Хоразмда 35 миллион сўмдан ортиқ пиротехника воситалари савдосига чек қўйилди

58

Хоразм вилояти божхона бошқармаси контарбандага қарши курашиш бўлими ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорликда пиротехника воситалари савдосининг олдини олиш мақсадида  тезкор тадбирлар ўтказмоқда.

Хусусан, тезкор тадбирда питнаклик И.С. га тегишли 1 дона қора рангли сумка холислар иштирокида кўздан кечирилди. Унинг зарур ҳужжатлари бўлмаган, хорижда ишлаб чиқарилган қиймати 6 110 000 сўмлик 139 қути, жами 7645 дона пиротехника воситасини сотиш учун олиб юрганлиги аниқланди.

Хива шаҳри “Хива-Қўшкўпир” йўлида фуқаро С.С. “шартли” харидорга 150 қутида жами 8250 дона “Британик” ёзувли ҳамда 2 дона “7 Shots” ёзувли салют пиротехника буюмини сотаётган вақтида тўхтатилган. Унга тегишли “Нексия” русумли автотранспорт воситаси холислар ва хизмат ити ёрдамида кўздан кечирилганда, юкхонасида 150 қутида жами 8250 дона “Британик” ёзувли ҳамда 1 дона “7 Shots” ёзувли салют пиротехника буюми борлиги аниқланган. Ўтказилган тезкор тадбир натижасида фуқаро С.С.дан қиймати 14 100 000 сўмлик пиротехника буюмлари далилий ашё сифатида олиб қўйилган.

– Республикамиз божхоначилари  томонидан жорий йилнинг 14 декабрига қадар аниқланган 115 та божхона қонунбузилиши ҳолатида қиймати салкам 5,9 млрд. сўмни ташкил қилувчи 7 млн. 110 минг донадан зиёд пиротехника воситаси ноқонуний муомаладан олиб қўйилган. Вилоят божхоначилари томонидан  Урганч, Питнак ва Хива шаҳарларида ўтказилган тезкор тадбир натижасида бугунги кунга қадар 5 та ҳолатда умумий қиймати 35 млн. 511 минг сўмлик 48 348 дона (ўтган йили эса бу кўрсаткич 20 та ҳолатда умумий қиймати 78 млн. 920 минг сўмлик 110 285 дона) пиротехника воситасининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди, – дейди Хоразм вилояти божхона бошқармасининг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар гуруҳи бош инспектори Нурмуҳаммад Давлетов. – Тўғри, ўтган йилга нисбатан солиштирилганда, бу йил пиротехника воситаларини ноқонуний олиб ўтишга уринишлар 48 тага камайган. Лекин бу ҳолатларда ушлаб қолинган пиротехника воситалари миқдори 55 фоизга ошган. Демак, муаммо бор! Рақамларга эътибор беринг, божхоначилар бу йил ушлаб қолган пиротехника воситаларининг умумий қиймати салкам 5.9 млрд. сўмни ташкил қиляпти. Бу тахминан 5,2 млн. АҚШ доллари дегани. Демак, шунча миқдордаги валюта ҳавога совурилди, дегани.

Дарҳақиқат, бу ҳазилкам маблағ эмас. Ушбу пулга мактаб, боғча қуриш, минглаб беморларга шифо улашиш мумкин.

– Айрим пиротехника воситалари, салютларнинг нархи 1-2 миллион, ҳаттоки 500 долларгача баҳоланади. Бу салютлар нари борса 10 минут отилади. Аниқ биламан, эртасигаёқ мана шу салютлар завқи одамларнинг эсидан чиқиб кетади, – дейди Нурмуҳаммад Давлетов. – Лекин шу маблағга яқинларингизга совға-салом олинса ёки ён-атрофимиздаги эътиборга муҳтож қўни-қўшниларни йўқлаб борсангиз, бунинг завқи унутилмайди.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА
ISHONCH.UZ