Газета – газетхон – газета

31

Ҳаёт билан уйғун ҳолда яшашга не етсин! Кимдир эришган ютуғидан севиниб, ўзгалар билан баҳам кўргиси келади. Кимдир жамиятни қийнаб келаётган муаммога ечим излаб, қўлига қалам олади. Ёзганларини тезроқ матбуотда эълон қилиб, эл билан баҳам кўришни истайди.
Азиз газетхон! Сизни-да шундай ҳолат илҳомлантирса, ҳеч иккиланмай бизга йўлланг. Эркин минбарингиз бўлган нашримизнинг «Газета – газетхон – газета» саҳифасида, албатта, чоп этамиз. Зеро, қоғозга тўкилган битикларингиз кимгадир сабоқ, ким учундир ёруғ йўл бўлса, ажаб эмас!

Заҳматкашлар меҳнатига кўзгу

Давлат кадастрлар палатаси Фарғона вилояти бошқармасида 20 йил давомида турли вазифаларда фаолият юритдим. Бу даврда касаба уюшма кўмагидан кўп маротаба баҳраманд бўлганман. Айниқса, ўзим ва ота-онамни соғломлаштиришда касаба уюшмаларининг имтиёзли йўлланмалари асқатган.
Буни қарангки, ўтган йилнинг декабрида иш берувчи томонидан буйруқ расмийлаштирилиб, мен билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди. Оилада ёлғиз боқувчиман. Қарамоғимда 2 нафар вояга етмаган фарзандим бор. Уларни тарбиялаш, ўқитиш, қолаверса, рўзғор ташвиш­лари ёлғиз ўзимга қолган.
Ўйлаб-ўйлаб Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгашига амалий ёрдам сўраб мурожаат қилдим. Мурожаатимни ўрганиб чиққан ҳуқуқшунослар меҳнатга оид бузилган ҳуқуқларимни тиклаш бўйича бош­қарма бошлиғи номига тақдимнома киритди.
Тақдимнома қаноатлантирилиб, Давлат кадастрлар палатаси Фарғона вилояти бошқармасининг бўлим бош мутахассиси вазифасига ишга тикландим.
Қадрли «Ishonch» газетаси ­жамоаси. Аъзоларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келаётган, кўмак кўрсатиб, эл ҳурматига сазовор бўлаётган касаба уюшмалари ва ушбу жамоат ташкилотида фаолият кўрсатаётган фидойи инсонларга миннатдорлик сўзларимни нашрингизда чоп этсангиз ғоят бахтиёр бўлар эдим. Зеро, ишчи-ходимлар ­манфаати йўлида тинмай изланишда бўлган заҳматкашлар меҳнатига кўзгу тутиб, халқимизга қанча кўз-кўз қилсак шунча кам.

