Биринчи воқеа. Болалигимда нимадир бўлди-ю отам буюрган ишни бажармай, футбол ўйнагани кетиб қолдим. Кечқурун уйга келишим биланоқ отам мени ёнига чақириб, «Иккинчи бунақа ўзбошимчалик қилма.
Катталарнинг айтганини қилишга ўрган. Улар сени ҳеч қачон ёмон йўлга бошламайди», деди. Шу-шу, мен ҳамиша ўзимдан катталарнинг, айниқса, оқсоқолларнинг айтганларини сўзсиз бажаришга ўргандим.
Иккинчи воқеа. Касбим тақозосига кўра, яқинда олис туманда бир раҳбарнинг кўчма қабулида бўлдим. Бу ерга йиғилганларнинг аксарияти ўзига яраша муаммо билан келган, лекин ораларида ўша маҳаллий амалдорнинг оила аъзолари ёки бирорта яқин қариндоши йўқ эди. Худди шундай ҳолатга яна 3-4 та тадбир жараёнида гувоҳ бўлдим.
Учинчи воқеа. Бундан 2-3 йил олдин халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига ўтказилган сайловлар арафасида фуқаролар ва номзодлар билан учрашиб, суҳбатлашишимга тўғри келди. Шунда бир киши мендан «Бир партия ҳисобида турган мансабдор бошқа партияга раҳбарликка ўтиб кетаверадими?» деб сўраб қолди. Мен «Бу мумкин бўлмаса керак», дедим. У эса яқинда вилоят партия кенгашларидан бирида шундай бўлганини айтди ва ортидан «Катталарга ҳамма нарса мумкин бўлса керак-да?» дея истеҳзоли кулимсираб қўйди.
Катталар ҳамиша ҳақ… ми?
Энди юқоридаги воқеаларни бир мулоҳаза қилиб кўрайлик. Оилада болаларни ёшлигиданоқ катталар гапига киришга, уларнинг маслаҳатига қулоқ солишга ўргатиш халқимизга хос миллий қадриятлардан саналади. Аммо собиқ шўролар мафкураси бу гўзал анъанани сал бошқачароқ талқин қилиб, қулоқларимизга қуйди: «Катталарнинг айтгани – қонун. Уни бажариш шарт! Катталар ҳамиша ҳақ, уларнинг ишига аралашма» ва ҳоказолар.
Шубҳасиз, ўша давр «катта»лари партия ва совет ташкилотларининг савлатидан от ҳуркадиган қориндор раҳбарлари эди. Улар чиройли, оқ «Волга»ларда юрар, қаерга борсалар, иззат-икром билан қарши олинарди.
Бундай одамларнинг давраси, яшаш тарзи ҳам мутлақо бошқача, ўзига хос дунёси баланд деворлар билан ўраб олингандек эди. Уларнинг бўй етган ўғиллари ҳам бирорта катта лавозимли мансабдорнинг қизини «севиб» қолар, икки «катта» бир-бири билан қуда-анда тутинар, тўй-маъракалари ҳам ўзларига ўхшаш кишилар иштирокида ўтарди.
Хўш, эндиликда-чи?.. Бугун замон ҳам, одамларнинг дунёқараши ҳам ўзгарди. Аммо «катта»лар деярли ўзгармади. Акс ҳолда, айтинг-чи, минглаб одамлар қатнашадиган кўчма қабулларда нега бирорта амалдорнинг қариндоши кўринмайди? Нима, уларнинг муаммоси йўқми? Ёки бор бўлсаям, дардларини ичига ютиб жимгина яшаяптими?
Йўқ, ундай эмас. Чунки уларда, аввало, элга дастурхон қиладиган даражада муаммонинг ўзи бўлмайди. Бори ҳам телефон орқали айтилган бир оғиз гап билан ҳал этилади. Назаримда, уларнинг ҳаёти ҳозир ҳам кўз илғамас девор билан ўраб олингандек. Шунданми, бирорта маҳаллий раҳбар, ҳоким, ўринбосарлари, прокурор, ички ишлар, солиқ инспекцияси бошлиғининг оила аъзолари, ака-укалари рўзғорини тебратиш учун меҳнат ярмаркасига иш излаб чиқишмайди. Бошлиғининг ноқонуний буйруғини бажармагани учун ишдан олинмайди.
Хуллас, буёғи – қариндош-уруғчилик. Бу ерда мен эл дардида юрган юртпарвар раҳбарларни назарда тутаётганим йўқ.
Йиқиладиган жойларига ёстиқ ташлаб қўйишади
Дарвоқе, маҳаллий амалдорларнинг аксарияти йиқиладиган жойига юмшоқ ёстиқ ташлаб қўйишни ҳам унутишмайди. Ишонмасангиз, хоҳлаган мансабдорнинг мол-мулкини бир суриштириб кўринг. Гектар-гектарлаб интенсив боғ ёки қўша-қўша дўконлар дейсизми, хусусий корхона ёки ёнилғи қуйиш шохобчаси дейсизми – ҳаммаси бор. Оддий одамлар бу ишни қила оладими? Йўқ! Чунки атрофидаги «наҳанг»лар уларни бир зумда еб қўйишади.
