Гап асли муаллимларда…

94

2023 йилнинг илк кунлари ижтимоий тармоқларда «Физика ва кимё фанини мактаб­ларда чуқур ўргатиш шарт эмас» деган мазмундаги чиқиш муҳокамалар марказига кўчди. Бу чиқишни кескин қоралаб, оёқ тепки қилганлар ҳам, суяганлар ҳам етарли бўлди. Келинг, яхшиси, бошдан дўппини олиб, масалани ётиғи билан таҳлил қилишга ҳаракат қилиб кўрайлик-чи…

Масала нимада ўзи?

Биз мактаб ва мактаб таълимини яхшилашни мақсад қиляпмиз. Тўғриси, сўнгги йилларда шу ниятда Президентимиз чакана ишлар қилмади. Соҳага хориж кўрган янги раҳбар қўйиб кўрди, турли янгиликларни жорий этди, маошларга ҳам оз маблағ ажратилмади.
Аммо нега кутилган натижага эришилмаяпти? Аксариятимиз бугун болаларга берилаётган билимдан умуман қониқмаяпмиз. Хўш, сабаблар нимада? Нега аҳвол буткул ўзгармаяпти?
Бу ҳақда сўз кетар экан, очиғи, ҳаммамиз фақат маслаҳат бериш, таклиф айтишга уриняпмиз. Назаримда, биз энг муҳим масалани эътиборга олмаяпмиз.
Биз ўтган чорак аср давомида кўриб-билиб мактабни, маорифни энг охирги ўринлардаги соҳа даражасида ушладик. Бунинг исботи ўлароқ, педагогика илмгоҳларида кириш баллари бошқа олий ўқув юртларникига нисбатан паст бўлиб келганини эсланг. Кейин қўшимчасига қабулдаги «дополнительний»­лар кўпайгандан кўпайди.
Яна айни шу сабаб мактаблар асосан аёллар ишлайдиган масканга айланди. Эркак ўқитувчилар бу шарафли вазифани бирин-сирин тарк этишди. Чунки ўқитувчининг маоши билан рўзғор тебратиш амримаҳол бўлиб қолди.
Ҳа, кутилганидек, оқибат шундай бўлиши керак эди ва шунга келдик ҳам.
Мен Собир Абдуаҳатов деган ўқитувчимиздан кимёдан сабоқ олганман. Ёки математикадан дарс берган устозларим сабоқларини тафсилотларигача ҳали ҳамон эслайман. Амаким Иброҳим Эрматов тунлари конспект ёзиб, мижжа қоқмай дарсга тайёрланарди. Конспект дегани ўқитувчини доимий тонусда ушлаб турадиган битта ­инструмент эди.
Ҳозир қайси ўқитувчи шундай қилади, дарсга тайёрланадиган, касбига жонини берадиган муаллимлар қанча? Биз диктантлар ёзиб, савод чиқарганмиз. Қани ўша савод ҳозир?
Иншоларимизга биронта имло хатосисиз «3» баҳо олганимизда дўппимизни осмонга отганмиз. Ҳозир-чи?
Яна муҳокамаларда эътибордан четда қолаётган жиҳатга қайтсак. Мен таълим соҳасига оид шунча чиқишларда негадир асл маърифатчи бўлган ўқитувчилар аралашганини, ­эътироз билдирганини, асосли фикрлар айтганини кўрмадим.
Балки таълимдаги оқсоқликларни шу томондан излаб кўрармиз?
Охирги йилларда малака ошириш асносида минглаб ўқитувчилар ўқитилди. Уларга сертификатлар берилди. Шу ўринда бир саволга жавоб керак: ўқитувчиларнинг малакасини ким оширди, ўша улардан баланд бўлган «Авлоний»даги домлалар нега мундоқ муаммоларни чуқур таҳлил қилиб, жойларда нималар етишмаётгани ҳақида хулосалар бермайди? Ахир ўн минглаб ўқитувчининг малакасини бу йўл билан ошириб бўлмайди-ку! Нега, аввало, ўқитувчининг ўзини ўқитиш, ўнлаб педагогика таълим даргоҳларидаги хўжакўрсинга берилаётган таълимни бугунги талаб даражасига олиб чиқиш, педагогика билан мактабнинг мақсад-муддаосини мувофиқлаштириш борасида гап йўқ? Нега савияси паст бўлган ўқитувчилардан воз кечиш деган талаб йўқ? Бизлар фақат дарсликлар чиқариш бизнеси, соҳадаги пулли ишларни «ислоҳ» қилиш йўлини танлаяпмиз. Танлашяпти, аниқроғи! Бу ерда ростдан ҳам соҳани ривож­лантириш истаги кўринмаяпти-ку!
Лотин алифбоси баҳона таълим, маориф жуда катта саводий инқирозга дуч келди. Мен ўйлайманки, ҳозир саводли ўқитувчининг ўзи анқонинг уруғи. Бу нима дегани ахир? Бу кетишда беш-олти йил ўтиб саводли одамни топишнинг ўзи муаммо бўлиб қолмайдими?
Киритилган янгиликларнинг қай бири фойда берди? Хусусан, мен кимнингдир манфаатига хизмат қилган, яъни электрон кундаликлар – kundalik.com ҳақида таассуф билан эслайман. Ахир, аслида эски кундаликлар ҳам қайсидир даражада болаларни, шу жумладан, ўқитувчини ҳам назорат қилиб, жилла қурса, кузатиб туришга яраб турган битта восита эди-ку, уни ҳам йўқ қилдик. Хўш, энди нимага даъво қиляпмиз?
Дарҳақиқат, кейинги йилларда мактаб, мао­риф соҳаси жуда ҳам кўп «ислоҳот»ларни кўрди. Биров буни янгилик деб, биров инновация деб киритди. Алалоқибат, энди кўрсак, натижалар жуда ҳам ачинарли.
Дарсликларни қараб кўринг, уларнинг мазмуни, сифатига маймунлар йиғлайди. Бундай бемаза дарсликларни чоп этишга кимдир рухсат берган, уларни кўрган, ўрганган, эвазига маош олган – тўғрими? Аммо негадир бундай абгор ҳолати учун ҳеч ким жавоб бермайди. Бу қанақаси бўлди? Энг ёмони, ўқитувчи, яъни шу дарсликлар орқали болаларга сабоқ берадиган масъул шахс­ларнинг иштирокини ва муносабатини кўрмадик ҳисоби. Нега уларни ишлатмаймиз? Уларни ўз устида ишлашга ўргатмаймиз? Улар роботлар эмас-ку? Ахир ўқитувчи деганлари айнан педагогика сўзи иштирок этадиган олий ўқув юртларида айнан педагогик билим билан қуролланган бўлиши, дарсликлар эса худди шу педагогика принциплари асосида тайёрланиши керак-ку! Бунақа талабларни ким ва қачон бекор қила қолди? Ҳеч ким! Хўш, шундай экан, нега унда педагоглар жим? Нега?
Бугун мактабларнинг ўзида ўқитувчиларнинг ижодий ҳамжиҳатлик муҳити мавжудми? Бунга шубҳам бор.
Ўқитувчилар яхши дарс ўтишдан манфаатдорми? Қани шу йўналишда очиқ рейтинглар, қани Ўзбекистондаги энг яхши ўқитувчиларга Президент истаган ўша мотивация? Шунақа саволларга кимдир жавоб излаяптими? Менимча, аввало, худди шу каби саволларни ўртага олиб чиқиш керак.
Унутмайликки, яна беш-олти йилда барча ­жабҳаларга янги авлод келади. Авлодлар алмашинуви эскирмайдиган, ўзгартириш мумкин бўлмаган қадриятлар, тартиб-тамойилларни тан олган ҳолда амалга ошиши керак. Ҳар бир янги вазир ўзининг қаричи билан ўлчанадиган ҳар хил ислоҳотларни амалга оширавериши мантиққа мос эмас. Мактабнинг бош вазифаси ўрта маълумотли авлодни тайёрлаш бўлиши даркор. Ўрта маълумот эса муайян талабларни ўз ичига олиши, уни ҳатто авлиёси ҳам ўзгартиролмаслиги лозим. Булар нималардан иборат бўлиши кераклигини қатъий белгилаб қўйишимиз шарт ва зарур.
Мактабни битирар экан, ҳар бир ўғил-қиз фанларни муайян даражада ўзлаштириши шарт. У физиками, зоологиями, математиками, кимёми, ўрта маълумотли одамга талаблар бўлиши лозим-ку ахир. Менга фалончи фаннинг эртага кераги йўқ, дейиш ақлли одамнинг гапи эмас. Мисол учун, физика ҳаётий фан сифатида ҳаётимизнинг ҳар бир кунида биз билан бирга яшайди. Кимёсиз эса бугунги замонни тасаввур этиш мумкин эмас. Агар етарли билим ва савиямиз бўлганида, йигирмадан ортиқ болажоннинг умрига зомин бўлган дориларни кўр-кўрона болаларимизга бермасмидик. Агар яхши ўқиганимизда, дориларнинг қай бири соғлиққа фойдали-ю, қай бири ўта хавфли эканини англардик, билардик. Билимсиз одамнинг ҳаёти эса худди қуюқ ўрмон ичида таваккалига қадам ташлаётган одамга ўхшайди. Ёки бошқачами?
Энди бугунги муҳокамаларга қайтсак.
Назаримда, биз турли жиддий масалалар ичига кирмасдан, яхши билмасдан турли маслаҳатлар беришни бас қилишимиз керак. Менга бу фикрларга муносабат тарзида таниқли ижодкор Баҳриддин Асрорийнинг билдирган ­фикрлари маъқул келди. Чиндан-да, у айтганидек, мактабларимизда на физика, на кимё бугун чуқур ўргатилаётгани йўқ. Бошқа фанлар ўргатилаётгани даражаси ҳам мақтанарли эмас. Бу эса аслида фожиа. Хўш, ўлда-жўлда билим олган бола эртага жамиятга нима беради? У жамият учун хавфли одамга айланмайдими?

