Қозоғистон молия вазири ўринбосари Даурен Темирбеков Сенатдаги чиқишида Миллий жамғарма даромадларининг 50 фоизи 18 ёшгача бўлган барча ёшдаги болалар ўртасида тақсимланишини назарда тутувчи механизм лойиҳасини тақдим қилди.
Темирбековнинг башоратли ҳисоб-китобларига кўра, бу ушбу дастурда иштирок этаётган болага туғилгандан бошлаб 150-160 АҚШ доллари миқдорида 18 йиллик тўловни олиш имконини беради.
Россиянинг РБК нашри “бола пули”га ажратиладиган маблағларнинг ҳар йили мамлакат қазилма бойликларидан олинадиган даромадлар ҳисобига қопланишини айтмоқда.
Қайд этилишича, банк ҳисобрақамлари бола туғилгандан сўнг дарҳол автоматик тарзда очилади ва 18 ёшгача ҳар йили 1 январь куни тўлдириб борилади. Ҳисобдан пул маблағларини фақат вояга етганидан кейин ишлатиш мумкин бўлади. Ҳисобдаги маблағлар солиқдан ҳам озод қилинади.
Ҳисобдан пул олиш фақат мақсадли эҳтиёжлар – таълим ёки уй-жой сотиб олиш (фақат Қозоғистон ҳудудида) учун амалга оширилади. Шунингдек, 18 ёшга тўлган ҳисобрақам эгасига хорижий таълим муассасасида ўқиш учун тўловни амалга ошириш учун ушбу маблағлардан фойдаланишни чекламаслик ҳам кўзда тутилади.
18 ёшга тўлгач, ҳисобдаги маблағлар 5-10 йил давомида сақланади. Агар улар талаб қилинмаса, уларни пенсия ҳисобварағига ўтказиш таклиф этилади. Бундан ташқари, бу маблағлар мерос қилиб олиниши ҳам мумкин.



