Энергетика вазири бошчилигида тизим корхоналари раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирокида ўтказилган видеоселектор йиғилишида келгуси ҳафта ҳаво ҳароратининг аномал пасайиши даврида ёқилғи-энергетика соҳасидаги ишларни тўғри ва тизимли ташкил қилиш, истеъмолчиларни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш бўйича зарур чоралар кўриш масалалари муҳокама қилинди.
Жумладан, биринчи навбатда аҳоли ва ижтимоий соҳа обектларига электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ ҳамда кўмир маҳсулотини барқарор етказиб бериш чоралари кўрилиши таъкидланди.
Қайд этилишича, жумладан:
• Автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари фаолиятига киритилаётган чекловлар давом эттирилади;
• Йирик ишлаб чиқариш корхоналарига табиий газ етказиб бериш ҳажми кескин камайтирилади;
• Энерготизимдаги йирик истеъмолчиларнинг кунлик электр энергияси истеъмоли камайтирилади ва тежалган 11-12 млн кВт-соат электр энергияси аҳоли истеъмолига йўналтирилади;
• Энерготизимда содир бўлиши мумкин бўлган йирик аварияларни олдини олиш, барча истеъмолчиларни бир маромда электр энергияси билан таъминлаш мақсадида маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда тасдиқланган графикларга асосан қисқа муддатли чекловлар киритилади;
• Электр энергиясини ишлаб чиқарувчи иссиқлик электр стансиялари ва марказларнинг барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида кунига ўртача 49 млн куб метр табиий газ етказиб берилади;
• Бугунги кунда мазкур стансиялар учун 90 минг тонна мазут ва 280 минг тонна кўмир ёқилғиси захираси яратилди;
• Истеъмолчиларга кунлик кўмир етказиб бериш ҳажми 5000 тоннадан 8000 тоннага оширилади.
Шунингдек, аномал совуқ кунларида тармоқларда юзага келиши мумкин бўлган носозликларни бартараф этиш учун электр ва газ таъминоти корхоналарида туну-кун ишлайдиган 1000 дан ортиқ махсус бригада ташкил этилди. Ушбу бригадалар муаммоларни тезкорлик билан бартараф этилишини таъминлайдилар.



