«Паспортимда шундай ёзилган»

91

ёхуд ўзликни унутиш оқибатлари

Бир пайтлар Германияга кўчиб кетган қариндошларимиз бизникига меҳмонга келишди. Онаси немис, отаси ўзбек (тоғамиз) бўлган қариндошимиз истаги билан шаҳар айланишга чиқдик. ­Кийим-кечак, техника, мебель, эсдаликлар ва озиқ-овқат дўконларига кирдик. Толиқиб уйга қайтгач, бир ­пиёла чой устида суҳбатимиз қўр олди.
– Болалигимиздаги шаҳар анча кенгайиб, гўзаллашиб, чинакамига янги Жиззахга айланибди. Одамлар ҳам руҳан тетик. Айт-чи, ҳудудда тахминан неча нафар рус ёки инглиз яшайди? – дея сўраб қолди меҳмонлардан бири.
– Бизнинг кўчалар шаҳардан четроқда бўлгани учун нари борса тўрт ёки беш нафар рус яшаши мумкин, лекин инглизлар йўқ, – дедим ҳайрон бўлиб.
– Каттами-кичик дўконларга ҳам ё русча, ё ­инглизча номлар ёзилганига сўраяпман-да, – тушунча берди меҳмон.
Шу вақт қўшнимиз бир товоқ ош кўтариб кириб қолди.
– Оҳ-оҳ-оҳ. Мана бизни соғинтирадиган ўзбекча меҳр-оқибат, – дейишди меҳмонлар.
Қўшним уларнинг исмларини сўрагач:
– Олга, исмингиз чиройли экан, бу ўзбекчасига «олға» деганими, – деди-да жавобини кутмай «ҳазиллашдим», деб қўйди.
Олга ўзбек тилида қийналиб гапирса ҳам, мулойимлик билан исмлар таржима қилинмаслигини, ким қайси тилда гапирмасин, ёзмасин, талаффузда хато қилса-да, инсон исмини асло бузиб айтмаслик кераклигига алоҳида урғу берди.
Дарҳақиқат, исм – шахснинг маънавий қадр-қиммати. У орқали инсоннинг қай миллатга мансублиги, қандай муҳитда туғилганини билиш мумкин. Оилада фарзанд дунёга келса, ота-онанинг илк вазифаси, маънавий тарбияси гўдакка қўйилган исмнинг маъносида намоён бўлади.
Оддий халқ вакилларига исмларининг қайсидир ҳарфида хатоликка йўл қўйилгани билдирилганда, бироз хижолат бўлиб, дарҳол тузатилиши ҳам бежиз эмас. Бироқ каттаю-кичик ташкилотларнинг баъзи амалдорлари ёки кўпчиликка танилишга уринаётган ёшлар ўзларининг хоҳишлари билан исм-шарифларини ўзгартириб ёзишга ҳаракат қилишлари кишини беихтиёр ўйга толдиради.
Баъзи ҳолларда русча талаффуз билан ёзилган исмларни ўзбекча маъноси билан ёзишни сўраганимизда исм эгалари ўзгартиришни истамаслигини, паспортда ёзилган хато бўйича ёзишимизни сўрашади. Усмонов (Усманов), Боқиев (Бакиев), Комила (Камила)… бундай мисолларни узоқ давом эттириш мумкин.
Ота-она томонидан қўйилган исм фарзандига ёқадиган бошқа исмга алмаштирилишини тушуниш мумкин, албатта. Лекин аниқ маънога эга исмлар бузиб айтилиши, бир пайтлар ҳужжатга шундай хато билан ёзилганини била туриб ҳам ўзгартиришни истамаслик, ёки жарангдор эшитилади, деб хаёлга берилишлик савиясизликдан бошқа нарса эмас. Буни замонавийлик билан изоҳлаш тўғримикан? Ўзини-ўзи тан олмай, танимай туриб, ўзлигидан ўзиб кетмоқчи бўлишлик ҳам кулгили, ҳам ачинарли ҳол-ку ахир. Бунинг кўлами кенгайгандан кенгайиб, аввал савдо марказлари пештоқида, сўнг хусусий ўқув марказларининг катта ҳарфлар билан ёзиладиган номларида, халқ кўзгуси ҳисобланган телекўрсатувларнинг номларида ҳам акс этмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида чет тилларини ўрганишга бўлган имкониятларни кенгайтириш, шу билан бирга, ўзбек тилига бўлган ҳурматни мустаҳкамлаш мавзусига бежиз тўхталмади. Халқ орасида тил маданияти ҳақидаги билимларни кенг тарғиб қилиш, ёшларнинг онги ва қалбига она тилига бўлган муҳаббатни чуқур сингдириш бугун ҳар биримизнинг Ватанимиз, аждод ва авлодлар олдидаги бурчимиз эканини унутмайлик.
Гулчеҳра ХИДИРОВА,
журналист