Бир неча кундан буён ҳукмронлик қилаётган аномал об-ҳаво боис Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Жиззах вилоят кенгаши ҳамда Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Жиззах шаҳар кенгаши умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим ташкилотларида яратилган меҳнат шароитларини ўрганиб, мажбурий меҳнатнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик назоратини олиб борди.

Дастлаб Жиззах шаҳридаги 19-умумтаълим мактаби, 29- ва 39-давлат мактабгача таълим ташкилотларидаги ҳолат ўрганилди.
— Назорат тадбирларида таълим масканлари ходимлари билан суҳбатлашяпмиз, — дейди Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Жиззах шаҳар кенгаши раиси Рустам Исоқов. – Синф хоналарида ҳарорат талаб даражасида эмас. Шунинг учун ўқувчиларнинг мактабга келиб-кетишида учраши мумкин бўлган нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида дарслар 18-январдан бошланишини уқтиряпмиз.
— Бу каби жамоатчилик назорати тадбирларини туман кенгаши раислари Зомин туманидаги 3-, 22-умумтаълим мактаблари, 5-, 11-давлат мактабгача таълим ташкилотларида ҳамда Пахтакор туманида жойлашган 4-, 9-умумтаълим мактабларида ҳам олиб бориляпти, — дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Жиззах вилоят кенгаши меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати етакчи мутахассиси Алишер Бурханов. – Тадбир давомида мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари директорларига қиш вақтида хавфсизлик талаблари бўйича тушунтириш ва йўриқномалар, хона ҳароратини етарли даражада иситиш, қозонхонада ишлашда хавфсизлик талаблари ҳақида тушунтириш ва тавсиялар берилди.
Бугун совуқ об-ҳаво шароитини беталофат ўтказиш энг асосий вазифага айланди. Шу боис корхона, муассаса ва ташкилотларда ҳам қиш мавсумида хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя этиш тавсия этилади.
Муқимбой ИСМОИЛОВ
“Ishonch.uz”
