1-январдан нималар ўзгаради?

99

2023-йил 1-январдан Ўзбекистон қонунчилигида айрим ўзгаришлар рўй беради. Қуйида уларнинг электрон хизматларга боғлиқ қисмларини эслатиб ўтамиз.

Тадбиркорларни текшириши тартиби ўзгармоқда

Назорат қилувчи органларга “Ягона давлат назорати” ахборот тизимидаги давлат назорати функциялари реестрига киритилмаган функциялар бўйича тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказиш тақиқланмоқда.

Статистика ҳисоботларининг янги шакллари кучга кирмоқда, айримлари ўз кучини йўқотмоқда

2023-йил учун 100 дан зиёд статистика ҳисоботи шакллари кучга кирмоқда.
Статистика ҳисоботининг 9 та шакли ва бухгалтерия ҳисоби субъектлари томонидан молиявий ҳисоботларни солиқ ва статистика органларига ҳар чоракда тақдим этиш талаби бекор қилинмоқда.

Пенсия ҳисоблаш тартиби ўзгармоқда

Ёшга доир, ногиронлик ҳамда боқувчисини йўқотганлик пенсияларини ҳисоблаб чиқариш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг энг кўп миқдорини пенсияни ҳисоблаш базавий микдорининг ўн баробаридан ўн икки баробаригача ошириш кўзда тутилмоқда.

Aдвокатлик лицензияси онлайн расмийлаштирилади

Лицензия олиш учун аризалар “Лицензия” AТ ёки ЯИДХП орқали юборилади. Aризалар ҳар куни, дам олиш куни ва байрам кунларидан қатъи назар, юборилиши мумкин.

Ипотека кредитлари учун субсидия олган шахслар ЖШДСдан озод этилади

Дастлабки бадалнинг ва ипотека кредити бўйича фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидия берилган фуқароларнинг олинган ипотека кредитларини ҳамда улар бўйича ҳисобланган фоизларни тўлаш учун йўналтирилган иш ҳақи ва бошқа даромадлари ЖШДСга тортилмайди. Ушбу имтиёз қарз олувчи ва бирга қарз олувчилар даромадининг бир солиқ даврида меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 80 бараваридан ошмаган қисмига татбиқ этилади.

“E-patrul” тизими жорий этилади

Босқичма-босқич “E-patrul” тизими жорий этилиб, фуқаронинг шахсини аниқлаш учун ички ишлар бўлимига олиб бориш амалиётидан воз кечилади. Барча маълумотлар онлайн текширилади, патруль ходимларининг фаолияти эса бодикамера орқали қайд этилади.