Олий суд: дастлабки тергов органларининг 13 минг 824 нафар шахсга қўйган айблов хулосасидаги моддалар қайта малакаланган ёки чиқариб ташланган

74

Бундан бир неча кун илгари Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова халқаро пресс-клубдаги матбуот анжуманида «Одил судлов деганда терговчи, прокурор, адвокат ва судья кўз олдимизга келади. Агар шу 4та профессионал билимга эга, коррупциядан холи бўлса, шундагина одил судловни таъминлай оламиз. Афсуски, Ўзбекистонда ҳозирги кунда одил судлов таъминланмаган», – дея баёнот берган эди.

Олий суднинг Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси 18 январь куни тарқатган “Судлар томонидан 2022 йилда кўриб чиқилган жиноят ишлари юзасидан ахборот”да эса ўтган йили судлар 13 824 нафар шахсга нисбатан дастлабки тергов органлари томонидан асоссиз равишда қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташлангани ёки қайта малакалангани таъкидланди.

“2022 йил давомида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 75 078 нафар шахсга нисбатан 58 697 та жиноят иши кўриб чиқилди.

1 010 нафар шахс оқланиб, реабилитация қилинди, судланган шахслар сони 56 542 нафарни ташкил этиб, шундан 17 610 нафар шахсга озодликдан маҳрум қилиш ва 37 503 нафарига бошқа турдаги жазолар тайинланди”, — дейилади ахборотда.
Вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида 14 518 нафар шахсга нисбатан 10 549 та жиноят иши кўриб чиқилган. 1 013 нафар шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 3 611 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилган.

Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан кассация тартибида 6 минг 264 нафар шахсга нисбатан жиноят ишлари кўриб чиқилган. 1 минг 245 нафар шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 534 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Ш. Мирзиёев 2022 йил 14 ноябрь куни одил судловни таъминлаш соҳасидаги устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказиб, тизимдаги қатор камчиликларни танқид қилинган, ҳар йили ўртача 1,5 миллион киши судларга мурожаат қилиши, вилоят судлари томонидан адолатли қарорлар чиқаришда етарлича масъулият кўрсатилмаётгани боис қоғозбозлик ортгани, 2022 йил бошидан буён вилоят судлари қарорларидан норози бўлган 18 минг фуқаро Олий судга келгани очиқланган эди.

Албатта, хато ва камчиликларни тан олиш уларни ҳал этиш йўлидаги дастлабки қадамдир. Аммо амалий ишларга қачон ўтилади? Мамлакатда қачон адолатли судлов тизими ўрнатилиб, судларда ишларни эскича кўриб чиқиш таомили ўзгаради, адвокатларнинг мавқеи, терговчиларнинг малакаси ошади? Ҳозирча бу саволларга аниқ-тиниқ жавоб бера оладиган мутасадди топилмаяпти. Олий суд ва Бош прокуратурадан муносабат кутиб қоламиз.

Ishonch.uz