Мактабгача таълим муҳокамалари: дунё ва Ўзбекистон учун нима берди?

124

Шу йил 14-16 ноябрь кунлари Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ҳамкорлигида Кичик ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим бериш бўйича иккинчи Бутунжаҳон конференцияси бўлиб ўтди. Ўн йилда бир бор ўтказиладиган мазкур нуфузли анжуманнинг дастлабкиси 2010 йилда Россияда бўлганди.

Аммо мактабгача таълим ва болалар мавзуси халқаро даражада 10 йилда бир бор муҳокама қилинаётган соҳа эмас. 2021 йил Дубайда, жорий йилнинг сентябрь ойида Нью-Йоркда ҳам ЮНЕСКО ҳамкорлигида мактабгача ёшдаги болалар таълими ва саломатлигига бағишланган халқаро конференциялар бўлиб ўтган.

Эрта ёшдаги болалар таълимини шунчаки мутахассисларнинг юқори малакаси ва ота-оналар хоҳиши билангина ривожлантириб бўлмайди. Педагоглар фаолияти, овқатланиш, дам олиш каби хизматларни жорий этиш учун давлат томонидан сармоя зарур.

Мустақилликнинг илк йилларидаги ўтиш даври ота-оналарни энг зарур эҳтиёжларга эътибор қаратишга мажбур қилди. Оқибатда тарбияланувчилари камайиб кетган, давлат томонидан таъминоти қисқарган таълим масканлари бирин-кетин ёпила бошлади.

2015-2016 йилларга келиб, республикамизда бир пайтлар 80-90 фоизни ташкил этган мактабгача таълим муассасаларига қамров 27 фоизга тушиб кетди.

Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари бўлгач, соҳага ҳукумат даражасида эътибор берилиб, бу йўналишда катта ислоҳотлар бошланди. Аввалига бўш турган эски болалар масканлари бинолари таъмирланди, давлат-хусусий шериклик асосидаги боғчаларга субсидия ва имтиёзли кредитлар ажратилди. Хонадон боғчаларини ташкил этишга шароит ва ёрдам берилди. 6 ёшли, аммо мактабгача таълим ташкилотига (МТТ) боришга иқтисодий имконияти чекланганлар учун  қисқа муддатли гуруҳлар жорий этилди. Унда бола тушликкача боғчада тарбиячи томонидан мактабга тайёрланади. Сўнгра уйига  қайтиб келади.

Бу юзлаб, минглаб қишлоқ болаларини боғчага қайтаришнинг энг самарали йўли бўлди. Зеро, мактабгача таълим – худди қурилаётган уйнинг пойдевори. У қанчалик сифатли бўлса, бино ҳам шунчалик мустаҳкам бўлади.

Бугун дунёдаги ҳар тўрт нафар боладан бири мактабгача таълим билан қамраб олинмаган. Мамлакатларнинг ярмидан камроғигина ушбу таълим турини бепул тақдим эта оляпти, холос.

Ижобий кўрсаткичлар давлатларнинг тараққиёти билан боғлиқ. Масалан, Япония, АҚШ, Швейцария, Австралия, Финляндия каби мамлакатларда болаларнинг боғчаларга қамраб олиниши юқори. Аммо тараққиётдан ортда қолаётган давлатларда, айниқса, Африка қитъасида аҳвол оғир. Анжуманда Нигерия, Кения, Уганда, Ангола, Гана, Гвинея каби давлатлар вакиллари сўзга чиқиб, ўз юртидаги вазият ҳақида гапириб берди. Уларнинг айтишича, мазкур ҳудудларда жажжилар 17-18 фоиз атрофида мактабгача таълим билан қамраб олинган, айримларида эса 5-6 фоиз. Болаларнинг катта қисми  тўйиб овқатланиш имкониятига эга эмас. Улар жаҳон банки ва ЮНИСЕФнинг кўмагига таяниб қолишган.

Яна бир гуруҳ – Лаос, Камбоджа, Бангладеш, Ўзбекистон, Маврикий, Сьерра-Лионе, Перу, Вьетнам, Озарбайжон, Бразилия каби қатор давлатларда эса охирги ўн йилда яхши томонга ўзгаришлар бўлган. Ушбу юртларда ўртача қамров 65-75 фоизга етмоқда. Ушбу мамлакатларда ҳукумат томонидан эътибор яхшилангани, зарур таълим стандартлари янгилангани, педагоглар учун малака ошириш тизими тўғри  йўлга қўйилгани муваффақият омили бўлмоқда. Машғулотлар сифатини ошириш, мактабгача таълим бўйича  олий маълумотли педагогларни кўпайтириш навбатдаги вазифага айланган.

