– Синглимнинг тўйига кетаяпман.
– Ўзингни тўйинг қачон?
– Келаси йил. Жамоага бош бўлиб, Самарқандга, уйимизга борасиз. Жуда хурсанд бўламан…
Бу Аброр билан бир ҳафта олдинги суҳбатимиз эди.
Мана, куни кеча «ўзим бош бўлиб», Самарқандга, Аброрнинг уйига бориб келдик. Аммо, афсуски, у бир кун аввал мудҳиш автоҳалокат туфайли оламдан ўтган эди…
Таҳририятимиз фотомухбири Аброр Эсонов бир ойча аввал меҳнат таътилига чиқди. Ажабки, бир кун ҳам дам олмади. Деярли ҳар куни ишхонада кўриниб турди, ҳали у, ҳали бу тадбирларда қатнашиб, газетада ёритиб борди. Ҳамкасблари «Таътилдасиз, дам олмайсизми?» дейишса, «Менга таътилнинг ўзи эмас, пули керак бўлганди», дебди…
Кейин билсак, таътил пули ва ойлигини қўшиб, тўйи кутилаётган синглисига тилла узук ва зирак сотиб олган экан…
Бу дунёда боласи ўлган ота-онани юпатишдан ҳам оғирроқ иш йўқ. Аброрнинг отаси – Исомиддин ака билан кўришдик. Бир кун аввал пешонасидан ўпиб, қизини узатган, ҳали тўй ўчоғининг олови совумай туриб, навқирон ўғлини тупроққа қўйган бечора отанинг ҳолатини тасаввур қилиб бўлмайди.
Аброрнинг ўзига ўхшаган укаси – Жалолиддин айтиб берди. Шанба куни пешин вақтида юз берган фалокатдан сўнг Аброрни шифохонага элтишибди. Аҳволи яхши эди, дейди. Телефонини сўрабди, яхши кўрган қизига қўнғироқ қилибди, нималарнидир гаплашибди, ёзишибди ҳам. Кечга бориб аҳволи оғирлашибди. Келинчак синглимни бир кўрай, дебди. Сингил ҳам келибди, бироқ қазо элчилари ундан аввалроқ етиб келишган экан…
Дарвоқе, аҳволи оғирлашган Аброр онасини чақириб, «Менга бир нарса бўлса, таҳририятнинг фотоаппаратини Тошкентга элтиб беринглар, ичида синглимнинг тўйида олинган расмлар бор, илтимос қилсанглар, улар суратларни чиқариб беришади», дебди.
Аброр оиласининг катта фарзанди, ота-онасининг, жигарларининг таянчи эди. Ўзбекистон Миллий университетининг Кимё факультети кечки бўлимида контракт асосида ўқиб, кундузи таҳририят юмушларини бажарарди. Ўзи бош бўлиб, ўқитиш учун укасини ҳам Тошкентга етаклаб келганди. Ўзидан, ўқишидан орттириб, Пастдарғомнинг олис бир манзилида енг учида кун кўрадиган оиласига мунтазам ёрдамлашарди. Қарз-ҳавола қилиб, машина сотиб олганининг сабаби ҳам шу эди, оқшомлари кира қилиб, оиласи, жигарларининг бир камини тўлдириш пайидан бўларди.
Кимё факультетида машғулотлар оғир эмасми, ишдан бўш вақт топиши билан дарс тайёрлашга киришарди. Ўтган йили университетнинг қайсар бир домласи аллақайси бир қийин фандан баҳосини қўйиб бермай, курсдан қолдириб юборган, шу сабаб қайта контракт тўлаб, учинчи курсни бошқатдан ўқиётган эди. Ўшанда, курсдан қолдиргунча қараб турдингми, университет раҳбарлари ҳам одам, вазиятингни тушунтирардик, бир курсга икки марта контракт тўлаб ўқиш осонми, деб танбеҳ бергандим.
Аллоҳнинг тақдири сабабу баҳоналари билан келади, дейдилар. Кўнмасдан иложимиз йўқ.
Ҳазрат Навоий айтадилар:
Ёғилур ҳар дам фалакдин
бошингга гарди фироқ,
Ўт равонроқким, омонатдир
басе, бу эски тоқ…
Томидан тупроқ тўкилиб турган уй омонатдир, бу уйда узоқ қолиб бўлмас. Ҳазрат шунга ишора қилиб, осмону фалакдин мудом айрилиқ гарди ёғилиб турган бу дунё омонат, уни эртароқ тарк этмоқда ҳам бир ҳикмат бордир, демоқдалар…
Аброр, сен ҳам бу омонат дахри дундан эртароқ воз кечдинг.
Баъзан унга кўришганда ҳазиллашиб, «Аброр, эсонмисан?» деб қўярдим. Фамилиясига қилган ишорамдан чандон завқланиб, уятчан табассуми билан айтардики, «Эсонман, ака, эсонман…».
Яна афсус, энди эсон эмассан, Аброр…
Уч йил сенга ҳам раҳбарлик, ҳам устозлик қилдим. Рағбат ҳам, танбеҳ ҳам бердим. Ҳаммасига розиман, сен ҳам рози бўл…
Увол кетдинг, укам! Марҳаматининг чеки йўқ Аллоҳим сени ўз раҳматига олсин.
Ғайрат ШЕРАЛИЕВ,
«Тошкент ҳақиқати» ва
«Ташкентская правда»
газеталари бош муҳаррири