Хулоса ўрнида вазирликка янги раҳбарлар тайинланиши баҳонасида битта таклиф айтмоқчиман.
Ҳурматли вазир, назаримизда, тепадан ва ташқаридан турли «реформа»ларни кучайтиришдан аввал бир устозларнинг ўзларига қулоқ тутинг, уларнинг дардини тингланг, аслида соҳанинг бутун дарду ташвишларини улардан ўтказиб ҳеч ким сизга тўғри таҳлил қилиб бера олмайди.
Ислоҳотларни амалга ошириш ҳам аслида уларнинг интилиши, хоҳиш-иродаси, рағбатига боғлиқ. Бошқа ҳеч ким бу ишни ҳал қилмайди. Имкон қадар ташқаридаги турли «билимдон» ва «доно» маслаҳатчиларнинг маслаҳатларини олишдан олдин бевосита ислоҳотни амалга оширувчи муаллимларнинг олдидан ўтинг.
Ҳа, дарвоқе, Финляндия ёки Япония таълим методикаси бўладими, агар уни болаларга етказувчи муаллим чуқур ўзлаштириб ололмаса, бу ишлар натижа бериши қийин…

Ҳусан ЭРМАТОВ
«ISHONCH»

PS: Менимча, маорифни бизнесга айлантиришга уринишлар, дарсликлар ортидаги фирибгарликлар учун жамият олдида жавоб берилиши лозим.