Амалдорлар бу объектларни ҳар эҳтимолга қарши бирор узоқроқ қариндоши номига расмийлаштириб қўяди. Сабаби, одамлар назаридан ҳайиқишади. Бир кун лавозимидан қуласа, ўша юмшоқ пар ёстиқлар устига тушади.
Яқинда шундай собиқ «катта»лардан бири билан суҳбатлашиб қолдим. Унинг айтишича, ҳозир «атиги» 2 та хусусий дўкони, ошхонаси, 2 та газ қуйиш шохобчаси, 10 гектар интенсив боғи, битта кичик бозорчаси бор экан. Шуларни «юргизиб» тураркан. Бундан ташқари, контракт асосида ўқиб, диплом олган 5 нафар фарзандининг барчаси турли лавозимларда ишларкан. «Қарийб 25 йил раҳбарликда ишлаб орттирганларим бор-йўғи шулар, холос», деди суҳбатдошим. Мен «Ҳали булар озми?» деб ажаблангандим, у «Ие, қаерда юрибсиз, ука?.. Менга ўхшаган бошқа «собиқ»ларнинг яшашига бир разм солинг», деди.
Таажжуб, ўша мулозимлар шунча мол-мулкни қаердан олишди? Ҳойнаҳой, улар бу корхона-ю заправкаларни «арзимагангина» ойлик маошлари ҳисобидан бунёд этишмаган ёки сотиб олишмагандир.
Коррупцияга қарши кураш агентлиги маълумотларига қараганда, сўнгги икки йил мобайнида мамлакат миқёсида пора билан қўлга тушганларнинг катта қисмини айнан мансабдорлар ташкил қиларкан.
Халқдан узоқлашган халқ вакиллари
Булар-ку, от «устида»ги амалдорлар дейлик. Лекин ўз сайловчиларига қоп-қоп ваъдалар бериб сайланган депутатлар-чи, улар нима қилишяпти? Қишлоқлар аҳолисини қийнаб келаётган электр токи, табиий газ, суюлтирилган газ, ичимлик сув таъминоти, йиллар оша ямалавериб мутлақо яроқсиз ҳолга келиб қолган йўллар муаммоси нимага бу жанобларни заррача ташвишга солмайди?
Мен қишлоқ туманидан парламентга сайланган бир депутатга округидаги муаммоларни айтавериб, у ваъдалар беравериб, иккаламиз ҳам чарчаб кетдик. Охири бу вакил қўнғироқларимга жавоб ҳам бермай қўйди. Яхшиямки, матбуот, газета бор экан. Марказий нашрлардан бирида иккита танқидий мақола чиқарганимдан кейин муаммоларнинг айримлари ижобий ечим топди.
Тўғри, депутатнинг қўлида маблағи йўқ, аммо халқ берган ваколати бор! Бу демак, мутасадди ташкилотлар раҳбарларига сўров юбориб, улардан талаб қилиши мумкин. Амалда нималар бўлаяпти? Сайлов ўтгандан сўнг қайси депутат ўз сайловчилари билан мунтазам учрашаяпти, одамлар ҳол-аҳволини сўраяпти? Ёки улардан бирортаси ишсиз одамларни ишга жойлаб қўяяпти?..
Мен ўзимча хомхаёл қиламан: агар 10 нафар депутат 10 нафардан кишини ишга жойласа, 10 тадан муаммони ҳал қилиб берса, олам гулистон бўлиб кетарди. Агар халқ вакилларининг ҳаммаси ҳам фаол бўлганида эди, кўчма қабулларга минглаб одамлар келмас эди.
Бу гапларим учун уззукун халқ дарди ва ташвиши билан яшаётган фидойи депутатлар мени кечирадилар, деган умиддаман.
Шахсий масала асосий ўринда
Депутатлик мандатини олганларнинг айримлари, энг аввало, яна ўша иш – фарзандлари ва яқинларини ўқиш ёки «яхши жой»га ишга жойлаштириш билан шуғулланаётганлари ҳам сир эмас.
Бир куни туман миқёсидаги раҳбар билан суҳбатлашиб тургандим, юқорига сайланган депутатлардан бири қўнғироқ қилиб қолди. Қисқа салом-аликдан сўнг ноиб асл муддаога кўчди: «Хуллас, бизнинг жиянни ўша жойга тез орада қўя оласизми ёки бошқа иш топайликми?».
Суҳбатдошим менга бу бир ташкилот бошлиғининг ўринбосари лавозими эканлигини айтди. Кейин «Жонга тегди шу депутат. Кунда-кунора қўнғироқ қилади. Нима, менинг бошқа қиладиган ишим йўқми?» деб анча асабийлашди.
Янги ўқув йили арафасида қишлоқ туманларидан биридаги мактаб директори ишдан бўшатилди. Ёши 60 дан ошган бу аёл ўқитувчиларга бериладиган устама ва мукофотларни шахсий манфаати йўлида сарфлашдан ташқари, туман ҳокимлиги томонидан аълочи ўқувчиларга ажратилган стипендияга ҳам кўз тикибди. Буни қарангки, аъло ўқиши ва намунали хулқи учун 200 минг сўм миқдорда стипендия олган юқори синф ўқувчисини «Олган пулингнинг ярмини менга олиб келиб бер», деб дарсдан чиқариб юборишгача етибди.
