САЛЛА ўрнига КАЛЛА олинишига сабабчи бўлманг!

164

Ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган хабарларнинг ҳаммаси ҳам ҳақиқат эмас. “Фейк” хабарлар “меваси” сифатида икки инсоннинг тақдири 180 даражага ўзгариб кетишига бир баҳя қолди.

Уч-тўрт кундан буён Самарқанд шаҳридаги 10-оилавий поликлиниканинг “золим” бош шифокори ҳақидаги хабар, аниқроғи, сурат ижтимоий тармоқларда роса айланяпти. Суратга ёзилган изоҳга кўра, бош шифокор қўл остидаги шифокор ва ҳамшираларни — 6 даражали совуқда ҳовлига чиқариб, жазолаган эмиш. Ол-а…
Аслида, суратда тиббиёт ходимларининг эрталабки бадантарбия машқларини бажараётгани акс этган ва буни пайқаш учун суратга лупада қараш шарт эмас! Нима бўлгандаям, бу “сурат” кўпчиликни бефарқ қолдирмади. Муҳокамалар роса авжига чиққан бир вақтда ижтимоий тармоқлар орқали Соғлиқни сақлаш вазирлигининг муносабати ва раддияси эълон қилинди. Вазирликнинг изоҳ беришича, тиббиёт ходимлари (кундалик одатга кўра) соғломлаштириш-гимнастика машғулотларини аввал ичкарида бажаришган, сўнг эса, ҳамширалар ҳовлига чиқиб, эсдалик учун қорда суратга тушишган. Бор гап шу!
“Балки шундай бўлгандир…” деган ўйни ҳазм қилишга улгурмасимиздан ижтимоий тармоқларда яна бир янгилик пайдо бўлди. Бу “хушхабар” поликлиника бош шифокори ва бош ҳамширанинг эгаллаб турган вазифаларидан озод этилгани ҳақида эди.
Қаранг-а, бир кунда нималар бўлиб кетмади… Воқеликнинг турлича, яъни бир-бирини инкор қилган ҳолда талқин қилиниши… Қизиқишимиз ортди.
Тушунмадик, вазирлик ҳаммаси “жойида” деб турса-ю, қуйи бўғиндаги раҳбар поликлиника бош шифокори ва бош ҳамширани ишдан “учириб” юборса?.. Қизиқ, жудаям қизиқ. Коса тагида қандай нимкоса бўлиши мумкин?

Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси раҳбари А.Бобожонов 2022 йил 9 декабрь куни шаҳар ҳокими Ғ.Умаровга №02-13/973 сонли хат йўллайди.

Унда тизимдаги тиббиёт ходимлари давлат раҳбари фармонига асосан соғлом турмуш тарзига амал қилиш мақсадида ҳар куни эрталаб гимнастика машқлари билан шуғулланиши баён қилинади. Шунингдек, хатда 10-оилавий поликлиникада ҳам кундалик одатга кўра, машқлар бажарилгани, бино ичкарисида шуғулланган ҳамширалар ташқарига чиқиб, қорда суратга тушишгани ва ушбу ҳолат бўйича жамоа билан мулоқот қилиниб, ҳамширалардан тушунтириш хатлари олингани “келтириб” ўтилади.
Таажжуб, эсдалик учун қорда суратга тушилса, бунинг нимаси ёмон? Бу “қилмиш” учун тушунтириш хати ёзиладими?..
Энг қизиғи, ҳалимлик билан ёзилган хатнинг охиридаги “оҳанг” умуман бошқача. Мана, ўзингиз ҳам ўқиб кўринг: “Ушбу ҳолат бўйича умумий назоратни сусайтирганлиги учун 10-сонли оилавий поликлиникаси бош врачи вазифасини бажарувчи Толибова Зулхумор Исмоиловна ва бош ҳамшира Ганиева Нафиса Йўлчиевналар эгаллаб турган вазифасидан озод қилинди…” Имзо ва муҳр.
Шаҳар ҳокимига ҳозиржавоблик билан битилган бу хатга бош шифокор Зулхумор Толибованинг ўз аризасига кўра ишдан бўшатилганлиги тўғрисидаги Самарқанд шаҳар ШТБ раҳбарининг 2022 йил 9 декабрдаги