Севара УЗОҚОВА
Фарғона шаҳри

Адолат истаб…

Навоий вилояти Кармана тумани Наврўз ­қишлоғида туғилганман. Отасидан етим қолган уч нафар фарзандларим ҳали вояга етмаган. Тўққиз йилдан буён тортаётган азоб-уқубатларимни айтсам тош ёрилади, аммо одамзоднинг жони тошдан ҳам қаттиқ экан, чидаб келаяпман. Бева қолиб ички ишлар, суд-ҳуқуқ органлари ва мажбурий ижро бюроси бўлимларига ишим тушди, лекин турли баҳоналардан зада бўлганим қолди.
Турмуш ўртоғим Ҳамза Нарзуллаевни 2014 йилда Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида Ўктам Исомиддинов деган киши енгил автомашинада уриб кетгач, уч кун ўтиб касалхонада вафот этди. Бу масала анча-мунча югур-югурлардан сўнг, туманлар ҳамда вилоят судларида бир неча марта қайта-қайта кўрилди. Аммо мени қониқтирадиган, адолат тамойилларига тўғри келадиган қарор чиқарилмади. Орадан икки йил ўтиб, Кармана туманлараро фуқаролик суди жавобгар Ўктам Исомиддинов ҳисобидан менинг фойдамга 18 миллион сўм миқдорида маънавий зарар ундириш ҳамда вояга етмаган уч нафар фарзандимга 18 ёшга тўлгунига қадар ойма-ой алимент тўлаш мажбурийлиги ҳақида қарор чиқарди.
Жавобгар хоҳлаган пайтда фақат икки фарзандим учун арзимаган пул жўнатади. Бироқ суднинг қарорида белгиланган 18 миллион сўмлик маънавий зарардан ҳалигача дарак йўқ. Бу борада Каттақўрғон шаҳар ва Самарқанд вилояти мажбурий ижро бюроларига жуда кўп бор мурожаат қилдим. Улардан нуқул «Жавобгарнинг тўлов имконияти йўқ», деган бир хил жавобни оламан. Самарқанд вилояти мажбурий ижро бюроси вакилларидан бири ўтган йилнинг сўнгигача суд қарорида кўрсатилган маблағни жавобгардан ундириб берамиз, деган эди. Яқинда у билан яна хабарлашдим. Афсуски, умидимни пучга чиқариб, яна илгаригидек «Тўлаш имконияти йўқ экан», деган жавобни олдим. Охири асабларим чарчаб, ҳаммасига қўл силтадим.
Мамлакатимиздаги ҳамма яхши инсонлардан, раҳбарлардан, «Ishonch» газетаси таҳририятидан илтимос қиламан, мана шу масалада амалий ёрдам беринг. Ахир мен ҳам онаман. Келгуси йилда катта ўғлим ўн саккиз ёшга тўлади. Ўқийман, кейин уйланаман, деса дардимни кимга айтаман?
Яхшиямки, маҳалламизда яхши инсонлар бор экан, уларнинг беминнат ёрдами билан уйимизга яқин масофада жойлашган оилавий поликлиникага ишга жойлашдим. Рўзғорни амал-тақал қилиб турибман. Аммо катта ташвишларга кучим етмайди. Илтимос, ёрдам беринг…

