Ходимлар ўз «постига» содиқ

42

Улар учун муносиб шароит яратилмоқдами?

Ободонлаштириш, ҳудудгаз, электр тармоқлари каби тизим ходимлари совуқни-совуқ демай зиммасидаги вазифани сид­қидилдан бажараётганини кўрган-билган киши борки, уларга самимий миннатдорлик билдирмоқда. Касаба уюшмалари эса ана шундай заҳматкашларнинг меҳнат муҳофазаси, иш жараёнидаги шарт-шароитларидан бохабар бўлиш мақсадида жойларга чиқиб, ўрганишлар олиб бормоқда.

Шу вақтга қадар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Наманган вилояти кенгаши меҳнат-техник, меҳнат-ҳуқуқ инспекторлари ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассислари бир қатор корхона ва ташкилотларда бўлишди. Жамоатчилик назорати асноси ходимларга яратилаётган шароитлар, уларга махсус кийим-бош, шахсий ҳимоя воситалари, овқатланиш ва маиший шароитлар яратилганлиги ҳамда хавфсизлик техникаси меъёрларига риоя қилиниши ҳолатига алоҳида эътибор қаратилди.
– Хонадонларга бекаму кўст тоза ичимлик сувини етказиб берувчи «Наманган сув таъминоти» МЧЖда айни пайтда 592 та сув иншооти, жумладан, 543 та сув олиш, 49 та сув узатиш ва тарқатиш иншооти ҳамда 5836,2 км. ичимлик суви тармоқлари мавжуд, – дейди меҳнат-техник инспектори Мирзанозир Қорабоев. – Ўрганишлардан кўринадики, тасдиқланган жадвалга асосан «Наманган сув таъминоти» МЧЖ бўйича 2022-2023 йиллар учун куз-қиш мавсумида тизимнинг барқарор ишлаши учун вилоят штаби ҳамда фавқулодда ҳолатлар учун «Авария ҳолатларини бартараф этиш» штаби ташкил этилган.
Айни вақтда авария ҳолатларини бартараф этиш гуруҳлари сони 23 та бўлиб, гуруҳ аъзолари сони 251 нафарни ташкил этади ва уларга 46 та махсус техника воситаси сафарбар этилган. Бундан ташқари, фавқулодда ҳолатларда аҳолига 20 та махсус транспорт воситаси орқали ичимлик суви етказиб берилмоқда.
Ўрганишлардан ҳудудлардаги­ бўл­им­­ларда ходимлар махсус ки­й­­им-бош, шахсий ҳимоя воситалари, овқатланиш ва дам олиш хоналари билан таъминлангани ҳамда хавфсизлик техникаси йўриқномалари вақтида ўтказилгани аниқланди.
Шунингдек, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖда фавқулодда ҳолатларни тезкорлик билан бартараф этиш учун 77 та тезкор-ишчи бригада ташкил этилган бўлиб, уларга зарурий автотранспорт воситалари бириктирилган ҳамда иш жараёнида керак бўладиган барча анжомлар билан таъминланган, барча шароитлар яратилган.
Жамоатчилик назорати натижалари юзасидан касаба уюшма мутахассислари томонидан иш берувчилар, масъул шахсларга ходимлар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш, ишлаб чиқаришда жароҳатланишлар ва касб касалликларига чалинишнинг олдини олиш борасида бир қатор тавсиялар берилди.

Орзугул РУСТАМОВА
«ISHONCH»