Сингапур, Филиппин, Ирландия, Белоруссия, Финляндия, Франция, Индонезия, Греция, Туркия, АҚШ ва Қозоғистонда қамров 90 фоиздан юқори. Мазкур давлатларда мактабгача таълим бошланғич таълим билан мустаҳкам ҳамкорлик ўрната олган. Педагоглар янги инновацияни самарали қўллаб келмоқда. Хусусан, ота-оналарни таълимга жалб қилиш, вақти-вақти билан уларга оила даврасида уй юмушларини бажариш чоғида ҳам қандай қилиб болага ўргатишни ташкил этиш борасида ўқувлар уюштирилади.

Мутахассисларнинг айтишича, агар таълимга ота-оналарни ҳам жалб қилишга эришилса, самара икки ҳисса ортади. Болаларнинг тарбиячиси ёнида ўз ота-оналарини кўриши, уларнинг ўзига ва педагогларга бўлган ишончини мустаҳкамлайди. Кичик гуруҳлардаги амалиётлар чоғида давлатлар бу борадаги яхши тажрибалари билан ўртоқлашди.

Муҳокамалар чоғида болалар шифокорлари хусусан, невролог олимларнинг тадқиқот натижалари ҳам ҳавола этилди. Жумладан, сўнгги йилларда болалар неврологияси бўйича 5600 дан ошиқ тадқиқот ўтказилган. Уларга кўра, инновацияларнинг, рақамлаштиришнинг ортиши оқибатида неврологик касалликлар билан хасталанганлар сони ҳам кўпайган. Тиббиётчилар техниканинг таълимни қизиқарли қилишини эътироф этган ҳолда, унинг таъсирида болалар бир жойда узоқ ўтириб қолиб, кўриш қобилияти ёмонлашаётгани, саломатлиги ва ривожланишга салбий таъсир кўрсатаётганини айтишган. Шу боис болаларни экранга кўп қарашга мажбур қиладиган вазифалардан воз кечиб, аксинча, ҳаракатланишга чорлайдиган  топшириқлар бериш керак экан.

Анжуманда ҳар бир бола бир кунда энг камида уч соат тоза ҳавода, табиат қўйнида вақт ўтказиши лозимлиги таъкидланди. Бу болаларнинг соғлом ўсиши ва ривожланиши учун муҳим.

Тадбирда “ўқув дастури”, “таълим сифати” каби атамалар кўп тилга олинди. Олимлар яхши ўқув дастури ва таълим сифатини таъминламасдан туриб натижага эришиш қийинлигини таъкидлашди. Бу борада технология имкониятлари, замонавий таълим иловалари ва платформалардан унумли фойдаланиш лозимлиги айтилиб, буни жорий этган давлатлар ўз тажрибалари ва уларнинг натижалари билан ўртоқлашди.

Конференцияда юртимиз бошқарув тизимидаги масъулларгина эмас, барча турдаги МТТ вакиллари иштирок этиб, ўзлари учун катта тажриба олишди. Дунё ҳамжамиятига эса халқаро анжуман  болалар масалалари устида дўппини бошдан олиб, яхшилаб ўйлаб кўриш, келажакда қилинажак ишларни режалаштириш имконини берди. Анжуманнинг иккинчи иш кунида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг конференцияга ташриф буюриши ва нутқ сўзлаши унинг мазкур масалада ҳамжамият билан фикрдош ва ҳаммаслак эканини яна бир бор исботлади.

Сўнгги иш кунида “Тошкент декларацияси” қабул қилинди. Унда 2030 йилгача бўлган даврда мактабгача таълимнинг халқаро кун тартиби белгиланди. Ҳужжат конференция доирасидаги маслаҳатлашув жараёнида тайёрланди. У имзолангандан сўнг БМТнинг олтита расмий тилига таржима қилинди ва ЮНЕСКОга аъзо давлатларга тарқатилди.

 Зебо НАМОЗОВА,

«ISHONCH»