Гулжаҳон МАҚТАГАНОВА
Кармана тумани

Шоҳбекатсиз шаҳар

Яқинда қўшнимизга қизи тушган тожикистонлик отахон шундай деб қолди: «Гулистонда ҳавас қилгулик шоҳбекат бор эди. Ўратепага шу жойдан автобусга чиқардик. Бу келишимда Янгиердан йўлга чиққан автобусимиз шаҳар ичкарисида тўхтади. Бекатлигини ҳам англамадим. Зеро шаҳарга ташриф буюрган меҳмон шоҳбекатга қараб баҳо беради-да!». Бу оғриқ жиҳатимиз матбуотда ёритилса, балки ечим топар деган умидда қўлимга қалам олдим.
Ҳа, бир вақтлар Гулистон шаҳрининг қоқ белидан кесиб ўтган Тошкент-Душанбе магистрал йўлининг кунботар томонида кўркам автошоҳбекат бўларди. Бу ердан шаҳарлараро ва шаҳар атрофига 28 та йўналиш бўйича автобуслар қатнарди. Ўн йилдан ошдики шоҳбекат ҳувуллаб қолди: автобуслар, микроавтобуслар ва йўналишли таксиларнинг «оёғи узилди».
Шу ўринда автовокзал (ўша пайт­лари Гулистон шаҳар автовокзали деб юритиларди)нинг тарихига назар ташласак. 1966 йилда автовокзал карнай-сурнайлар садоси остида очилган. 1980-1984 йилларда қайта қурилиб, ўзгача салобат касб этди. Истиқлолнинг илк йилида жорий таъмирдан чиқарилиб, йўловчилар учун барча шароитлар яратилди. 1200 квадрат метр ҳудудни қамраб олган мажмуада 200-250 нафар йўловчини бағрига сиғдирадиган кутиш зали, 6 та чиптахона, 12 та автоперрон, 50 нафар хўрандага мўлжалланган чойхона, механик, диспетчер, кузатув, юк сақлаш, техник кўрик ва ҳайдовчилар дам оладиган хоналар, 600 квадрат метр саҳнни эгаллаган автобуслар тураргоҳи, автомобилларни ювадиган 4 та шохобча жой олганди. Бундан ташқари, йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида сартарошхона, тиббиёт ҳамда она ва бола дам олиш хоналари ташкил этилганди.
Вақт-соати келиб, замона зайли билан автовокзал хусусийлаштирилди. Тадбиркор Рустам Боййигитовга ўтган шоҳбекат «Гулистон шаҳар автовокзали» МЧЖ мақомини олди. Аста-секин йўналишли автобу­слар вокзални тарк этиб, шаҳар ичкарисига интила бош­лашди. Сабаби оддий: улар иложи борича йўловчиларга яқинлашишни мақсад қилиб олишганди. Чунки шоҳбекат шаҳарнинг маҳалла қисмида жойлашган. Йўловчилар темир йўл устига қурилган осма кўприкни босиб ўтишлари, анчагина пиёда юришларига тўғри келарди. Бироқ шаҳар ичкарисида барча йўналишларга қатнайдиган уловларни қамраб оладиган автовокзалнинг ўзи йўқ эди. Шу боис айни дамда шаҳар атрофига қатнайдиган автобуслар ўнлаб жойларга сочилиб кетган. Бирор жойга отланмоқчи бўлсангиз, фалон жойга борадиган автобуслар қаерда туради, дея сўроқлашга мажбур бўласиз. Айниқса, Сирдарёга меҳмон бўлиб келганларнинг сарсон бўлишини айтмайсизми?!
– Гарчанд вилоят йўл ҳаракати хавфсизлигига мутасадди ташкилот томонидан тасдиқлаб берилган йўналишлар схемаси (режа)да барча шаҳар атрофи ва шаҳарлар­аро қатнайдиган автобус ва микроавтобуслар бизнинг вокзалдан қатнаши лозим бўлса-да, бунга ҳеч ким амал қилмаяпти. Натижада, барча автобус ва микроавтобуслар шаҳар ичкарисидаги автотураргоҳлардан (бекат эмас) қатнаб, йўл ҳаракатининг тиғизлигини келтириб чиқармоқда, – дейди «Гулистон шаҳар автовокзали» МЧЖ иш юритувчиси Одил Абдибоев.
Катта саҳнни эгаллаган автовокзал бинолари деворлари одамлар кирмагани учун анча тўкилиб қолган. Одил Абдибоевнинг айтишича, банкдан кредит олиб қисқа фурсатда мажмуани эпақага келтириш мумкин эмиш. Бунинг учун энг аввало, шаҳар бўйлаб сочилиб кетган автобуслар ва микроавтобусларни Гулистон автовокзалига қайтариш керак бўларкан. Бу иш эса шаҳар ҳокимлиги, йўл ҳаракатига дахлдор ташкилотларнинг саъй-ҳаракатига боғлиқ бўлиб турибди.
Қайси шаҳарга борманг, шоҳбекати бор. Шоҳбекати йўқ шаҳарнинг қишлоқдан нима фарқи бор? Гулистонлик раҳбарлар бу оддий ҳақиқатни қачон тушуниб етишади? Саволлар кўп, жавоблар эса…
Жорий йилнинг 31 январь куни Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида жамоат транспортининг янги тизимини жорий этиш бўйича ўтказилган йиғилишда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан йўл ва чорраҳаларда жамоат транспортига устуворлик бериш, бекатларда аҳоли ва тадбиркорларга шароит яратиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Бу гулистонлик мутасаддиларга туртки бўлар, балки… Қани, яна бироз кутайлик-чи?

