Энергетик муаммога ечимни давлат қуёш панелидан, олимлар сувдан, амалдорлар эса “движок”дан излашмоқда

169

Охирги икки-уч ҳафта мобайнида Андижон вилояти раҳбарлари энергетика тизимидаги муаммоларни бартараф этиш масаласига янада жиддийроқ эътибор қаратишмоқда. Деярли ҳар куни ҳоким бошчилигида ҳали у, ҳали бу жойда олимлар, энергетика тизими мутахассислари, турли ташкилотлар раҳбарлари, тадбиркорлар иштирокида ушбу мавзуга бағиш­ланган машварат ўтказилмоқда. Уларда асосан битта масала кун тартибига қўйилмоқда: қандай йўл тутсак, электр энергиясида тақчиллик бўлмайди?

Бу жон куйдиришлар бежиз эмас, албатта. Чунки ҳали заҳри кетиб улгурмаган аномал совуқ пайтлари мамлакатда кузатилган энергетик инқироз андижонликларни ҳам четлаб ўтмади. Электр токига эҳтиёж кескин ортиши туфайли таъминотдаги узилишлар соатлаб, айрим жойларда суткалаб давом этди. Ўтган йил январь ойида вилоят бўйича 436 миллион киловатт соат электр истеъмол қилинган бўлса, жорий йилнинг дастлабки ойида бу кўрсаткич 473 миллион киловатт соатга етди. Ёки айтайлик, бултур таъминотда деярли узилиш бўлмаганди, бу йил эса ҳар уч соатлик ёқиб-ўчиришлар билан бир қаторда, суткасига 12 соатгача чекловлар ҳам киритилди.

Қуёш панеллари сотиб олганларга нималар ваъда қилинмоқда?

Бугун ҳудудда қуёш панелларига муаммонинг асосий ечими сифатида қаралмоқда. Шунга кўра, мазкур муқобил энергия манбаини тарғиб қилиш ва ҳаётга татбиқ этиш бош масалага айланди. Вилоят ҳокимлигининг интернет платформаларидаги саҳифаларига жойлаштирилган ижтимоий реклама ролигида қайд этилишича, бу мосламани ўрнатган истеъмолчиларга бериладиган имтиёзлар ва яратиладиган қулайликлар катта. Яъни хонадонингизга 5 киловатт соат қувватдаги қуёш фотоэлектр станцияси ўрнатсангиз, бу сизга ўртача 50 миллион сўмга тушади. Шу тариқа бепул электр энергиясига эга бўлиб, истеъмолдан ортганини давлат электр корхонасига сотишингиз мумкин. Бунинг учун сизга ҳар киловаттига минг сўмдан ҳақ тўланади.
Агар сиз тадбиркор, масалан, меҳмонхона соҳиби бўлсангиз, 210 миллион сўмга 36 та қуёш панели, 19 та сув иситиш қурилмаси ўрнатиб, бир йилда ўртача 290 минг киловатт соат электр энергиясини, қолаверса, 240 минг куб метр табиий газни тежайсиз. Буни пулга чаққанда йилига ўртача 275 миллион сўм маблағ ёнингизда қолади. Қуёш қурилмалари учун сарфланган харажат бир йилдаёқ ўзини оқлайди. Энг муҳими, сиз 19 йил давомида электр энергияси ва иссиқ сув учун ҳаражат қилмайсиз.
Ҳар бир ўрнатилган қуёш ва шамол электр ускунаси учун қувватига қараб 15 миллион сўм, сув иситиш қурилмаси учун 2 миллион сўмгача компенсация тўланади. Ускуна пулини уч йил ичида фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти мавжуд. Ҳар иккала турдаги қурилмаларни ўрнатган жисмоний шахслар 3 йил, тадбиркорлик субъектлари эса 10 йил давомида ер ва мол-мулк солиғидан озод этилади.