Улар оддий машинада юрмайдилар
Баъзан мабуот саҳифаларида «Фалончи фалончиевич одамлар билан бирга фалон жойгача пиёда юрибди» ёки «Фалон қишлоқдаги ночор мактабга борибди» деган мазмундаги хабарларга кўзимиз тушади. Ўзига қўйиб берсангиз, бу хабарни тайёрлаган мухбир шу оддийгина ишни «халқпарварлик» тимсолига айлантириб, раҳбарни пайғамбар даражасига чиқариб қўяди. Чунки мухбир бечора ўша мулозимни ҳар доим қоп-қора «Жип»да юришига ва чиройли биноларгагина киришига кўникиб қолган. Аслида эса бу ерда ҳеч қандай «халқпарварлик» йўқ. Мулозим ўз саломатлиги учун қайғураяпти ва ўз вазифасини бажараяпти, тамом-вассалом!
Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Бизнинг амалдорлар ёнилғини тежайдиган ихчам «Нексия», «Кобальт», «Жентра» автомобиллари ўрнига негадир қимматбаҳо, ёнилғи кўп сарфланадиган хорижий «Жип»да юришни хуш кўришади. Ёки сиз бирор маротаба «Матиз» ёки «Спарк» минган амалдорни кўрганмисиз? Энг қизиғи, мансабдорларнинг хизмат автомашинасига газ баллони ўрнатиш мумкин эмас экан. Чунки у газдан заҳарланиши ёки газ баллони портлаб, унинг ҳаёти хавф остида қолиши эҳтимолдан холи эмас эмиш…
Беихтиёр ажабланасан киши, нима, хусусий автомобилларга ўрнатилган газ баллонлари турли нохуш ҳодисаларга сабабчи бўлиши, оддий фуқароларга зарар етказиши мумкинлиги негадир масъулларни унчалик хавотирга солмайди.
Ҳатто автомашиналари ҳам алоҳида сақланади
Ҳа, шундай, амалдорларнинг автоуловлари аҳолиникидан ажратилган ҳолда сақланади. Масалан, исталган маҳаллий ҳокимлик ва ҳуқуқ-тартибот идоралари мулозимларининг хизмат машиналари атрофи баланд қора панжара ёки девор билан ўралган бинолар ҳовлисида ёки шу иморатлар олдидаги майдончаларда туради. Мабодо, оддий одам у ерга хусусий автомобилини қўймоқчи бўлса, қўриқчилар қаршилигига дуч келади.
Албатта, амалдору ноиблар орасида қимматбаҳо хизмат машинасидан фойдаланиш масаласида виждонлилари ҳам бор. Масалан, кескин ва дадил чиқишлари билан ижтимоий тармоқлар қаҳрамонига айланган депутат Расул Кушербаев ўзига ажратилган «Малибу»дан фойдаланмай, кўпроқ пиёда юрар экан. Афсуски, бундай фидойи халқ вакиллари озчиликни ташкил этади.
Улар ҳақида қачон гапириш мумкин?
Бир маъракада туманнинг марҳум раҳбари эсга олинди. Иштирокчилардан бири унинг одамлар норозилигига сабаб бўлган айрим ножўя ишлари тўғрисида ҳам гапирди. Шунда кимдир танбеҳ берди: «Марҳумлар ҳақида ёмон гапириб бўлмайди. Нима эътирозингиз бўлса, тириклигида ўзига айтишингиз керак эди».
Бояги киши ҳам бўш келмади. «Тирик чоғида ўзингиз ҳам у кишига шу гапларни айтармидингиз? Айтолмасдингиз… Энди бир саволимга жавоб беринг-чи, тириклигида айтолмасак, ўлганидан сўнг гапириш мумкин бўлмаса, бунақа раҳбарлар ҳақида қачон, қаерда бор ҳақиқатни ошкор қиламиз?».
Афсуски, бу савол жавобсиз қолди. Ҳамма бошини эгиб жим ўтирар, аксарияти мана шу аччиқ ҳақиқатга жавоб изларди…
Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, биз қайси парда ортига яширинмайлик, аввало, Аллоҳ, қолаверса, одамлар ким қандай яшаётганини кўриб-билиб турибди. Фақат халқимиз жуда андишали ва назаркарда. Ҳар қандай қийинчиликка дош бера олади, бироқ адолатсизликка чидай олмайди. Қолаверса, бу халқ ҳар кимга, айниқса, «катта»ларга бир кунмас-бир кун ўзининг холис баҳосини беради.
Мақолага нуқта қўймоқчи бўлиб турганимда, машҳур ҳофиз ижро этган қўшиқ сатрлари беихтиёр ёдимга тушди: «Яхшидур аччиқ ҳақиқат, лек ширин ёлғон ёмон…».
Ёр МУҲАММАД



