Андижонда 2022 йилнинг 9 ойида маданият ва оммавий ахборот воситалари учун вилоят маҳаллий бюджетидан 31 миллиард 959 миллион 805 минг сўм маблағ сарфланган. Бироқ вилоят телерадиокомпанияси ҳамда маҳаллий ҳокимлик муассислигидаги нашрлар учун маблағ ажратилмаган.
Халқ депутатлари Андижон вилояти кенгашининг ҳудуд маҳаллий бюджетининг 2022 йил 9 ойлик ижроси тўғрисидаги ҳисоботига доир қарори 30 ноябрь куни Адлия вазирлигининг e-qaror.gov.uz ягона электрон тизимига жойлаштирилди. Ҳисоботга кўра, ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга сарф этилган маблағ миқдори 3 триллион 115 миллиард 603 миллион сўмни ташкил этган. Жумладан, маданият ва оммавий ахборот воситалари учун 31 миллиард 959 миллион 805 минг сўм йўналтирилгани қайд этилган. Бироқ ҳисоботда юқорида келтирилган харажатларнинг айнан қанчаси матбуот учун ажратилгани очиқланмаган.
Ishonch.uz мухбири матбуот нашрларидаги манбаларига таяниб, ушбу масалани ўрганди. Маълум бўлишича, йил бошидан буён вилоят телерадиокомпанияси, вилоят ҳокимлиги муассислигидаги газеталарга маҳаллий бюджетдан маблағ ажратилмаган.
Иқтисодий муаммолар сабаб аксар туман ҳокимликлари нашрлари ҳар ойда бир бор чоп этилаётган бўлса, вилоят ҳокимлигининг нашри — “Андижоннома” газетасининг шу кунга қадар бор-йўғи 61 та сони босмадан чиққан. Ҳолбуки, унинг даврийлигига амал қилинса, йил якунига қадар нашрнинг 104 та сони ўқувчиларга етиб бориши керак.
Вилоят ҳокимлигининг яна бир газетаси – “Андижанская правда” эса бир ярим йилдан буён чоп этилмаётир.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал ishonch.uz да «Олтин қалам» миллий мукофоти совриндори Ҳалим Сайиднинг “Президент қарори нега бажарилмаяпти?” сарлавҳали мақоласи чоп этилган, унда давлат раҳбарининг 2022 йил 11 майдаги “Халқ таълимини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида назарда тутилган — халқ таълими йўналишидаги босма нашрларни таълим муассасаларига етказиб беришни таъминлаш вазифалари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ижро этилмаётгани хусусида бонг урилганди.

