Энди қорни ким курайди?..

87

Ангрен шаҳридаги мактаб ўқитувчиларини йўлаклардаги қорни курамаётганликда айблаган Ангрен шаҳар прокурори интизомий жазога тортилди. 

Аммо воқелик ортидан яна таълим тизимидаги камчиликлар жамоатчиликнинг яхшигина муҳокамасига сабаб бўлди.

Шундай чиқишлар орасида журналист Фозил Фарҳод ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида “Ўқитувчи – қул эмас” деган пост қолдирди.

– Бизда энг кам ойликни ўқитувчилар олса керак, – дейди журналист. –Синглим ўқитувчи. Сурхондарёдаги қишлоқ мактабида 1 ставкада ишлайди. Ҳозир ойлигини сўрадим. “Шу пайтга қадар 2 300 000 сўм эди, яқинда тоифа олдим, шундан сўнг 2 600 000 — 2 700 000 сўмга кўтарилса керак”, деб айтяпти. Ишқилиб, сизларни ҳам қор тозалашга ундашмаяптими десам, йўқ, дейди.

Ангрен шаҳар прокурори дейилаётган мана бу кишим эса: “Ўқитувчилариям йўқ. Ойлик олиб ётишибди, бекордан-бекор!”, деяпти. Уларнинг мактаб йўлакларидаги қорни курашмаётганини иддао қиляпти.

Жаноб прокурор! Сиз қанча ойлик оласиз? 15 000 000 сўмми ё 20 000 000 сўм?! Бунча ойликни олиш учун синглимдай ўқитувчилар камида 6 ой, кўпи билан бир йил ишлаши керак. Прокурор бўлсангиз – ўзингизга. Аммо ўқитувчиларга дўқ қилманг.

Қолаверса, ўқитувчи ўқитгани учун ойлик олади, қор курагани учунмас. Устига-устак, ойликни уларга сиз чўнтагингиздан эмас, халқ – давлат беряпти.

Тўғри, мушук ҳам ўз атрофини тозалаб юради. Ўқитувчилар ҳам ўзи ва ўқувчилар юрадиган йўлакни тозалаши мумкиндир. Аммо сизнинг ўқитувчиларни қуллардай кўраётганингизни ўзимга сингдира олмаяпман. Қоним қайнаяпти ҳар гал эшитганда.

Сизни ким шу даражага етказди? Ўша ўқитувчилар эмасми? Сиз эса уларга иддао қиласиз.

Жаноб прокурор. Агар виждонингиз бўлса, гап эшитишдан қўрқсангиз, қўлингизга курак олинг-да, ўзингиз тозаланг мактаб остонасини. Ёнингизга бошқа сектор вакилларини ҳам қўшинг. Божхоначилар қиляпти-ку, ўлиб қолгани йўқ. Қайтага, уларни халқ олқишлаяпти.

Яна бир гап. Ойлик камлиги учун мактабларда деярли эркак ўқитувчи қолмади. Ҳаммаси аёллар. Сиз ўша аёл ўқитувчиларга қор куратмоқчи бўляпсиз. Бу – инсофсизлик.

Бу гапни гапиришдан олдин, энг бўлмаганда, давлатнинг сиёсатини ҳурмат қилишингиз керак эди. Ахир 2023 йил “Инсонга эътибор ва сифатли таълим” йили эмасмиди? Давлат сиёсатига сиздай инсофсизлар тўсиқ бўлиб келяпти, аслида.

Ўқитувчига бундай муносабат қилган ва давлат сиёсатини ҳурмат қилмаган сиздай кишини ўз ўрнига номуносиб кадр, деб санайман…

Эслатма: «Хулоса қилинглар, бўлмаса, биз хулоса қиламиз», дебди ўша жаноб. Бу ишга миллат ҳам, давлат ҳам қараб турмайди. Халқ, юрт ўқитувчиларини хор қилдириб қўймайди. Мен у кишимга ўша гапни такрорлайман ва жамоатчиликни шундай чорлов(челленж)га чақираман:

Хулоса_қилинглар, бўлмаса, биз хулоса қиламиз! – дея якунлаган ўз мулоҳазаларини Фозил Фарҳод.

“Ishonch.uz” постга билдирилган муносабатларни кузатар экан, уларнинг айримларини сизга ҳам улашишни лозим топди.

Лайло Рустамова: — Сиқилганимдан кечаси билан қандай ухладим, билмайман.

