2023 йил 3 февраль куни Жиззах вилояти Пахтакор туманида номаълум шахслар пайнет шохобчалари орқали қалбаки пулларни муомалага киритаётгани аниқланди.
Вилоят ИИБга кўра, ходимлар номаълум шахснинг 4 млн 300 минг сўм миқдоридаги қалбаки пулни пайнет орқали банк пластик картасига тушириб олганидан хабар топган. Экспертиза ушбу пулларнинг сохталигини тасдиқлаган ва ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ишлари бошланган.
Суриштирув давомида ушбу ҳолат бўйича Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани ва Жиззах шаҳрида яшовчи икки нафар шахс терговга жалб қилинган.
Гумонланувчилардан 10 дона пайнет чеки, 39 дона банк квитанцияси ва 1 дона банк пластик картаси ҳужжатлаштириб олинган. Уларнинг кўрсатмаси билан 4 та пайнет шохобчасидан 4,5 миллион сўм миқдоридаги қалбаки пуллар ҳам олинди.
Шунингдек, Жиззах шаҳридаги қурилиши тугалланмаган бинога яшириб қўйилган, гумонланувчилардан бирига тегишли бўлган 18 миллион сўм миқдоридаги қалбаки пуллар ҳам ҳужжатлаштириб олинди. Суриштирув жараёнида улар қалбаки пулларни Самарқанд вилояти Пайариқ тумани Хўжаисмоил маҳалласида истиқомат қилувчи шахсдан сотиб олгани аниқланди.
ИИО ходимлари тезкор тадбирни давом эттириб, Самарқанд вилояти Пайариқ тумани Хўжаисмоил маҳалласида яшовчи шахсни қўлга олишганида, у 200 минг сўмлик қалбаки купюраларни 60 минг сўмдан Бухоро вилояти Бухоро шаҳри Пиридастгир маҳалласида яшовчи шахсдан сотиб олганини билдирди.
Шундан сўнг Жиззах вилояти ИИБ ЖҚБнинг коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ходимлари бухоролик ҳамкасблари билан биргаликда тезкор тадбир олиб боришди. Тадбирда Бухоро шаҳрининг Фурқат маҳалласи ҳудудида 100 миллион сўм қалбаки пулни 30 миллион сўмга алмаштирган шахс қўлга олинди. Кўп ўтмай сохта пулларни тайёрлашда иштирок этган Бухоро шаҳри Фурқат ҳамда Муртазоев маҳаллаларида яшовчи 3 нафар шахс ушланди. Уларнинг тураржойидан 336 миллион 400 минг сўм сохта пул, 4 та компьютер жамланмаси, 5 дона принтер, 3 дона қоғоз кесиш мосламаси ва 35 дона рангсиз лак ҳужжатлаштириб олинди.
Умумий ҳисобда гумонланувчилардан 462 миллион 400 минг сўм қалбаки пуллар ашёвий далил тариқасида ҳужжатлаштириб олиниб, таркибида 6 киши бўлган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди ва уларнинг барчаси вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилди.
Ушбу ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
