Андижон шаҳридаги «Uz-SaeMyungCo» қўшма корхонаси ишчилари – Бахтиёржон Маъмуржонов, Нодир Абдураҳмонов, Азимжон Рустамов ва ҳайдовчи Нодиржон Аҳмадалиев билан тузилган меҳнат шартномалари бошқарув раисининг буйруқлари билан бекор қилинган.
Асос сифатида ишчиларнинг ўзлари бошқараётган автокарадан дизель ёнилғисини олиб, сақлаганликлари ва уни юк автомашинасини ювиш мақсадида ишлатилгани юзасидан хизмат текшируви ва касаба уюшма қўмитасининг йиғилиш баёни кўрсатилган.
Ишчилар меҳнат шартномалари ноқонуний бекор қилинганидан норози бўлишиб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Андижон вилояти кенгашига мурожаат қилишди. Ариза кенгашнинг меҳнат ҳуқуқи инспектори Ҳабибилло Усмонов томонидан кўриб чиқилди.
Ўрганиш натижасида иш берувчи томонидан меҳнат шартномасини бекор қилишда Меҳнат кодексининг 102-моддасида кўзда тутилган бандлари бажарилмагани – ёзма (имзо чектириб) огоҳлантирилмагани ёки унга мутаносиб равишда компенсация тўлаб берилмагани аниқланди. Шунингдек, Меҳнат кодексининг 182-моддаси 5-хатбошисида «Интизомий жазо бевосита ножўя хатти-ҳаракат аниқлангандан кейин, аммо бу хатти-ҳаракатлар аниқлангандан бошлаб ходимнинг касал ёки таътилда бўлган вақтни ҳисобга олмасдан, узоғи билан бир ой ичида қўлланилади» деб белгиланган бўлса-да, меҳнат шартномасини бекор қилишда ушбу модда талабига амал қилинмаганига ойдинлик киритилди.
Аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича қўшма корхонанинг бошқарув раисига ёзма кўрсатма киритилишига қарамай, таассуфки, унинг ижроси таъминланмаган. Шундан сўнг корхона ишчиларининг ишга тиклаш ва мажбурий бекор юрган иш кунлари учун ҳақларини ундириш юзасидан Фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судига даъво аризаси киритилди. Даъво аризалари кўриб чиқилиб, мажбурий бекор юрган иш кунлари учун Б. Маъмуржоновга 11 миллион 981 минг 433 сўм, А. Рустамовга 11 миллион 654 минг 113 сўм ва Н. Абдураҳмоновга 7 миллион 642 минг сўм иш ҳақларини ундириш ҳамда ўз вазифаларига тиклаш юзасидан ҳал қилув қарори чиқарилди.
Анваржон ҲАЛИМОВ
«ISHONCH»
