Айрим касб эгалари ҳавоси оғир, чанг ёки химикат ҳидлари тутган биноларда ишлашади. Қаттиқ шовқин, кучли тебраниш остида меҳнат қиладиганлар ҳам анчагина. Табиийки, бу уларнинг саломатлигига, қолаверса, иш самарадорлигига ҳам салбий таъсир қилади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилишида “Халқаро меҳнат ташкилотининг ишчиларни иш жойида ҳаво ифлосланиши, шовқин ва тебраниш туфайли вужудга келадиган касбий хавф-хатардан ҳимоялаш тўғрисидаги 148-сонли Конвенциясини ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Конвенция 5 та боб ва 24 та моддадан иборат бўлиб, миллий қонунчилик ёки қоидалар орқали иш жойларида ҳавонинг ифлосланиши, шовқин ва тебраниш туфайли вужудга келадиган касбий хавф-хатарлардан огоҳлантириш, уларни чеклаш ва ҳимояланишга йўналтирилган чораларни белгилаб беради.
– Ҳар бир касбнинг ўзига яраша қийинчилиги, саломатликка таъсир қилувчи жиҳатлари бор, – дейди Қонунчилик палатаси депутати, Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси аъзоси Мавжуда ҲАСАНОВА. – Лекин барча идора ва ташкилотларда ҳам ишчи-ходимларни турли хавф-хатарлардан ҳимоя қилиш масаласига етарли даражада эътибор берилмайди. Мазкур Конвенциянинг ратификация қилиниши иш жойларида шундай ҳолатларни назоратга олиш, меҳнат шароитларини яхшилашга хизмат қилади.
Мазкур конвенциянинг ратификация қилиниши билан мамлакатимизда иш жойида ҳаво ифлосланиши, шовқин ва тебраниш туфайли вужудга келадиган касбий хавф-хатарларнинг олдини олиш, аниқлаш ва бартараф этиш борасидаги халқаро стандартлар жорий этилади.
Гулрухбегим ОДАШБОЕВА
“Ishonch.uz”
