Синдор тоға, қайдасиз? ёхуд маҳалланинг виждони

78

Ургутда қайнонасини ғишт билан уриб ўлдирган келин воқеасининг тафти совимасдан туриб, яна бир мудҳиш ҳодиса юз берди. «Жарқишлоқ» МФЙ ҳудудида яшовчи 1996 йилда туғилган Қ.А. қайнонаси С.Қ. билан чиқиша олмай, аччиқ устида ўзини уч боласи билан Самарқанд туманидан оқиб ўтувчи Дарғом каналига ташлади. Оқибатда икки нафар бегуноҳ, ҳали ҳаёт нелигини англаб етмаган гўдак ҳалок бўлди.

Ғишт қолипдан кўчиб бўлгач, ҳамма оёққа қалқиди. Маҳалла масъулларининг фикри одатдагидай. Раис бу оиладаги машмашалардан бехабарлигини, тинч хонадон бўлганини айтишдан нарига ўтмаётир. Келиннинг онаси эса қизи хонадонида вақти-вақти билан жанжал бўлиб турганини, масалада маҳалладагиларга мурожаат қилганини, аммо ҳеч ким таъсирчан чора кўрмаганидан ёзғиради. Кимга ишониш мумкин? Ишонгандан не наф?
Рости, бугунги қиз-у, жувон кечагидан анча фарқланади. Унинг кўзи очиқ. Ёши улуғ каттани, қайнонасини бир тийинга олмайдиган интернетдан сабоқ олиб бўлди. Керак бўлса, онги шуурида ҳали ҳам оқибатни, ҳурмат-иззатни сақлаётган, қарашлари «қотиб қолган» дея ҳисобловчи ҳар қандай катта ёшдагиларни гап билан ўтқазиб қўяди.
Иштихон туманида Метан деган шаҳарча бор. Шу гўшада ҳам бир келин бор эди. Қайнона анчайин талабчанроқ чиқиб қолди. Гарчанд ҳозир оёқдан қолса-да, эрнинг иззат-ҳурматини жойига қўйиш, рўзғор юритишда ўта қаттиққўллик қилди. Онахон келини ҳам ўзига ўхшаган бўлишини, ёғ томса ялаб, рўзғорни попукдек қилиб ўтиришини истарди, албатта. Аммо келиннинг тобига олиш осон бўлмади. Икки фарзанд туғса-да, рўзғордаги уқувсизлик ўнгланмади. Қайнотанинг коса ковлашлари-ю, сирли нигоҳлари қайнонанинг бағрини доғлар, келинни измига сололмаганидан ўртанарди. Аммо келин ҳам анойи эмас экан. Рўзғорда сал гап қочса, икки боласи билан ўзини анҳорга отишини айтиб қўрқитиб келган. Буни қарангки, куюк кулча орқасидан бўлган дашномдан сўнг келин икки боласини олиб ғойиб бўлди. Начора, қайнона келинни ахтаришга тушди. Қудаларга қўнғироқ қилди. Йўқ, қизимиз келмади, деган жавобдан сўнг юраги баттар увишди. Қариндошлардан ҳам бирор тайинли жавоб ололмади. Ҳавотирини ўғлига билдирди. Излаб-ахтаришлардан натижа йўқ. Ана энди кўринг томошани! Икки қуда, қариндош канал, ариқ ва зовур ёқалаб изиллади. Қон ютиб ахтаришлар ҳам бесамар кетди. Атрофдаги ғала-ғовур, қий-чувдан сўнг, ниҳоят, келиннинг дараги чиқди. «Кетдим ўзимни, болаларимни ариққа ташлайман», дея уйдан чиқиб кетган келин олисда яшовчи холасиникидан қўним топган экан. Ҳар тугул шайтонга ҳай берибди. Минг шукрки, воқеа оқибати яхшилик билан тугаган.
– Энди сираям ишим йўқ, – дейди қайнона. – Мен онаман, покиза рўзғор юритсин, эртанги ҳаётида қийналмасин деб ­чучварани хом санабман. Мен ҳаётимдаги барча сабоқларни қайнонамдан олгандим. Аммо ҳозирги ёшлар насиҳатни ҳақорат сифатида қабул қилади. Бир оғиз гапириб бўлмайди. Аччиғи бурнининг устида. Бургага аччиқ қилиб нафақат кўрпага, керак бўлса хонумонингга ҳам ўт қўядиганлари бор улар орасида.
Афтидан ҳисоботларда тинч-тотув дея акс эттирилаётган оила ичига кириб боришнинг эвини қилолмаяпмиз чамаси. Кўпгина маҳаллалардаги қўйди-чиқдининг ҳолати пайпоқ алмаштиришдек бир гап бўлиб қолди. Ҳаёт борки, тушунмовчилик бўлиб туради. Рўзғор борки, бекаму кўст эмас. Аммо боболаримиз, момоларимиз ана шу қийинчиликни енгиб ўта олган. Оғир паллаларда эса қишлоқнинг нуронийлари ўртага тушган.
Қишлоғимизда Синдор тоға исмли зиёли мўйсафид бўларди. Бутун қишлоқ тоға, деб чақирарди. Ана шу инсоннинг сўзи ҳеч қачон синдирилмаган. Асов отдек гижинглаган келинларни ҳам ҳалимдек мулойим торттира оладиган хислат бор эди унда. Тўғри, урмаган, сўкмаган. Ҳаётий фалсафалари, ибратли ҳикоятлари билан руҳий таъсир ўтказарди. Қанча оилалар мўътабар оқсоқол аралашуви билан сақлаб қолинганига гувоҳмиз. Рўбарў келиб қолганда ҳатто биз болалар ҳам ҳушёр тортиб қолардик. Адашмасам, ҳар бир қишлоқнинг Синдор тоғага ўхшаган ўз виждонлари бўларди. Гарчи уларга оқсоқоллик мақомини ҳеч ким бермаган, ойлик ҳам тўланмаган бўлса ҳам. Аммо виждон амри билан яшаб ўтганлари озми орамизда! Бугун эса оқсоқолга давлат томонидан рутба берилди. Ойлик ҳам, ёрдамчилар ҳам сероб. Аммо баъзи раислар маҳалла дардидан, хонадон ташвишларидан йироқлигича қолиб ­­кетяпти. Ана шундай чоғларда беихтиёр «қайдасиз, Синдор тоға» дея чақиргинг келади.
Самарқандда бўлган мудҳиш ҳодиса юзасидан суриштирув, тергов олиб борилаётир. Афсус, ҳеч бир амалимиз жаннат ҳурларига айланган гўдакларни энди қайтара олмайди…
Огоҳ бўлайлик, азизлар, огоҳ бўлайлик!

Нурилла ШАМСИЕВ
«ISHONCH»