Бугун қишлоқ жойларда малакали шифокорларни топиш осон эмас. Пештоқига Каттақўрғон туман “Чағатой” ОШП деган ёрлиқ илинган масканда бўлгач, бунинг асосий сабабларидан бирини англагандек бўлдик.

Кўримсиз, ташландиқ бинода “Тез тиббий ёрдам” шохобчаси жойлашган экан. Ҳувиллаган бинодаги 10-12 нафар хотин-қиз ўтирган хонага бош суқдик. Совуқ, чироқ йўқ. Қалин уст кийимларини ҳам ечмай, аллақандай қоғозларни қоралашаётган бу муштипарлар патронаж хизмати ҳамширалари экан.
-Бу ерда бирров бўлиб, кейин ўзимизга бириктирилган аҳоли ҳудудларига кетамиз, — дейди улардан бири. — Бинони иситишнинг имкони йўқ. Ток бўлганида, электр иситкичдан фойдаланамиз.
Шарт-шароит билан қизиқишимиз тиббиёт ходимларига унчалик хуш келмади, чоғи, “биз бу ерлик эмасмиз” дегандек бирин-кетин хонадан чиқиб кетишди.
Ҳудудга бириктирилган шифокор Шаҳбоз Каримов билан боғландик. У бир юмуш билан юрганини айтиб, кўриб турган шароитимиздан бошқасини кўрсата олмаслигини айтди. “Тез тиббий ёрдам” бўлимида хизмат қилаётган фельдшер ва ҳайдовчи ҳам мулоқотдан ўзини олиб қочди. Бир пайтлар бинони иситиш учун замонавий иситиш қозонлари ўрнатилган. Бироқ ҳозирда улар очиқ ҳавода занглаб ётибди.

Кейинги манзилимиз чекка “Болтабек” МФЙ ҳудудидадаги ПАП бўлди. Бу ерлик аҳолига хизмат кўрсатаётган патронаж хизмати ҳамширалари ўз участкаларига кетишган экан. Ҳудуд аҳлига хизмат қилаётган “Тез тиббий ёрдам” бригадаси аъзолари билан мулоқот қилдик. Улар икки киши. Бир нафар фельдшер ва ҳайдовчи, сменали иш.
Хароба бино тиббиёт муассасасига ўхшамайди. “Тез тиббий ёрдам” бўлими туну кун ишлагани боис ходимларнинг ўзлари қўлбола шароит яратиб олишган. Хона ўртасига катта печ ўрнатилиб, атрофига учта каровот қўйилган. Норғул ҳайдовчи бир дунё ёғочни майдалаб, печ ёнига тахлаб қўйибди. Унинг бошқа чораси ҳам йўқ, ахир қишнинг қаҳратон совуғида жон сақлаш керак-ку?

Ҳар тугул, бу масканга газ бўлмагани туфайли 11 тонна кўмир ажратилган экан. “Ўзинг учун ўл етим” деганларидек, ҳайдовчилар “тиббий хизмат” машиналарига целлофандан қўлбола “гараж” ҳам қуриб олишган. 13 минг аҳолига хизмат кўрсатиб келаётган “Тез ёрдам хизмати”нинг ўзи ёрдамга муҳтож. Бу ерда оддий ичимлик сувини топиш ҳам амри маҳол экан.
-Жалойир қишлоғидан сув олиб келамиз, — дейди ҳайдовчи Азизбек Жабборов. — Ўн кундирки, бу қишлоқда ҳам сув йўқ. Аҳоли зовурдан сув ичяпти. Ёрилган қувурни таъмирлайдиган масъулнинг ўзи йўқ.
Бу икки тиббиёт маскани нега ташландиқ ҳолатга келиб қолганига туман ТТБсида аниқлик киритдик. 2017 йил тизимдаги ислоҳотлар боис ҳар иккала муассаса фаолияти тугатилиб, туман марказий поликлиникасига қўшиб юборилган, шу боис бу масканларни қишга тайёрлаш, таъмирлашга маблағ ажратилмаган экан.
Қизиғи, тугаб кетган “Чағатой” ОШПда ҳалигача 13 нафар патронаж ҳамшираси, битта шифокор, “Тез тиббий ёрдам” бўлими фаолият кўрсатиб келмоқда. Салкам ўн уч минг аҳоли истиқомат қилаётган катта ҳудуд аҳли эса тиббиётдаги “ислоҳотлар”дан азият чекмоқда.
Энди тасаввур қилиб кўринг. Чақалоқни эмлатиш учун она қайси тиббиёт муассасасига борсин? Собиқ ОШПда одамлар ишлаётган бўлса-да, хароб аҳволда. Муассаса сифатида ҳатто рўйхатда ҳам йўқ. 10-15 чақирим олисдаги марказий поликлиникага бориб-келиш эса осон эмас. Болтабек маҳалласида ҳам худди шу аҳвол. Бу ерда меҳнат қилаётган ҳамширалар қўлбола печ ўрнатиб, ҳудуд болаларини шу ерда эмлашни ташкил қилишаётганини айтишди…
“Иссиқ жон иситмасиз бўлмас”, дейишади. Муолажанинг энг оддий тури учун ҳам Пайшанба шаҳри қайдасан деб йўлга чиқаётган аҳолининг сабрига тўзим берсин.
Бу ўринда қишлоқлардаги тиббиёт муассасаларига малакали шифокорлар келмаяпти, дея ўпка-гина қилиш ортиқча!
Нурилла Шамсиев
“Ишонч”