№1554-7-107 сонли буйруғи илова қилинади. Мана “фейк” хабарнинг кучи, мана “фейк”ка муносабат, мана ёлғонга бадал…
Айтганча, биз бош ҳамширанинг исми-шарифи Нафиса Ганиева эмас, Нафиса Каримова эканини аниқладик. Масъулларнинг масъулиятига “қойил”!
Самарқанд шаҳридаги бир кунда маълуму-машҳур бўлиб кетган ўша поликлиникага борганимизда, “ишдан бўшатилганлар” — бош шифокор вазифасини бажарувчи Зулхумор Толибова ҳамда бош ҳамшира Нафиса Каримовани ўз ўринларида кўриб, очиғи, ҳайрон бўлдик.
— Жамоамиз иш бошланишидан олдин ҳар куни жисмоний тарбия билан шуғулланади, — дейди Зулхумор Толибова. — Машғулотлар учун поликлиникамизда иккита зал бор.
Тўғриси, ўша куни бир юмуш билан банд бўлиб, ишга кечроқ келгандим. Биласизми, ижтимоий тармоқларда тарқалган “бош шифокор ҳамшираларни мажбурлаб, — 6 даража совуқда машқ қилдирди” деган ёлғон хабардан жуда қийналдим. Гўёки, бошимга гурзи билан ургандек бўлишди. Ўшандан бери ҳаловат йўқ. Поликлиника арининг уясига айланди. Тўғриси, бу “суриштирув”лардан ҳамма безди.
— Сизни ишдан бўшатишганди-ку?..
— Бу хабарни менга яқинларим етказишди. Ҳайрон қолдим, эзилдим. Мен ариза ҳам ёзмаганман, менга ишдан бўшатилганим ҳақидаги буйруқни ҳам беришмаган.
Шунақа…
Яна бир “ишдан ҳайдалган” ходим, яъни бош ҳамшира Нафиса Каримовага ҳам юзландик.
— Ўша куни жисмоний машқлардан сўнг қизлар ташқарида суратга тушайлик, дейишди. Ҳовлида суратга тушдик. Кейин суратларни жамоа аъзолари учун юритиладиган “Ҳамширалар” телеграм гуруҳига жойладик. Кейин кимдир… уёғи ўзларингизга маълум.
Биз билан суҳбатда ҳамширалар Наргиза Жуманова ва Насиба Жабборова ҳам юқоридагига ўхшаш жавоб беришди. Бу поликлиникада 72 нафар ҳамшира хизмат қиларкан. Уларнинг барчасини ишдан қолдириб, касалларни куттириб, “тергов” қилиб ўтирмадик.
Поликлиникага келганимизда “свет” ўчди. Бу ерда то тушликкагача бўлсак-да, чироқ ёнмади. Хоналар совиб кетганди. Ходимлар қишки кийимларига ўраниб юришибди. Тўғриси, бундай шароитда бадантарбия машқини ташқарида бажардинг нима-ю, ичкарида бажардинг нима, фарқи йўқ. Икки 15 — бир 30.
Зулхумор Толибованинг айтишича, у ҳар куни шаҳар электр тармоқлари корхонасига “свет” сўраб, беш-ўн маротаба қўнғироқ қилар, аммо натижа бўлмаётган экан. Тўғриси, ҳудуддаги 32 минг нафардан ортиқ аҳолига тиббий хизмат кўрсатувчи бу поликлиникадаги аҳволни кўриб, шифокор ва ҳамшираларга ҳам, тиббий хизматга муҳтож бўлиб келганларга ҳам ачиндик. Одамлар совуқдан “безишган”.
Шу биргина поликлиника миқёсида эътибор қаратиш ва кўтариш керак бўлган энг катта муаммо аслида шу эмасми?! Биз нима қиляпмиз? Биз инсон қадрини унутиб, майда-чуйда “фейк”ларга ўралишиб, “ур-калтак” қилиб юрибмиз.
Биз Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмасида ҳам бўлдик. Ва албатта, ШТБ раҳбари имзолаган 10-сонли оилавий поликлиника бош шифокори ва ҳамширасини ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруқ билан қизиқдик. Бу мавзуда гапиришни ҳам, эшитишни ҳам истамаган раҳбариятдан буйруқ юридик хизматлар томонидан рад этилганини билдик, холос.
Ўйлаб қоласан, киши. Инсон қадр-қиммати ва ходимнинг раҳбарият олдидаги мавқеи шунчалар арзонми? Нега энди Самарқанд ШТБ раҳбарияти “поликлиникада ҳамма ишлар жойида” деб, икки ходимга “ҳайдалиш куйини чалдирмоқчи” бўлди. Агар юридик хизмат буйруқни тасдиқлаб юборганида нима бўларди?
Эҳ, одамлар…
Бир умр халқ саломатлиги йўлида хизмат қилиб келаётган ходимларнинг юзини қора қилишдан ким манфаатдор? “Лайк”, “сенсация” учун “фейк” хабар тарқатиб, одамларни руҳий азобда қолдириш инсофданми? Айниқса, салла сўралганда, каллани олиб келадиганлар кўпайганда…
Биз асло иккала тиббиёт ходимининг ёнини олмоқчи эмасмиз. Балки улар хатоликка йўл қўйишгандир. Асл ҳолатни яшириб, уни бошқача талқин қилдилар ҳам дейлик. Бу — уларнинг виждонига ҳавола.
Аммо совуқда, иссиқлик “етишмайдиган” ишхонада кун бўйи жунжикиб ўтириш ҳаммасидан ошиб тушмаяптими?
Мана, масала қаерда…
Хуллас, ўхшамабди…

Алижон Абдураҳмонов,
Нурилла Шамсиев,
“Ishonch”