Кафил бўлдим…

232

Емаган сомса учун тўлов

Музаффар ота-онасининг ёлғиз ўғли, тўрт нафар сингилу тўрт нафар фарзанднинг суянган тоғи, ишонган боғи эди. Афсус, яқинда у судланди ва Жиноят кодексининг 167-, 168-моддалари ва яна қўшимча бир неча модда бўйича айбдор деб топилиб, ўн йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Бунга аслида Музаффарнинг ­кўнгилчанлиги-ю одамларга ишонувчанлиги сабабчи бўлди. У савобли ишга қўл урмоқчи бўлиб, ҳайдовчиси банк кредити эвазига уй олишига кафиллик қилди. Бироқ ҳайдовчи қарзини вақтида тўлаш ўрнига ҳар сафар турли-туман баҳоналарни рўкач қилиб юраверди. Банк эса Музаффарнинг фирмаси ҳисоб рақамидан мўмайгина пулларни ечиб олаверди. Охир-оқибат фирма касодга учраб, истеъмолчилари назаридан қолди.

«Атиги ўн миллион сўмгина-ку…»

Санобар ҳамкасби Моҳирага уй олишида ёрдам бериш ниятида унга кафил бўлди. Орадан бир ой ўтгач, негадир пластик картасига ойлиги тушмади. Ҳайрон бўлиб, ҳисобчига мурожаат қилди. Ҳисобчи унга пул вақтида пластик картасига ўтказилганини исботлаб берди. Охирида калаванинг учи банкка бориб тақалди. Аниқланишича, дугонаси кредит тўловини муддатида амалга оширмагани учун банк уни Санобардан ундириб олган экан.
Моҳира қоп-қоп ваъдаларни бериб, дугонасига пулини яқин кунларда қайтаришини айтди. Лекин ­кейинги ойда ҳам аввалги ҳолат такрорланди. Ўлганнинг устига тепгандай, Моҳира безрайиб «Қарзим атиги ўн миллион сўмгина-ку. Озгина ремонт ишларим бор, ўшандан қутулиб олай, пулингизни бераман. Сиз савоб ишга қўл ургандан кейин охиригача туриб беринг-да», деди.
Дугонасидан бундай дашномни кутмаган ёлғиз она – Санобар гангиб қолди. «Бу кетишда қарзнинг ҳаммасини ўзим тўлайман шекилли. Унда рўзғоримни қандай тебратаман? Болаларимнинг ҳоли не кечади?» деган саволлар гирдобида қолиб, қаттиқ изтироб чекди. Охири юрак хуружи тутиб, тўшакка михланди. Кўп ўтмай ҳаётдан кўз юмди.

Яхшиликнинг жавоби шуми?

Эндигина 20 ёшни қаршилаган Нуриддин бу сафар уйга ойлик маошини олиб келмади. Ота-онасидан «Ҳали пул берилмади», деб қутулди. Лекин орадан уч ой ўтса-да, у бир мири ҳам олмаганини сезган ота-­онаси хавотирга тушиб, нима гаплигини сўраб-суриштирди. Нуриддин уларга бор гапни рўй-рост айтишдан ўзга илож тополмади.
Аён бўлишича, у бирга ишлайдиган Санжар исмли киши ногирон боласини даволатиш учун банкдан 15 миллион сўм кредит олишига кафиллик қилган. Бу ҳақдаги шартномани ўқиб ҳам кўрмай имзо чеккан. Бир ой ўтар-ўтмас бояги киши ишдан бўшаб кетган. Устига-устак, яшаш жойини ҳам, телефон рақамини ҳам ўзгартирган. Нуриддин эса, у банкдан олган кредитни ойма-ой тўлаяпти.

Ваъдабоз «қори»

