Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Туркияда рўй берган зилзила тўғрисида ахборот берди.
Ўзбекистон ТИВ ўз ахборотида Туркиянинг бир қанча ҳудудларида кўплаб қурбонлар ва катта вайронагарчиликларга сабаб бўлган кучли зилзила ҳақидаги хабарни чуқур қайғу билан қабул қилганини билдириб, ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдиради ва жароҳатланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилайди.
Шунингдек, 2023 йил 6 феврал Тошкент вақти билан соат 11:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг Туркиядаги дипломатик ваколатхоналарига зилзила оқибатида ҳалок бўлган ва жароҳатланган Ўзбекистон фуқаролари бўйича маълумот келиб тушмаганини маълум қилмоқда.
“Ўзбекистон фуқаролари зарур ҳолларда мамлакатимизнинг Анқарадаги Элчихонаси (тел.: +90-312-441-38-71, +90-312-441-17-46) ва/ёки Истанбулдаги Бош консулхонасига (тел.: +90-212-323-20-37, +90-212-323-20-39) мурожаат қилишлари мумкин”, – дейилади ТИВ ахборотида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия ва Сурияда 7,4 балли зилзила содир бўлгани ва бу кўплаб вайронагарчиликлар ва қурбонларга сабаб бўлгани ҳақида хабар қилинган эди.



