Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига!
Ўтган 2022 йилда Тошкент шаҳри бир неча марта ҳавоси ифлосланган шаҳарлар рўйхатида биринчи ўринни қайд этди
Не ажабки, кеча, 2023 йилнинг 23 январь санасида пойтахтимиз яна ушбу «рутба»да – ҳавонинг ифлосланиши бўйича яна юқори ўринга кўтарилди.
Ўз-ўзидан савол туғилади: қиш мавсуми бўлса, боз устига, аномал совуқнинг забти ҳамон кетмаган бўлса, ёғингарчилик меъёрида – ҳали ёққан қор эримаган бўлса, бу ҳолатнинг сабаблари нимада?
Агар бу масала иқлим ўзгариши, четдан келаётган ҳаво оқими сабабли бўлса, нега бу ҳақда аҳолига тушунтириш берилмаяпти?
Иссиқ вақтларда-ку тушунамиз, ёмғирли, қорли шароитда ҳам бундай натижа кўрсатилиши масъулларни безовта қилиши керак эмасми?
Ҳавонинг ифлосланиши аҳолининг ўзига боғлиқ вазиятлар, мисол учун, автомашиналар сони ортиши, табиий ресурслардан нотўғри фойдаланиш ҳисобига бўлса, нега бу борада тарғибот-тушунтириш ишлари амалга оширилмаяпти?
Хўш, бу саволлар мутасаддилардан кимнидир қизиқтиряптими? Агар шундай бўлса, бунинг сабабларини одамларга аниқ тушунтириб бериш керакдир?
Ҳар не бўлганда ҳам мазкур ҳолатларнинг олдини олиш чораларини кўриш учун ҳам бунинг аниқ сабабларини билиш керак-ку!
Пойтахт ҳавосининг «аномал ифлосланиши» сабаблари нимада? Мутасаддилар бу ҳақда батафсил маълумот беришлари зарур.
Гулюз Фахриддинова