Муҳаммадали АҲМАД
Гулистон шаҳри

Қўлдан берганга қуш тўймас

Сариосиё туманининг «Маданкон» маҳалласида яшайман. Аёл бошим билан рўзғорнинг бутун юкини зиммамга олганман. Қийналган вақтларим кўп бўлди. Кимдан мадад кутишни билмай аро йўлда қолганимда «Аёллар дафтари»га киритилдиму турмуш тарзим бутунлай ижобий томонга ўзгарди.
Хотин-қизларга томорқадан даромад манбаи сифатида фойдаланиш учун имтиёзли кредитлар берилаётганини эшитиб, маҳалла раисига учрашдим. Илтимосим ерда қолмади, тадбиркорлик қилишим учун 31 миллион 900 минг сўм олиш ва иссиқхона қуришим учун шароит яратилишига кўмаклашилди. Беминнат кўмак сабаб томорқамнинг бир қисмида иссиқхона ташкил қилдим.
Бугун иссиқхонада етиштирилган бодринг, помидорлар ғарқ пишиб, кўзни қувнатиб турибди. Кунора бозорга чиқариб, сотиб кел­япмиз. Энди аввалгидек хавотирим йўқ, аксинча, эртанги кунга ишончим баланд. Олдинлари болаларимнинг келажаги ҳақида ўйлашга қўрқар эдим. Сабаби, ишсиз, қўлим калта эди-да. Баъзан кундалик юмушларга чиқиб, арзимаган чой-чақа олар, бундай ишлардан оладиган даромадим билан базўр қозон қайнатардим. Энди эса…
Излаган имкон топар, дейишади. Кўпинча, кенг ҳовлиси бўла туриб ҳеч нима экмасдан давлат менга ёрдам қилиши керак, муҳтожман, дея арз-дод қилувчиларга қўлдан берганга қуш тўймас, озгина ҳаракат қилсанг, меҳнат қилсанг, томорқанг сени боқади, буни ўз тақдиримда кўриб турибман, дегим келади. Фақат одамнинг ўзида қунт, иштиёқ бўлса кифоя.
Ҳаётим кимларгадир ўз йўлини топишида туртки, кимларгадир хулоса чиқаришига сабаб бўлса, деган ўйда борича ёздим…

Наргиза АДИНАЕВА
Сариосиё тумани

Дардимни aритганларга раҳмат

Узоқ йиллар далада ишладим. Намгарчилик, оғир меҳнат саломатлигимга путур етказди. Тизза бўғимида суяк емирилиши ташхиси билан даволандим. Муолажалар наф бермади. Бор-будим дори-дармонга сарф бўлди. Оёқдан қолиб саккиз ой шифтга термулиб ётдим. Охирги чора жарроҳлик амалиёти дейишди. Бу амалиёт учун ўттиз миллион сўм маблағ сарфланар экан. Бизда бундай пул йўқ.
Турмуш ўртоғим иккимиз арзимаган нафақага кун кўрамиз. Ўғлим юрак нуқсони билан туғилган. Шунинг учун уни ҳар жабҳада аяймиз, моддий кўмак сўрамаймиз. Топганини оиласи-ю уч норасидасига етказса бўлгани. Операция учун талаб этиладиган ­маблағни тўлаш имконимиз йўқлиги сабаб тушкунлигим ортгандан ортиб борди. Бир умр юра олмай қоламан, деган ваҳима қалбимни кемирди. Шундай ­пайтларда турмуш ўртоғим менга далда бўлиб турди, Аллоҳ бир ердан ёрдам етказади, кўрасан, деб кўнглимни кўтаришдан чарчамади.
Шукрки, ўша ёрдам кўп ўтмай эшигимизни қоқди. «Аёллар дафтари» асосида кўмак таклиф қилиб келишганида қувониб кетдим. Сунъий бўғим қўйиш амалиёти учун керакли маблағ ажратиб берамиз, дейишди. Операция учун йигирма етти миллион сўм маб­лағ ўтказиб берилгач жарроҳлик столига ётдим. Ҳозир аҳволим анча яхши. Ҳассага таяниб ўрнимдан туряпман, бир-икки қадам ташлаб мустақил юришни бошладим. Олти ойлардан кейин кўрмагандай бўлиб кетасиз, дейишяпти шифокорлар.
Ташвишимга шерик бўлиб, менга ёрдам қўлини чўзган, дардимни аритганларга «Ishonch» газетаси орқали ўз миннатдорлигимни билдираман.

Зуҳро ЖЎРАЕВА
Когон тумани