Ҳужжатда ҳамма иш топган, амалда эса йўқ

53

Edu.uz сайтининг хабар беришича, битирувчилари иш тополмаган нодавлат олий таълим муассасалари фаолияти тугатилиши мумкин.

Яъни «ОТМларидаги иқтидорли талабалар рўйхатини тузиш ва улар билан алоҳида ишлаш механизмини йўлга қўйиш масаласида таклифлар берилди. Олий ва профессионал таълим муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилиши, айниқса, ишга жойланмаган битирувчилари сони кўп бўлган нодавлат ОТМлари сифатсиз таълим бераётган муассаса деб топилиши ва келажакда уларнинг фаолиятини тугатиш масаласи кўриб чиқилиши ҳақида огоҳлантирилди», дейилади Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов баёнотида.

Вазир битирувчиларни ишга жойлаштириш масаласида нодавлат ОТМларини огоҳлантирибди. Азбаройи жон куйдирганидан бўлса керак-да? Тўғри, жон куйдириш керак. Лекин нега фақат нодавлат муассасалари? Давлат ОТМлари-чи? Уларнинг натижаси ҳам бу борада мақтанарлимас-ку?!
Шундай экан, бу ишда қонуний ёндашув зарур.
«Чунки бизда ҳали-ҳануз давлат томонидан лицензияланадиган хусусий сектор субъектларини ўз бўйсунувидаги идорадек тасаввур қилиш барҳам топмаган. «Лицензиянгни мен бераман, жонинг мени қўлимда-ку» деган муомала йўқолмаган. Агар вазирлик лицензияни қандайдир сабаб билан бекор қилса, буни асослантириши, низо туғилса, бу иш судда кўрилиши керак.

Умуман олганда, ОТМларига иш топиб беришни мажбурият қилиб қўйиш фалсификацияга олиб келади. Ҳужжатда ҳамма иш топган, амалда эса йўқ. Бу борада аччиқ амалиётни кўрганмиз. Яъни бу касб-ҳунар коллежларида жорий этилган «икки томонлама шартнома»ни ёдга соляпти. Эсласангиз, коллеждан бериладиган шартномани қай йўл билан бўлса-да, кимгадир имзолатиш керак эди. Текшир-текшир бўлганда ҳамма қоғозда иш ва амалиёт билан таъминланган, аммо натижа «0». Наҳотки, кўра-била туриб, яна шу ишга қўл урсак…Кимни алдаяпмиз? Ўзимизними?

Инчунин, ёшларни фақат иш топиши учун ўқитмаслигимиз керак. Вазирлик давлат ва нодавлат ОТМларининг фақат талабаларни ишга жойлашиши эмас (юқорида айтганимиздек, бу аҳвол давлат ОТМларида ҳам аянчли аҳволда), балки билим бериш, талабани амалиётга жалб қилиш борасидаги мониторингини кучайтириши керак эмасми?

P.S: Мисол учун, дунёнинг «Топ-3» га кирадиган Ҳарвард, МИТ, Стэнфорд университетларида талабаларни ишга жойлаш масаласи умуман муаммо эмас. Чунки уларнинг аксарият талабалари билимда ҳам, амалиётда ҳам бошқалардан устун. Сабаби — уларда ўқитиш мониторинги тўғри йўлга қўйилган. Университет талабасини ишга киритиш учун эмас, билим бериш учун ўқитади. Талабада ҳам шундай позиция шаклланган.