Ижтимоий тармоқларда “Самарқанддаги маҳаллий блогерлардан бири маст ҳолда ресторанда жанжал кўтаргани, ишчиларга куч ишлатишга урингани, шунингдек, ички ишлар ходимларини ҳақорат қилгани” ҳақидаги видео тарқалган эди. Ушбу ҳолат юзасидан Самарқанд вилоят ИИБ расмий муносабат билдирди.
Шу йилнинг 12 февраль куни Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқаро М.А. шаҳардаги “Истиқлол” ресторанида овқатланиб, спиртли ичимлик таъсирида ресторан ишчиларидан қўшиқ айтиш учун микрофон келтиришни сўраган.
Ишчилар ресторанда “караоке” йўқлигини, иш вақти тугаганини тушунтирмоқчи бўлишганида, фуқаро М.А. уларни уятсиз сўзлар билан ҳақорат қилиб, урмоқчи бўлган.
Ресторан ишчилари миллий гвардия қўриқлаш хизматини чақиришган.
Қўриқлаш хизмати ходимлари М.А.ни тинчлантирмоқчи бўлганида, ходимларнинг қонуний талабларига бўйсунмай, хизмат фаолиятига қаршилик кўрсатган.
Шундан сўнг М.А. Самарқанд шаҳар ИИО ФМБ 2-сон ИИБга олиб келиниб, тинчлантиришга уринилган. Аммо М.А. меъёридан ортиқ спиртли ичимлик истеъмол қилгани сабабли бақир-чақир қилиб, капитан Д.Шодмоновнинг шаъни ва қадр-қимматини камситиб, уятли сўзлар билан ҳақорат қилган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати
