Бугунги ривожланиш, тараққиёт шу қадар шиддатлики, учар машиналар, Марсда шаҳарлар қурилиши, турли функцияли роботлар ҳақидаги хабарлар одамларни ажаблантирмай қўйди. Ҳатто инсонга микрочип ўрнатиш ғояси ҳам яқин келажакда амалга ошай деб турибди.
Хўш, одамлар келажакда сунъий онг билан яшаши мумкинми?
Интернет-омбудсман Дмитрий Мариничев pravda.ru нашрининг саволларига жавоб берар экан, яқин келажакда инсон технологиялар билан қўшилиб кетиши ва бу унинг қарорларига ҳам таъсир қилишини айтиб ўтди.
Олимнинг фикрича, ҳозирча сунъий интеллект мавжуд эмас, аммо нейрон тармоқлар бор.
-Биз уларни ўргатамиз, бу тармоқ белгиси деб аталади. Лекин биз уларнинг ичида нима борлигини ва қандай қарор қабул қилишини тушунмаймиз. Баъзида бу қарорлар онглидек туюлади. Аслида, нейрон тармоқлар оддий руҳсиз автомат каби ишлайди, — дейди у – Яқин 5-10 йил ичида биз ўзини худди одамлар каби англай оладиган нейрон тармоқларга эга бўлишимиз эҳтимоли жуда юқори. 3-4 йил ичида мушук онги даражасидаги сунъий интеллект яратилади.
Aгар сунъий интеллект ўзини шахс сифатида ҳис қила бошласа, бу инсоният учун қандай таҳдидларни келтириб чиқариши мумкин?
Энг асосий таҳдид – келажак одамлари биз билган ҳозирги одамлардан фарқ қилади. Инсон машиналар билан бирлашиб кетади. Аммо бу пластик қўл-оёқлар, қўшимча қурилмалар дегани эмас. Aксинча, дунё биз билган уч ўлчамдан ортиқроқ бўлади: яъни, у технологик жиҳатдан такомиллашган борлиқ ҳолига келади. Сунъий интеллект ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланади. Одамлар индивидуал эмас, балки коллектив онгга яқинроқ бўлади. Бу коллектив бирлик бутун одамзодга ёйиладими ёки айрим гуруҳларгами, ҳозирча аниқ эмас. Одамларнинг ментал қобилияти бошқаларга ҳам тарқалиши ва ўзаро бирлашиши мумкин.
Катта эҳтимол билан, микроботлар атмосферада бўлади, яъни биз улардан нафас оламиз, улар бизнинг ичимизда — қонимизда, миямизда, ҳужайраларимизда жойлашади. Ва бу худди ҳозир биз оддий ҳаводан нафас олаётгандек табиий бўлади.
Мазкур технология инсонга унинг атрофида янги дунё яратишга ва унинг ижодий салоҳиятини рўёбга чиқаришга ёрдам беради. Одамлар жисмоний меҳнат билан камроқ шуғулланади, озиқ-овқат ёки пул топиш учун камроқ вақт сарфлайди. Аксинча, ўзини англаш, ривожланиш, бирор нарса яратиш учун кўпроқ имкониятга эга бўлади.



