қилиб, ўз иш вақти ва маконини мустақил ташкил этадиган ишчидир. У бажарилган иш сифати ва ўзининг ҳуқуқий мақоми учун тўлиқ жавобгарликни ҳам гарданига олади.
Қисқаси, фриланcинг ким билан ишласам ҳам натижасига ўзим жавоб бераман, дейдиганлар касби. Масалан, сизнинг ҳунарингиз бор, жисмоний ва юридик шахсларга маиший ва техник хизмат кўрсатасиз, хусусий репититорлик, тренерлик ва консультантлик ёки таржима қилиш хизматлари билан шуғулланасиз, ижтимоий тармоқларда фаолият юритасиз, дастурлаш хизматларини тақдим этасиз. Демак, билингки, ўзини ўзи банд қиладиган шахс – фрилансер ҳисобланади.
Мусиқа бастакори, копирайтер (матнлар билан ишловчи), веб-дизайнер, компьютер дастурчиси, таржимон, журналист, меъмор, рассом, видеомонтажчи каби касблар эгалари фрилансерлар бўлиши мумкин. Маълумотларга қараганда, уларнинг асосий маҳорати ва қобилияти матн ёзиш (18 фоиз), таҳрирлаш (10 фоиз), нусха кўчириш (10 фоиз), дизайн (20 фоиз), таржимонлик (8 фоиз), веб-дизайн (5,5 фоиз) ва маркетинг (4 фоиз) соҳаларида кенг оммалашган. Фриланcинг тренинги бўйича эксперт, соҳага оид ўнлаб китоблар муаллифи Юлия Коротун шундай дейди: «Бирор ҳунарни эгаллаган кишилар махсус курсларга бормайдилар, ўқитиш учун ихтисослашган мутахассисларни ёлламайдилар, балки Интернетдаги бепул материаллардан фойдаланиб, касб ўрганадилар ҳамда синов ва хатолар орқали баъзи кўникмаларни мустақил равишда ўзлаштирадилар. Бу усул қисқа фурсатда натижа бермайди ва ҳар доим ҳам тўғри эмас, лекин мижоз учун хавфли ҳам эмас».
Қандай қилиб фрилансер бўлиш мумкин?
Пандемия даврида кўплаб фрилансерлар уйида ўтириб ёки коворкингда қулай иш билан банд бўлишди. Айримлари ойига миллионлаб даромад қилишди. Жумладан, Шахрилло исмли инглиз тили ўқитувчиси Пешку туманининг чекка бир ҳудудида яшаса-да, Upwork платформасида ўз ўрнини топди. Икки йил олдин у ижтимоий тармоқ орқали юртдошларига ўз тавсияларини қолдирди:
– Ишлашни истаган инсонга Интернетда даромад қилиш имконияти етарли. Мақсад-ниятингиз жиддий бўлса, сизни ҳеч нарса тўхтатолмайди. Агар инглиз ёки бошқа бирор тилни ўртача билсангиз, нур устига нур бўлади. Upworkда рўйхатдан ўтиб, исталган профилни иқтидорингизни инобатга олган ҳолда тўлдирасиз. Бунда ўзингиз ҳақингизда тўлиқроқ маълумот беришга ҳаракат қилинг. Профилда қўйилган сурат сифатли бўлиши, маълумотлар базасидаги ёзувлар аниқ ёзилиши керак.
Ишга қабул қилинишда бир марталик видеоинтервью бўлади. Шунга қараб, сизга ишга таклифлар келади ва сиз ўз ишингизни пухта бажаринг. Натижада рейтинг ошиб бораверади, мижозлар ўз фикрларини қолдиришади. Бу кейинчалик яна иш (таржима, коперайтерлик, таҳрир ва ҳоказо) олишингизга хизмат қилади. Мижоз билан иш соатлик келишув асосида бўлади. Бир марталик мижоз билан ишланса, 5 миллион тушум учун 10 фоиз солиқ ушланади. Иш соати ва тўлов ҳақи кўтарилгани сайин солиқ камаяди. Бундай иш унуми натижасида иш берувчи сизни Future job («Келгусида яна иш бераман») деб белгилаган бўлса, солиқ ушламайди ва унинг ярмини ўзи тўлаб беради. Пул олишда ва чиқаришда умуман муаммо бўлмайди. Биринчи марта рўйхатдан ўтганингизда пластик карта буюртма қилинади ва 14 кун ичида қўлингизга тегади. Ҳафталик маълумотларни ўзингиз кўриб бориш имкониятига эгасиз.
