– Қишлоқ жойларда аҳолининг кўпчилиги чорвачилик билан шуғулланади. Аммо аксариятини яйлов муаммоси қийнайди. Бунга қандай ечим бор? Одамлар бу масалада кимга мурожаат қилиши лозим?
– Авваламбор, бундай вазиятда Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси ҳамда Яйлов хўжалигини ривожлантириш уюшмасининг ҳудудий бошқармалари ва уюшмаларига мурожаат этилади. Шу ҳудудда фаолият олиб бораётган қоракўлчилик кластерлари раҳбарлари билан биргаликда бошқарма ва уюшма мутахассислари жойларни ўрганишади. Шундан сўнг аҳолини кооперацияга бириктириб, уларга чорва моллари сонидан келиб чиққан ҳолда яйлов ер майдонлари ажратиб берилади. Бунда бевосита маҳалла раислари ҳам иштирок этади.
P.S: Президентимизнинг 2021 йил 8 июлдаги тегишли қарори билан яйловлар имкониятидан самарали фойдаланиш, яйлов чорвачилиги хўжаликлари фаолиятини мувофиқлаштириш, яйловлар ҳолатини яхшилаш ва асраш мақсадида Республика “Қоракўлчилик” уюшмаси негизида Яйлов хўжалигини ривожлантириш уюшмаси ташкил этилган эди.
Айни пайтда уюшманинг Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё вилоятларида ҳудудий уюшмалари мавжуд.
Акобирхон АББОСОВ,
Яйлов хўжалигини ривожлантириш уюшмаси яйловлар ҳолатини яхшилаш ва самарали фойдаланишни мониторинг қилиш бошқармаси бошлиғи
