Тафаккурга ундайдиган телеканал

116

Қатор оммавий ахборот воситалари томошабинларнинг ортидан югураётган бир пайтда «Маданият ва маърифат» телеканали ўз аудиториясини қандай шакллантиряпти?

Зиёли қатлам вакиллари, яъни санъат дарғалари, олимлар, адабиётшунослар, шоиру ёзувчилар ва рассомлар ўз ижоди, асарлари ҳамда намунали ҳаёт йўли билан ҳамиша халққа маърифат ва маънавият улашиб келган. Миллат устунлари ҳақидаги қатор теледастурлари билан одамларни, томошабинларни илм-маърифат ва санъатга ошно этиб келаётган «Маданият ва маърифат» телеканали бугун салоҳиятли аудиторияга эга.
Глобаллашув даврида одамлар маърифатдан кўра, шоу-бизнес, пул ортидан қувяпти. Миллий қадрият, маънавий бойлик каби тушунчалар чеккага суриляпти. Мана шундай давр­­да илм-фан, адабиёт, санъатни бирлаштирадиган, одамлар қалбини маърифат зиёсига тўлдирадиган восита жуда-жуда зарур. Давлатимизнинг мақсад-маслаги шу, хусусан, телеканалнинг ҳам.
Бугун одамлар кўнгилочар томошаларга, енгил-елпи кўрсатувларга ўч бўлиб боряпти. Улар Гулмира Мусажонованинг «Мен билган ҳақиқатлар» дастурида берилаётган Иброҳим Ғафуров, Иброҳим Ҳаққул, Эркин Аъзам, Қозоқбой Йўлдош каби зиёлиларнинг суҳбатларини эмас, қайсидир актрисанинг ҳаётини муҳокама қилишади. Уларга миллат фожиаси, дарди ҳақидаги фикрлар эмас, қайсидир блогернинг интернетдаги аҳмоқона қилиқлари қизиқроқ.
Кузатишларимизга кўра, бугунги ахборот ва интернет асрида одамлар маърифат ва маънавият туйғусидан, уларни тарғиб этадиган телерадиоканаллар, босма нашрлардан анча узоқлашиб кетганига яна бир бор амин бўлдик.
– Бугун ОАВнинг асосий вазифаси – жамиятда соғлом, тўғри фикрни ­шакллантириш. Чунки фикр билан жамият ҳаракатга келади, тўғри фикрлаш орқали жамият шаклланади, ривож­ланади, – дейди «Маданият ва маърифат» телеканали раҳбари Воҳид Луқмон. – Мисол учун, «Биргаликда кўрамиз», «Биргаликда ўқиймиз» номли кўрсатувларнинг ғояси айнан шу масалаларга қаратилган. Бугунги томошабин турк сериаллари орқасидан кетаётган вақтда биз муаллифлик фильмлари, дунё киноматографиясидаги дурдона асарларни таҳлил қилиб беряпмиз. Кўрсатув орқали кимдир ҳаёт йўлини таҳлил этса, тўғри хулоса чиқарса, шу бизнинг ютуғимиз бўлади. «Биргаликда ўқиймиз» дастури орқали кимдир қайсидир асарга меҳр қўйса ва уни мутолаа қилса, мақсадга эришган бўламиз.
Яна бир лойиҳамиз «Очиқ намойиш» теледастури бўлиб, у театрларнинг янги спектакль намойиши таҳлилига бағишланган. Бу кўрсатувнинг ҳам бугун ўзига яраша мухлислари бор. Ижодий гуруҳ бутун рес­публика бўйлаб тақдимотларда қатнашиб, асарларни таҳлил этади. Ўйлаймизки, бу дастур бутун умрини театрга, санъатга бағишлаган инсонлар, санъатга ошуфта қалблар учун қадрли, албатта. Канал халқимизнинг театрга бўлган муҳаббатини янада ошириш учун ҳам ишлаяпти.
«Уйга қайтиб» лойиҳасида кўрсатув қаҳрамони билан пойтахтдан у туғилиб ўсган масканга қадар бирга бориб, унинг мулоҳазалари, ҳаётий қарашлари ва ижоди билан ўртоқлашилади. Кўрсатувнинг яна бир аҳамиятли жиҳати шуки, маънавиятимизнинг буюк намояндаларининг бир умр тасмага муҳрланишидир. Пандемия вақтида бир қанча улуғларимиз бизни тарк этишди, бугун улар ана шу дас­турлар орқали кўз олдимизда гавдаланишади. Улар шу кўрсатувларда, санъат шайдоларининг қалбида яшаяпти.
Албатта, бугун эл севиб кўраётган «Дўстлар даврасида», «Қақнус», «Билим доирасида», «Сиз эфирдасиз» каби қатор теледастурларни ҳам алоҳида эътироф этиш жоиз. Улар бизнинг мухлислар томон ташлаётган катта қадамларимиздир.