Фозил Фарҳод: — Шу кунларда англаб етган хулосам шу бўлди. Ўқитувчиларнинг ойлиги энг кам ойлик бўлиб қолди. Сўнг мактабларни эркак ўқитувчилар тарк этди. Ўқувчилар тарбияси эса издан чиқди.

Санжар Турсунов: — Бир вақтлар бир мактабнинг қоровули айтганди: “Ўқитувчилар менга илтимос қилишади, ўқувчиларимни бир койиб беринг, кўзини қўрқитинг, гапимга кирмаяпти, деб”…
Маълум бўлишича, ўша мактабда ҳаммаси аёл ўқитувчилар экан…

Maya Rizaevich: — Фақат ойлик кам дейсизлар. Бир мактабга неччи нафар  физра ўқитувчиси керак? Икки киши уста, лекин ҳозир ҳар бир мактабда ўн  нафар  физра ўқитувчиси бор. Хўш, ойлик кам бўлса, бу ўқитувчилар мактабда нима иш қиларкин? Масалан, бизнинг  мактабда ўндан  ортиқ эркак ўқитувчи бор, баъзиларини билмайман нима иш қилишиниям.  Биз солиқ тўловчимиз. Бизнинг ҳақ-ҳуқуқларимиз поймол бўлмоқда. Чунки улар болаларимизни деярли тўғри ўқитишмайди, кўрса, бор, деб жавоб бериб юборишади.  Шунда биз тўлаётган солиқдан ойлик олаётган ўқитувчи ўқувчисиз синфда нима иш киляпти?

Иброҳим Саримсоқов: — Мактабдаям завхоз, қоровул деган штатлар бор-ку! Арзимаган жойни кураб қўйса, нима бўлади, ҳеч нима! Эртага қайсидир бола йиқилиб, қўли лат еса-чи? Ҳар ким ўз биносининг атрофини, йўлагини кураб қўйсин…  Мактаб раҳбарияти лаёқатсиз бўлса, шундай бўлади. Ҳоким бориб кураб берсинми энди?..

Санжар Турсунов: — Лайло Рустамова, бир савол-да, мактаб ўқитувчилари ҳақида ҳозир прокурорлар хулоса чиқарадиган бўлишганми?.. Халқ таълими бўлимлари йўқми туманда?

Muhabbat Qodirova: — Қачонгача ҳокимликка бўйсунади вазирлик? Ҳокимиятнинг ва мутасадди раҳбарларнинг энг кичик ходими ҳам келиб бемалол муҳокама қилади ўқитувчини…
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши бош юрисконсульти Дилбар Муҳамедалиева ушбу ҳолат юзасидан ўз фикрини билдирар экан, шундай дейди:
– Тегишли тартибга асосан, ҳар қандай ҳолатда  ўқитувчиларни вазифасидан ташқари меҳнатга жалб этиш тақиқланади. Мактаб ҳовлисини тозалаш уларнинг зиммасидаги иш эмас. Хатто мактаб ҳовлисини тозалаш қоровул, фаррошга ҳам юклатилмаслиги керак. Бу ҳолатда мактаб раҳбарлари шартнома асосида бошқа бир ишчиларни жалб этиши мумкин бўларди.  Биламизки, мактаб ўқитувчиларининг аксариятини, яъни 70 фоизини аёллар ташкил этади. Мана шундай об-ҳавода қор-музларни кўчириш учун оғир меҳнат қуроллари ишлатилади. Бу хотин-қизларнинг соғлиғига салбий таъсир этиши мумкин. Ёки иш жараёнида бирон тан жароҳати олишлари ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Бу ишларни олаётган ойлик маошларини оқлаш учун ҳам бажаришга мажбур эмаслар. Чунки иш ҳақи уларга болаларни ўқитаётгани ва қолган вақтда ўз устида ишлаб, масалакасини оширишлари учун берилади.

P.S. Шубҳасиз, прокурор мактаб ўқитувчиларига дўқ уриб, нотўғри иш қилган. Уни асло оқламоқчи эмасмиз.
Аммо масалага чуқурроқ назар ташланса, муҳокама учун яна бир мавзу очилиши турган гап. Хўп, ўқитувчиларни ўз вазифасидан ташқари меҳнатга жалб қилиш мумкин бўлмаса, мактаб фаррошлари фақат бино ичидаги озодаликка масъул бўлса, қор кураш мактаб қоровулининг ҳам зиммасида бўлмаса, унда ким мактаб ҳудудидаги қорни кураши керак?
Аммо мактаб ҳудудининг тозалигига кимдир жавобгар бўлиши керак-ку!  Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бунга нима дер экан?