Камондан ўқ отиб, онаси тенги аёлни ярадор қилган йигитга суд ҳукми ўқилди

270

Андижон шаҳридаги болалар истироҳат боғида ташкил этилган камондан ўқ отиш майдончасидаги ўйин кўнгилсизлик билан якунланди. Эҳтиётсизлиги ортидан махсус нишон қолиб, келинлари билан сайилга келган аёлни яралаган 23 яшар О.Абдурашидовга суд ҳукми ўқилди.

Маълум бўлишича, кўнгилочар масканда сураткашлик билан шуғулланадиган йигит шу ердаги ўйингоҳда камон ўйнаётиб, ўқни белгиланган масофадан узоқроқдан нишонга олмоқчи бўлади. Бироқ ўқ мўлжал қолиб, нишон ортидаги вагон ўйингоҳда ўтирган аёлнинг томоғига санчилади.

Судда жабрланувчи М.Мамадалиева келини ва набиралари билан Андижон шаҳрига тиббий кўрикдан ўтиш учун келиб, юмушлари битгач, набираларини айлантириш мақсадида истироҳат боғига боришганини ва кутилмаганда мана шу кўнгилсизликка дуч келганини маълум қилди.

Жумладан, аёл ўйингоҳдаги поезднинг охирги вагонига чиқиб ўтирганларида, бирдан томоғига нимадир келиб санчилиб, ўзини йўқотиб қўйганини, сўнг “Тез ёрдам” машинасида шифохонага олиб бориб, операция қилишганини таъкидлайди. Шунингдек, шифохонада ётган чоғида судланувчининг онаси 3-4 маротаба ҳолидан хабар олганлиги ҳақида кўрсатма бериб, даволаниши учун сарфланган 60 миллион сўм моддий зарарни судланувчидан ундириб, унга қонуний чора кўришни сўради.

Мазкур иш жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди судьяси Элёр Пирматов раислигида кўриб чиқилиб, О.Абдурашидов Жиноят кодекси 111-моддаси 2-қисми (эҳтиётсизлик орқасида баданга оғир шикаст етказиш) билан айбли деб топилди ва 360 соат мажбурий жамоат ишлари жазоси тайинланди.

Шунингдек, жабрланувчига унга етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундириш масаласида даъво аризаси билан фуқаролик судига мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.