Давлат идораларидан аҳоли хонадонларигача…

Ҳозир вилоятдаги давлат идораларига қуёш панелларини татбиқ этиш жараёни авж олган. Улар вилоят миқёсидаги бош­қармалардан тортиб туман ташкилотлари, ҳатто таълим муассасаларига ҳам ўрнатилмоқда. Масалан, қуёш панелларини ўрнатиш ва ишга тушириш бўйича вилоят марказий банки 580 миллион сўмга, мактабгача таълим бош­қармаси 220 миллион сўмга шартномалар тузган. Шунингдек, айни мақсадда адлия бошқармаси 605 миллион сўмлик, давлат кадастрлар палатасининг вилоят бошқармаси эса 330 миллион сўмлик тендер ­эълон қилган. Бунда, албатта, нархлар панеллар сони ва электр бериш даражасига қараб фарқланмоқда.
Маълумотларга кўра, вилоятда ўтган йили 1100 та объект­­га қуёш фотоэлектр станцияси, 413 та жойга сув иситиш қурилмалари ўрнатилган. Жорий йил январида эса 107 та давлат ташкилоти, 71 та ижтимоий соҳа объекти, 56 та тадбиркорлик субъекти бу янгиликни амалиётга жорий этган.
Муқобил манба аҳоли орасида ҳам фаол тарғиб қилинмоқда. Натижада ҳозиргача 1834 та хонадонда қуёш панеллари ишга туширилди. Балиқчи туманининг «Ботир» маҳалласида яшовчи Дониёрбек Ғаниевнинг айтишича, унинг уйига 33 миллион сўмлик имтиёзли кредит асосида ўрнатилган қуёш панеллари ёритиш тизимлари, музлаткич, телевизор ҳамда кондиционердан фойдаланиш имконини беряпти.
Қисқа фурсатда оммавий равишда қўлланила бошлаган муқобил манбаларнинг нечоғлик афзаллиги, сарфланаётган харажатлар ўзини қай даражада оқлаши беш-ўн кун ичида кўзга ташланадиган натижа эмас. Камида олти ойлик ёки йиллик таҳлиллардан сўнггина бу борада аниқ хулосаларга келиш мумкин. Ҳозирги асосий вазифа эса маҳсулот харид қилишда танловга катта аҳамият бериш, имкон қадар таннархни тушириш ва жараёнга тажрибали мутахассисларни жалб этишдан иборат бўлиши зарур.

Олимлар сув имкониятларига кўпроқ эътибор қаратишмоқда

Фарғона политехника институтининг илмий ишлар бўйи­­ча бўлим бошлиғи, техника фанлари доктори, профессор Сирожиддин Эргашев микроГЭСлар воситасида сувдан электр энергияси олиш бўйича изланишларни анча аввал бошлаб юборганди. Унинг раҳбарлигида 2021 йил сентябрида Жанубий Фарғона каналининг Марҳамат туманининг Роҳат маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмида – табиий шовва устида микроГЭС барпо этишга киришилди. Лойиҳага Инновацион ривожланиш вазирлиги 1 миллиард сўм грант, институт 200 миллион сўм миқдорида маблағ ажратди.
Бир йилдан сўнг, аниқроғи, бултур октябрь ойида соатига 50 киловатт электр токи етказиб бериш қувватига эга лойи­­ҳа ишга тушди. Ҳозир унда кунига 1200 киловатт соат электр энергия ишлаб чиқарилмоқда. Бу «Роҳат» МФЙдаги 240 хонадоннинг бир кунлик ўртача истеъмолини қоплайди, дегани.
Маълумки, юртимизда электр энергиясининг асосий қисми табиий газдан олинади. Сирожиддин Эргашевнинг ҳисоб-китобига кўра, юқорида тилга олинган қурилма барқарор ишлаб турса, у етказиб берган электр энергияси туфайли бир йилда 173 минг куб метр табиий газ тежалади. Муҳими, Жанубий Фарғона каналининг 14 та қисмига шундай микроГЭС қурса бўлади. Уларнинг айримларида табиий шовванинг баландлигига ва сув миқдорига қараб, соатига 400 киловаттгача энергия олиш мумкин.
Оқар сув имкониятларидан фойдаланиб, ҳудуддаги гидроэлектростанциялар шарофати билан тизимда мавжуд муаммоларни камайтириш мумкин, деган фикр вилоят раҳбариятини ҳам қизиқтириб қўйди шекилли, ҳозир 4 та ҳудудда ана шу масала устида бош қотирилмоқда. Хусусан, бир вақтлар Избос­кан туманида ишга туширилиб, қирқ йилча бурун фаолияти тўхтатилган ГЭС фаолиятини қайта тиклаш масаласи ҳам кун тартибига қўйилмоқда.