Телеканаллар интернетга кўчиши керак

– Бугун замон ўзгарди, медия тармоқлар ривожланди. Телевидение ҳам интернетга кўчиши керак. Аудитория биздан тобора узоқлашиб бормоқда. Энди ўзимиз уларга етиб олишимиз керак. Шундан кейингина одамларни ортимиздан эргаштириб, маънавиятни, маърифатни янада кучайтира оламиз, – дейди Кино-видеомаҳсулотлар ва тезкор дубляж муҳарририяти бош муҳаррири Ғайрат Саъдуллаев. – Интернет тармоқларини блогерлар, вайн­чилар, тик-токерлар ва уларнинг енгил-елпи ижод маҳсулотлари эгаллаб олган. Бу жуда катта кўпкари майдонига ўхшайди. Биз унинг атрофида шунчаки айланиб юрибмиз. Ўзимизнинг салоҳиятимиз, маърифатни тарғиб этишга қаратилган вазни бор маҳсулотларимиз билан ана шу майдонга ёриб киришимиз зарур. Бунинг учун бизга замонавий техника ва IT соҳасини мукаммал билган мутахассислар керак. Замонавий телевидение қандай бўлиши кераклиги бизни ҳам ташвишлантиради. Имкон қадар ҳаракатдамиз.

Янги йилда янги лойиҳалар

Телеканал бу йилни катта қадамлар билан бошлади. Ижодкорлар томошабинларга маънавий завқ берадиган дас­турларни йил давомида тақдим этиб боришади. Яқин кунларда Назар Эшонқул билан ҳамкорликда тайёрланган «Фикр­лаётган одам» дастурининг илк сони эфирга узатилди. Дастур ғояси Назар Эшонқулнинг юзга яқин дунёга машҳур ижодкорларнинг ижод фалсафасини жамлаган «Мендан менгача» китоби асосида қурилган. Кўрсатувда жамиятда ­фикрнинг ўрни, аҳамияти ҳақида сўз боради.
«Отасининг қизи». Бу яна бир қизиқарли лойиҳанинг номи. Нозима Воҳидованинг ушбу дастури фан-таълим, санъат арбобларининг изидан бораётган қизлари ҳақида. Кўрсатувда оталарининг касбини, соҳасини давом эттираётган аёл-қизларнинг ҳаёт ва ижод йўли ёритиб борилади.
Гулмира Мусажонованинг «Миллат» кўрсатувида Ўрхун Энасой битикларидан бошлаб, шу давргача бўлган миллат тарихидаги воқеалар, миллат фахри бўлган шахслар ҳақида ҳикоя қилинади. Унинг биринчи сони Туркистон мухториятига бағишланибди. Муҳим жиҳати, унда жадидлар фаолияти чуқур таҳлил этилади.
Ҳар ким телеканалларни турли сабаб билан кузатади: кимдир вақт ўтказиш, кимдир атрофдаги воқеа-жараёнлардан хабардор бўлиш, бошқа биров нимадир олиш учун. «Маданият ва маърифат» телеканали эса аудиторияни шунчаки ушлаб туриш учун эмас, уларга эстетик завқ улашиш, маънавий озуқа бериш, шу билан бирга миллий қадриятларимизга ҳурмат туйғусини кучайтириш учун ҳам хизмат қилади.

Гулрухбегим ОДАШБОЕВА
«ISHONCH»