Аброр Умар, (Аbrar Оmar) соҳибқирон Амир Темур шажараси давомчиси, Ҳиндистонда Бобурийлар салтанатига асос солган Заҳириддин Муҳаммад Бобур авлоди:
– Ўзбекистон мен учун жуда қадрли диёр. Бу ерга илк бор 1995 йилда келганман. Ўшанда Ўзбекистон ҳукумати олий ўқув юртида таҳсил олишим учун таклиф қилганди. Шундан сўнг Абу Райҳон ал-Беруний номидаги Тошкент давлат техника университетида таҳсил олиб, муҳандис дипломига эга бўлганман.
Ўзбекистон ҳукуматининг “Зиёрат сайёҳлик анжумани”ни уюштиришдек саховатли ва савобли ишга қўл урганидан чексиз миннатдорман. Умид қиламанки, бу режа икки халқ ўртасида мустаҳкам ришта пайдо қилади. Илоҳим, шундай бўлсин!
Мени ўзларингизга яқин билиб, ҳурмат кўрсатиб, шу ишга ўз ҳиссамни қўшишимга имкон бераётганингиздан, аввало, Яратганга шукроналар ва Ўзбекистон республикаси президенти Шавкат Мирзиёевга раҳматлар айтаман. Ўзбекистон шундай муқаддас, хушбўй заминки, у юртдан не-не буюк зотлар чиққан. Айниқса, Имом Бухорий ҳазратларига меҳрим чексиз.
Ўйлайманки, “Зиёрат туризми” келажак авлодга йўл кўрсатувчи нур бўлади. Бугунги кун ёшлари бир-бирлари ҳақида кўпроқ билишни, ўрганишни исташади. Агар юртимиз ёшлари Ўзбекистонга саёҳат қилсаларгина у юртнинг қандай юрт эканликларини билишади. Ўзбекистондаги архитектура ёдгорликларининг ўзигина бу ўлканинг қанчалар маданияти бойлигини кўрсатади. Юрт аҳлининг қанчалар бой тарихга эга эканидан, қанчалар узоқни кўзлаб иш олиб бораётганидан хабардор бўлишади. Бу борада ташкилий қўмитанинг режалари ва меҳнатларини юксак баҳолайман ва муваффақият тилайман!
Мен ҳам қўлимдан келганича “зиёрат сайёҳлик” режаларини рўёбга чиқаришда иштирок этаман. Илоҳим, Ўзбекистон дунёда ўз ўрнини тобора мустаҳкамласин, дунё мамлакатларидан Ўзбекистонни зиёрат қилиш учун сайёҳлар келсин. Ҳиндистон ва Ўзбекистон халқлари ўртасидаги қадимий ришталар янгича кўринишда янада равнақ топсин. Мен бу борада тинмай меҳнат қиламан.
Қувончимнинг чеки йўқ, Ўзбекистон ҳукумати мени бу ўлкага таклиф этди. Сафарим келажакда ўз натижасини кўрсатишига умид қиламан. Ўзбекистоннинг муқаддас заминига яна қадам қўйганимдан, бобокалоним Мирзо Бобур соғиниб ўтган диёрни кўриб турганимдан бағоят шодман.
Ҳиндий тилидан Аҳмаджон Қосимов таржимаси.
Гулзебо Иброҳимова таҳрири остида тайёрланди.