Биргина «лекин»и бор, уни ҳал қилса бўладими?

Биз суҳбатлашган энергетиклар бугун қуёш панелларидан унумли фойдаланишга қанчалик урғу берилаётган бўлса, ­микроГЭСлар масаласига эътибор ҳам бундан кам бўлмаслиги кераклигини таъкидлашди. Ҳатто «МикроГЭС қуёшга дахлдор анча-мунча қурилмалардан самаралироқ», дейишди. Аммо…
МикроГЭСнинг битта «лекин»и бор. Мисол учун, юқорида Сирожиддин Эргашевнинг лойиҳаси соатига 50 киловатт электр энергияси беришини айтдик. Бунинг учун эса оқар сув миқдори доимо барқарор бўлиши керак. Шунингдек, ишлаб чиқарилган электр токи бир вақтнинг ўзида тўлиқ истеъмол қилиниши зарур. Яъни истеъмолчининг эҳтиёжи етказиб берилаётган энергия миқдоридан ошиб кетса ҳам, камайиб кетса ҳам ишлаб чиқариш барқарорлигига салбий таъсир кўрсатади. Янаям соддароқ қилиб айтсак, ҳар бир хонадон учун кунига 5 киловатт ток етказиб бериляптими, у тўлиқ ишлатилиши даркор.
Муаммо айни шу ўринда кўзга ташланади. Айтайлик, қайсидир оила аъзолари эрталабдан кечгача ишда ёки ўқишда бўлишгани боис бу хонадонда кундузи электрга эҳтиёж сезилмайди. Бошқа бир уйда яшовчилар эса, бир нечта маиший техникадан бир вақтнинг ўзида фойдаланишади. Истеъмол билан боғлиқ ана шу беқарорлик, юқорида айтилганидек, микроГЭС фаолиятига салбий таъсир кўрсатади.
Вилоят ҳудудий электр тармоқлари корхонаси мутахассиси фикрича, бундай муаммога дуч келмаслик учун микроГЭСлар етказиб берадиган энергияни тўлиғича ишлаб чиқариш объектларига йўналтириш мумкин. Чунки тадбиркорлик субъект­ларида доимий равишда бир хил – муайян миқдорда электр энергияси истеъмол қилинади.

