Геншунос, биолог олим Бахтиёр Абдуғафур ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида Наманган вилоятидаги “ARTSOFT CLUSTER HOLDING” кластери билан ҳамкорлик қилиб келгани ва ўтган вақт давомида унинг харажатлари қопланмагани, бунга кластернинг тўлов қобилияти йўқлиги дея изоҳлашганини маълум қилди.
Олим ўз саҳифаси орқали “АРТСОФТ” раҳбариятига жиддий саволлар билан мурожаат қилган: “Қарзингизни қачон қайтарасиз? Наманганнинг шунча ерини олдингиз. Бу ерларда нималар қиляпсиз? Минг-минг гектар ердан даромад ололмаяпсизми? Даромад ололмаётган бўлсангиз, шунча ерни эгасига қайтаринг, фойда оладиганларга!”
Маълум бўлишича, 2020 йили “ARTSOFT CLUSTER HOLDING” мутасаддилари Бахтиёр Абдуғафур билан боғланиб, ўз муаммоларини айтишган. Шу вақтдан ҳамкорлик бошланган.
Биолог олим кўмаги билан органик пахта толаси, калаваси ва буғдой учун Голландиядаги халқаро аккредитациядан ўтган лаборатория сертификати олинган. Органик маҳсулот олишда Бахтиёр Абдуғафур ишлаб чиққан биотехнология ва биологик ўғитлардан фойдаланилган.
Органик маҳсулот етиштириш биотехнологияси текинга бажарилган. Бироқ биологик ўғитлар учун харажатлар ҳалигача қопланмаган.
Сўраб-суриштиришларга қараганда, кластер бошдан-оёқ қарзга ботган эмиш. Кластернинг қишлоқ хўжалигидан бошқа йўналишлари ҳам бор эмиш.
“Намангандаги икки-уч туман ери “АРТСОФТ” кластерига берилган. Менимча, асосий ишининг уддасидан чиқмаётган кластерга минг-минг гектар ерни бериб юбориш тўғри эмас. Қишлоқ хўжалиги муаммолардан чиқмаётган бир фурсатда ҳужжатларда ҳаммаси зўр, амалда қарз ичидаги кластер деҳқончиликни эмас, бизнесни ўйлайди. Биз икки йилдан бери арзимаган пулимизни ололмаймиз. Бизга ўхшаб пулини ололмаётган ташкилотлар, банклар қанча экан? Бу ишларни текшириш вақт-соати етиб келмадимикин? Ёки уларнинг фаолиятини текшириб бўлмайдими?”, — дейди Бахтиёр Абдуғафур.

