Тошкентликлар нега мошли таомларни хуш кўришади?

99

«Тошкентликлар мошли таомларни хуш кўради» деган гапни кўп эшитамиз. Юртимизнинг бошқа ҳудудларини билмадигу, аммо пойтахтликлар таомномасида мош салмоқли ўрин тутади.

Бунинг ўзига хос сабаби ва тарихи бор. Ривоят қилишларича, қадим замонда Чоч (Шош) аҳли қаҳратон қишда озиқ-овқат танқислигидан кўп азият чекар экан. У пайтлар бир томони азим тоғлар билан ўралган, бир томони ҳудудсиз чўлларга туташиб кетган шаҳарга қиш вақтида келиб-кетиш қийинлашар, бир муддат «Савдогарлар шаҳри» тинар экан. Мана шу тиним даврида шаҳарга озиқ-овқат келиши ҳам тўхтар, одамлар қишга тўп­лаган захираси билан кун кечирар экан. Баъзан қиш қаттиқ келган вақтларда ёхуд деҳқончилик яхши бўлмаган йилларда захира ҳам тугаб, одамлар оч қолишига тўғри келар экан.
Шаҳар оқсоқоллари маслаҳати билан аҳоли ҳар қандай йилда ҳам яхши ҳосил берадиган, тўйимли озуқа бўладиган дуккакли экинни ахтаришган. Ва бу мош бўлиб чиққан.
Мошнинг бир қатор хусусиятлари ҳам борки, айни шулар сабаб ундан тайёрланган овқатлар Тошкент аҳли таомномасидан муқим жой олади.
У барча дуккаклилар каби қондаги қанд ва холестерин миқдорини камайтиради. Юрак-қон томир тизими ишини яхшилайди, томирлар эластиклигини оширади. Бу маҳсулот кучли антиоксидант таъсирга эга бўлиб, куйган яраларнинг тез битишига ҳисса қўшади.
Яна пешоб ҳайдаш, шишларни йўқотиш, организмни заҳарли моддалардан тозалаш хусусиятига ҳам эга. Мош юқори озиқ қийматига эга бўлиб, ҳатто гўштнинг ўрнини ҳам боса олади: 22-24 фоизи оқсилдан иборат.
Мошдаги В витамини асаб тизимлари учун жуда фойдали. Доимий стресслардан асрайди, хотирани ­мустаҳкамлайди, шунингдек, қон яратиш жараёнида фаол иштирок этади.
«Яшил чопонли митти полвон»нинг терини ёшартириш қобилиятига эга эканига нима дейсиз? Ундирилган мош майсалари иммунитетни кўтаради, ақлий қобилиятни оширади, хотирани кучайтиради. Шунинг учун кўпинча кекса кишиларга тавсия этилади.
Дарвоқе, мошни қон босими баланд, аллергияси бор инсонлар жуда эҳтиёт бўлиб тановул қилганлари маъқул.
Шунча фойдали хусусиятларини билгач, мошдан тайёрланган овқатлар юртимизнинг барча ҳудудлари аҳолисининг таомномасидан муқим ўрин олса, ажаб эмас.

Дилором Худойберганова
тайёрлади