Ортиқча генератор сотиб олиш – давлат бюджетига зарар

Дарвоқе, электр энергиясини иқтисод қилиш, муқобил манбаларни кенгайтириш жараёнларида қизиқ ҳолатлар юзага келмоқда. Яъни, сўнгги бир-бир ярим ой ичида бюджет ташкилотларининг аксарияти ёппасига бензин ёки дизель ёнилғиси билан ишлайдиган генератор харид қилишга киришиб кетди. Жумладан, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Андижон филиали 264 миллион сўм, Улуғнор тумани тиббиёт бирлашмаси салкам 110 миллион сўм, Хўжаобод ва Пахтаобод туманлари тиббиёт бирлашмаларининг ҳар бири 104 миллион 500 минг сўм миқдоридаги маблағга ана шундай қурилма сотиб олиш бўйича шартномалар расмийлаштиришди.
Беморга шошилинч ёрдам кўрсатиш ёки жарроҳлик ­амалиёти чоғида лоп этиб «свет» ўчса, оқибати нималарга олиб келиши мумкинлигини тасаввур қилиш қийин эмас. Шу маънода тиббиёт муассасаларида захира сифатида генератор харид қилинаётганини тушуниш мумкин. Аммо маҳаллий ҳокимликлар-чи? Молия бўлимлари-чи? Уларга бюджетдан катта маблағлар сарфлаб генератор сотиб олиш шартми? Яна давлат идоралари ёппасига қуёш панелларини татбиқ этаётган бир вақтда-я?!
Сўзимиз ёлғон бўлмасин, айни кезларда Олтинкўл тумани ҳокими ҳокимлик ва туман молия бўлими учун 42,5 миллион сўмдан жами 85 миллион сўмга 2 та генератор сотиб олишга фармойиш берган. Марҳамат ҳамда Жалақудуқ туманлари молия бўлимлари учун ҳам юқори кучланишли генератор сотиб олишга 67 миллион сўмдан, жами 134 миллион сўм ажратилган. Бундай мисолларни ҳокимликлар ва бошқа давлат идоралари фаолиятидан кўплаб келтириш мумкин.
Энди фараз қилинг, бир ҳокимликда ҳар куни уч соатдан «свет» ўчяпти. Дарҳол генератор ишга туширилади. Ўз-ўзидан аёнки, у гуриллаб туриши учун соатига фалон литрдан бензин керак. Бир қарашда арзимасдек туюлиши мумкин, аммо ойма-ой хомчўт қилинса, бензин учун ҳам мўмайгина маблағ ишлатилади. Бу сарф-харажат учун ўша генератор ишлатилган идора раҳбари ҳеч қачон киссасидан пул чиқармайди. ­­Ё қайсидир тадбиркор ҳомийлик қилади ёки яна маҳаллий бюджетга «миндирилади».
Демак, сотиб олинаётган генераторлар солиқ тўловчиларга ортиқча юк бўлиши ўз-ўзидан равшан. Шундай экан, бюджет маблағлари устидан назорат олиб борувчи идоралар зарурат туғилган шифохоналардан бошқа ташкилотлар ушбу қурилмаларни сотиб олишларини дарҳол чеклашлари лозим.

Ижтимоий тармоқларда болалаётган хавотирлар…

Беш-ўн кундирки, ижтимоий тармоқларда тадбиркорлик субъектларига, ҳатто айрим вилоятларда аҳоли вакилларига ҳам мажбурий тарзда қуёш панеллари ўрнатиш юзасидан маъмурий босимлар бўлаётгани ҳақидаги гап-сўзлар урчиб бормоқда. Бунда асосий эътироз бизнес вакиллари ушбу қурилмаларни эҳтиёжидан ортиқча миқдорда сотиб олишга мажбурланаётгани ва харид жараёнида эркин танлов йўқлигига қаратилмоқда.
Шубҳасиз, шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди. Шу маънода ушбу хайрли саъй-ҳаракатни оммалаштиришда маҳаллий ҳокимликлар тадбиркорлар бошида қамчи ўйнатишдан, «урҳо-ур» қабилидаги иш тутишдан воз кечишлари керак. Қолаверса, қуёш панеллари етказиб бериш ва ўрнатиш билан шуғулланувчи барча субъектларга баравар имконият бериш жоизки, харидор бозор қонуниятлари асосида маҳсулотни ҳисоб-китобига қараб, эркин танласин, ўзи истаган ҳамкор билан ишласин. Йўқса, соҳада монополия юзага келиши туфайли ижтимоий ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган эзгу режаларга путур етади. Бундан эса давлат ҳам, истеъмолчи ҳам ютқазади.

Нурилло НЎЪМОНОВ
«ISHONCH»