Мутахассислар фрилансер бўлишнинг ягона шарти сифатида ҳунарингиз сир-асрорини ўрганишни, сайтлардан ташқарига чиқиб, у ерда узоқ вақт бўлганлар билан суҳбатлашишни, керак бўлса, тренингда иштирок этишни тавсия қилишади. Биринчи тавсия молиявий ҳимоя ёстиғини яратгач, яъни кафолатли тавсиячиларни топгач, аввалбошда бепул хизмат кўрсатишингиз ҳам мумкин, кейинчалик ўз маблағингизга эга бўлиб борасиз.
Энг кўп бўш иш ўринлари
Фриланcинг биржаларда кўпинча ишлар қуйидаги йўналишлар бўйича гуруҳларга бўлинади:
– IT, дастурлаш, тизимларни бошқариш (веб-сайтлар ва иловаларни тайёрловчилар, дастурчилар, ўйинларни ишлаб чиқувчилар, тестерлар, фронт-енд ва бак-енд дастурчилар, тизим маъмурлари);
– дизайн, фотография, меъморчилик ва санъат (фотографлар, иллюстраторлар, дизайнерлар, аниматорлар, меъморлар, 3Д-графика ва флеш-анимацияни ишлаб чиқувчилар, интерфейс дизайнерлари);
– матнлар билан ишлаш (копирайтерлар, рерайтерлар, журналистлар, муҳаррирлар, СММ мутахассислари, таржимонлар);
– аудио ва видео билан ишлаш (видеографлар, операторлар, стримерлар, бастакорлар, аранжировкачилар, муҳаррирлар, овозли мутахассислар);
– PR, реклама, маркетинг (маркетологлар, PR мутахассислари, СEО мутахассислари, ички алоқалар бўйича мутахассислар);
– онлайн таълим (ўқитувчилар, репетиторлар, онлайн мактаблар маъмурлари);
– муҳандислик (муҳандислар, дизайнерлар, қурувчилар);
– кундалик ҳаёт (сартарошлар, косметологлар, маникюрчилар ва заргарлардан то бухгалтерлар, курьерлар, call-маркази ходимлари ва қўриқчиларгача).
Фриланcингнинг ижобий ва салбий жиҳатлари
Ушбу йўналишнинг афзаллиги шуки, ишчи куннинг исталган қулай вақтида, ҳафтанинг мос кунларида, ўзи танлаган жойда масофавий ишлаши мумкин. Бу стандарт иш вақтига кўникмайдиганлар учун ҳам имкондир. Улар буюртмаларни ўзлари танлашади, ўқиш билан ишни уйғунлаштира олишади.
Масофавий ишлашдан фарқли ўлароқ, фрилансер иш вақти тўлиқ назорат қилинадиган ходим эмас. Унинг мижоз билан муносабатлари Меҳнат кодекси асосида тартибга солинмайди. Бу бир томондан яхши, чунки қачон ва қанча ишлашни ўзингиз ҳал қилишингиз мумкин. Лекин камчиликлари ҳам бор. Масалан, пулли таътил йўқ. Фрилансерлар доимий муддатларни ҳис қилишмайди. Улар учун аниқ жадвал ва тайёр «ижтимоий пакет» йўқлиги, буюртмалар сонини кузатиш зарурати бироз мураккаблик туғдиради. Ҳеч ким сизнинг соғлиғингизни сақлаш харажатларингиз, пенсия жамғармаларингиз ва ижтимоий пакетларингиз учун жавобгар эмас. Фрилансингда барча таваккалчиликлар жамланиши мумкин.
Қўрқувлар қандай енгилади?
Фрилансер Жулиа Коротун дастлабки асосий қўрқувларни енгишнинг муваффақиятли усулларини тавсия этади:
– Мижозларни топа олмаслик қўрқуви ва номаълум қўрқувни худди шундай ҳал қилиш мумкин – мижозларнинг барқарор манбаларини топиш ёки бир нечта доимий мижозлар билан ишлаш. «Менга ҳеч ким иш бермаса-чи?» деган хавотирни енгиш учун сиз доимо уларни излашингиз керак. Агар ҳақиқий мижоз билан ишлаш ҳадиги ҳаётни мураккаблаштирса, сиз унинг асосий сабабларини топишингиз ва ҳар бирини ёпишингиз мумкин. Масалан, сабаб: мен мижоз билан ишлашдан қўрқаман, чунки тартибсизлик қиламан. Ечим: ишнинг ҳар бир қисмини диққат билан ва бир неча марта текширинг, ҳар бир жиҳатига максимал даражада эътибор беринг ва уни ўз муддатида бажаринг (ёки таҳрир қилишга чегара бўлиши учун уни муддатидан олдин топширинг). Сиз мижозга иш учун ҳақ тўлашни таклиф қилишингиз мумкин, агар у ёқса.