Янги ишга кирган, Қуръони каримни ёддан биладиган Соҳибжон Рустамнинг кўзига ўта диёнатли киши бўлиб кўринди. «Қори» бундан унумли фойдаланди. Ишлай бош­лаганига ҳеч қанча бўлмай, банкдан кредит олишда ёрдам сўради. Азбаройи унга ихлоси баландлигидан Рус­там «қори»га ишонди ва унга кафил бўлди.
Таажжубки, уч ойдан сўнг унинг пластик картасига тушган ойлик ­маоши бир соат ўтар-ўтмас «йўқолиб» қолди. Суриштириб билса, пулни банк огоҳлантиришсиз ечиб олибди. Рустам «қори»нинг ёнига югурди. У эса муаммони тез орада ижобий ҳал этишга ваъда берди. Аммо лафзида турмади.
Айни ҳолат кейинги ойда ҳам ­такрорланди. Аламига чидай олмаган Рустам «қори»га қаттиқ-қаттиқ гапириб ташлади:
– Қанақа одамсиз ўзи? Ёки мен ёлғиз онам билан яшашимни билмайсизми?.. Тезда пулларимни қайтаринг, акс ҳолда, сиз билан эркакчасига ­гаплашаман.
– Ортиқча ҳис-ҳаяжонга берилманг, ука, – деди «қори» бамайлихотир оҳангда. – Мен ижарага машина ҳам олганман. Унга ойига тўрт ярим миллион сўм тўлашим керак. Демакки, пулингизни ҳозирча қайтаришга ҳечам имконим йўқ.
Бу гапни эшитган Рустам гангиб, анча вақт жим қолди. Охири «Энди иккимиз тегишли жойда гаплашамиз!» деди-ю, хонадан чиқиб кетди.

Шартномани имзолашда ҳушёр бўлинг!

Энди банкдан қарз олаётган шахсга кафил бўлаётганлар учун тузиладиган шартномага кўз югуртирайлик. Унда қуйидаги жумлалар битилган:
«Қарз олувчи банкдан олган ………….. (………………….) сўм миқдоридаги микроқарз (шартномада «кредит» деб аталади)ни ўз вақтида қайтариш тўғрисидаги мажбуриятини бажармаганда ёки лозим даражада бажармаганда, «КАФИЛ» «БАНК»нинг биринчи талабига биноан кредит бўйича тўловлар, унга ҳисоблаб ёзилган пеня ва фоизлар ҳамда кредит мажбуриятини ўз муддатида бажариш билан боғлиқ харажатларни пул маблағлари ёки ликвидли мол-мулки билан сўзсиз тўлаш мажбурияти ва жавобгарлигини ўз зиммасига олади.
«БАНК» қуйидаги ҳуқуқларга эга:
– кредит мажбуриятлари бажарилмаганда ёки лозим даражада бажарилмаганда тезкорлик билан «КАФИЛ» ва қарз олувчидан қарздорликни қайтаришни талаб қилиш, унинг талаби бир ойлик муддат ичида бажарилмаганда қарз мажбуриятларини қонунда белгиланган тартибда мажбурий ижро қилдириш;
«ҚАРЗ ОЛУВЧИ» шартларини бажармаганда ёки лозим даражада бажармаганда, муддати ўтган кредит қарздорлиги «КАФИЛ»нинг плас­тик карта ҳисобрақамидан ечиб олиниши ҳақида огоҳлантириш бериш…».
Бизнингча, кафилликни зиммасига олмоқчи бўлганлар шартномага қўл қўйишдан олдин юқорида келтирилган бандлар мазмун-моҳиятини яхши тушуниб олишлари, халқимизнинг «Кафил бўлма, кафансиз кетасан» деган гапини унутмасликлари лозим. Бу – биринчидан. Иккинчидан, масалага адолат нуқтаи назаридан ёндашганда, айрим банклар ўзларининг шартномада қайд этилган айрим мажбуриятларига амал қилишмаяпти. Аниқроғи, улар кафилнинг пластик картасидан пулни олдиндан, огоҳлантиришсиз ечиб олишмоқда.
Шу ўринда ўз-ўзидан ҳақли бир савол туғилади: бу билан банк шартнома талабларини бузмаяптими? Тағин нима эмиш, бирор киши кредит олишга муҳтожлик сезса, унга маҳалла фуқаролар йиғини ёки ўзи ишлаётган ташкилот-корхона ҳам кафил бўла олармиш. Кўз ўнгимизда рўй бераётган воқеаларни кўриб-билиб тургани боис одамлар кафил бўлмай қўйишгач, банклар энди бу йўлга ўтишибди-да.
Ҳолбуки, хорижий давлатларда банкларга қарз сўраб борган шахсдан кафил топиб келиш талаб қилинмайди. Кредитга муҳтож фуқаро фақат пас­портини кўрсатиб, ўзига керак маб­лағни олаверади. Бас, шундай экан, дўппини тиззага қўйиб, ўйлаб кўрайлик: бизнинг банклар кафил топиб келиш талабини қўйиб, қарз олувчилар ўртасида фирибгарликлар урчишига йўл очиб беришмаяптимикин?

Дилором ХУДОЙБЕРГАНОВА
«ISHONCH»