Ишнинг босқичларини, ҳар бир босқичда лойиҳанинг тайёрлик даражаси (ҳажми ва муддатлари)ни аниқ келишиб олинг. Муаллифлик ҳуқуқига эътибор беринг (бажарилгандан кейин сизнинг ишингизга ким эгалик қилади). Унутманг! Мижоз билан расмий шартнома тузиш ҳар доим яхши.
Солиққа тортилмаслик учун…
Бир телекўрсатувда ўрта яшар аёл «Мен сартарошлик қилиб, маҳалладошларимга нафим тегаяпти. Лекин даромадим харажатларимни зўрға қоплайди. Шундай бўлгач, нега фалон миқдорда солиқ тўлашим керак?» деган савол билан мурожаат қилди. Эксперт солиқ идорасига бориб, тегишли тартибда тўлов қилиши лозимлигини тушунтирди.
Ижтимоий тармоқларда эса бир гуруҳ ўзбекистонлик блогерлар YouTubeдаги фаолиятлари орқали олган даромадлари ҳисобидан солиқ тўлашлари лозимлиги ҳақида солиқ идораларидан хабарнома келаётгани ҳақида хабар беришди. «Sirojiddin Media» канали муаллифининг айтишича, у 2021 йилда YouTubeдан олган 9 минг доллар атрофидаги даромади учун 11 миллион сўм атрофида солиқ тўлаши керак экан…
Бу ҳолатларда қонуний йўл ва ечим бор: ўзини ўзи банд қиладиган шахслар топаётган даромад солиққа тортилмайди. Вазирлар Маҳкамасининг 806-сонли қарори ва шу асосда тасдиқланган. Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида фаолиятни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом фрилансерлар ҳақ-ҳуқуқини ҳимоялайди. Ҳозир ўзини ўзи банд қилган шахс фаолиятини солиқ идорасида рўйхатдан ўтказиш орқали иш стажига эга бўлади. Бунинг учун у солиқ идоралари ёки Давлат солиқ қўмитасининг мобил иловаси (my.soliq.uz)дан рўйхатдан ўтиб, йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида пул тўлаш орқали бир йиллик иш стажига эга бўлиши мумкин. Ушбу сумма тўлиғича бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йўналтирилади ва ундан келиб чиққан ҳолда ва ўрнатилган тартибда пенсия ҳисоблаш учун даромад ҳажми аниқланади.
Шу тариқа сиз фрилансерлик фаолиятингизни қонунийлаштириш билан бирга, келажакдаги пенсиянгизни ҳам таъминлашингиз мумкин.
Жаҳон тажрибаси
Агар инглиз тилини билсангиз, хорижий фрилансер биржаларидан мижозлар излашингиз мумкин. Бу сизга валютада пул ишлаш ва кўпроқ маблағ олиш имконини беради. Мисол учун, чет элда дастурчилар тарифлари соатига 30-50 доллар ёки ундан кўп бўлиши мумкин. Яқинда сўнгги уч йил давомида глобал фрилансинг бозорини ўрганиш бўйича халқаро экспертлар ўз кузатувлари натижаларини эълон қилишди. Улар 170 мамлакатдан 21 минг нафар мутахассис орасида ўтказган сўров ва натижаларга қараганда, фрилансерликка бўлган талаб билан бирга таклиф ҳам ўсиб бормоқда. Чунончи, АҚШда якка тартибдаги тадбиркорлар мамлакат ишчи кучининг учдан бир қисмидан зиёдини ташкил этган. Жаҳон бўйича фрилансерларнинг 51 фоизи европалик мижозлар учун ишлайди. Бу борада, айниқса, малакали IT ва дастурлаш мутахассисларига талаб юқори. Шу боис дастурчиларнинг ярмидан ортиғи иш қидиришга вақт сарфламайди.
Хулоса қилиб айтганда, фрилансерлик ҳаётимизга энди кириб келган бўлса-да, бугунги ахборот технологиялари ривожланган глобал жамиятда ҳар бир инсон учун улкан имкониятлар эшигини очиб беради. Вақтингизни тўғри тақсимлаб, сабр билан ҳаракат қилсангиз, энг муҳими, қобилиятингиз ва билимингизни самарали меҳнатингиз орқали намоён эта олсангиз, катта даромадлар сизни кўп куттирмайди. Бунга ишонинг. Зеро, дунёдаги миллионлаб одамлар аллақачоноқ фрилансерлик орқали кўп пул топмоқда.
Шоира БОЙМУРОДОВА,
журналист



