Ой офтобдан нур олади

43

ёхуд «кучли» ўқитувчининг ўқувчиси ҳам «кучли» бўлади

2023 йил юртимизда «Инсонга ­эътибор ва сифатли таълим» йили деб эълон қилингани бежиз эмас. Чунки таълимни тубдан яхшиламай туриб, янги Ўзбекистоннинг бугун жадал ривожланаётган мамлакатлар ўртасидаги рақобатбардошлигини таъминлашга, инновацион тараққиётга, аҳоли фаровонлигини оширишга, муҳими, инсонни том маънода қадрлашга эришиб бўлмайди.

Билим барча соҳаларда муваффақиятлар гарови саналади. Бу борада жўяли ва асосланган таклифлар билдириш эса, энг аввало, таълим муассасаларида ҳозирги ўқитиш ҳолатини мактаб уставига, таълим сифатига масъул бирлашмаларнинг амалдаги низомларига нечоғлик мослигини атрофлича муҳокама қилиш, масалага тизимли ёндашиш имконини яратади. Қолаверса, йилнинг бундай номланишидан асосий мақсад ўша соҳанинг мавқеини жаҳон стандартлари даражасига кўтаришдан иборатдир.
Фарзандларимизни ҳар томонлама комил инсонлар қилиб тарбиялаш ўқитувчиларнинг асосий вазифаси ҳисоб­ланади. Лекин комилликнинг қайси фазилатлари қайси синфда, кимларнинг ҳамкорлигида амалга оширилишига аниқлик киритиб олиш керак. Комилликнинг ҳалоллик, одоб сақлаш, раҳмдиллик, хушхулқлик, садоқатлилик, оқиллик, ватансеварлик, мардлик, устозларни эъзозлаш ва бошқа шу каби ўзига хос ахлоқ мажмуини болалар онгига сингдиришда маънавиятчилар, шоир-ёзувчилар, киночи ва спортчилар, илмий-тадқиқот институтлари ходимлари бизга тиргак бўлиш­лари лозим. Негаки, мазкур соҳада олинган билимларни амалиётга жорий этиш учун шундай жамият керак. Жамият жамоа­сини фозиллик ва комилликка йўналтиришга дахлдорлар маошини оқласин (Бухорий, Термизий, Маъмун каби илмий-тадқиқот институтларимиз шулар жумласидандир). Сирасини айтганда, жамиятда мактабга, муаллимга, таълимга муносабатни ижобий тарафга тубдан ўзгартириш бўйича бир қанча таклифларимиз бор.
Авваламбор, атроф-муҳит фуқаролик жамияти талабига яраша бўлишига эришишимиз жоиз. Бундай вазиятда бола мактабни, илмни, муаллимни ҳурмат қилади. Ўз навбатида, унда билим олишга эҳтиёжи шаклланади ва иштиёқ уйғонади. Қолаверса, ҳамкорларимизнинг асосий вазифаси ҳам шундан иборат.
Халқимизда «Уйда тана учун зарур нарсадан ташқари, ақл учун ҳам керакли озуқа бўлиши керак» деган гап бор. Лекин айрим оилаларда бундай имконият мавжуд эмас. Чунки ота-она ёки улардан бири чет элда, ажрашган, қамалган ва ҳоказолар. Айни ҳолатда бу вазифа кимга юклатилиши мақсадга мувофиқ?
Билими бор киши ҳамма жойда ўз ўрнини топади. Бу ойдек равшан. Бироқ билим беришда биз билган-билмаган янги услублар оммалашмай ётган бўлиши мумкин-ку! Уни ким юзага олиб чиқади?
Беруний бобомизнинг уқтиришича, билим қайтариш ва такрорлаш мевасидир. Қайтариш ва такрорлаш учун дарс соатлари етишмаслиги эҳтимолдан холи эмас. Эҳтимол, бундай вазиятда қийин ўзлаштириладиган мавзуларни бўлиб ўтиш керакдир. Стандартни ҳам ўзгартирайлик. Соат етишмаса, таътилларни қисқартирайлик. Япониялик болалар йилда атиги бир ойгина таътилда бўлсалар-да, олган билимлари бизнинг фарзандларимизникидан зўр. Биз қуёшли кунларда 100 кун дам олиб, қаҳратон қишда тумшайиб ўқиймиз. Нега таътилни қиш чилласига кўчириб, дарс соатларини кўпайтирмаймиз? Нега рус тартибидан чиқа олмаймиз?
Ўқувчи зўр бўлиши учун ўқитувчи ҳам зўр бўлиши керак! Бу аксиома. Қийинчилик йўқ жойда муваффақият қозонилмайди. Агар Сиз бирор улуғ иш қилмоқчи бўлсангиз, уни ўша заҳотиёқ амалга оширинг. Акс ҳолда, бой берилган вақтни ортга қайтариб бўлмайди.
Инсоннинг ўз устида ишлаши унинг виқорли тоққа айланишига хизмат қилади. Шундай экан, бирор нарсага ҳам майда-чуйда деб қараманг. Вазифангизга бефарқ бўлсангиз, дангасалик, унинг ортидан уқувсизлик, ишсизлик ва камбағаллик эшик қоқади. Билимли бўлиш кишидан катта меҳнат талаб қилади. Лекин ўша заҳматдан қочиб, зулматни қарғаб ўтириш ўрнига шам ёққан, билим олган, касб ўрганган минг карра афзал.
Журналист синглимиз Орзугул Рустамованинг «Ishonch» газетасида ёритилган мақоласи эсимда. Ҳаммамиз кўрган, эшитган бир эртакда қор маликасининг каромати туфайли юраги музлатилган болакайни бувиси иссиқ чой ва меҳр билан асл ҳолатига қайтаришга эришади. Нима деб ўйлайсиз, битта буви қилган ишни биз – юрт зиёлилари бирлашиб қила олмаймизми? Мана, биз учун «Изланиш майдони».
Ўз замонасининг илм пешвоси Имом Аҳмадга «Қачонгача илм ўрганасиз? Шунча ўқиганингиз етмайдими? Ахир катта олим бўлдингиз-ку», дейишганида у «Маъал михбори ҳаттал мақбаро», яъни, «Қабргача сиёҳдон билан бораман» дея жавоб қайтарган экан.
Замондош олим Холмуҳаммад Карим «Одамзод ўзига ато этилган ақл ва илмни ишга солиб, жаҳонда рўй бераётган илмий кашфиёт ва изланишлардан бохабар бўлиб турмаса, уларни ўз ҳаётига татбиқ этишни кечиктирса, тараққиётда қолоқликка мубтало бўлади», деганида минг бор ҳақ эди. Ҳушёр бўлайлик, бохабарлик кечикиш арафасида. Биз сифатли дарс бериб, ҳозирги авлодни илмга йўналтирсак, фидойилик кўрсатишга ўргатсак, жаҳолат ва илмсизликдан тезроқ холи бўламиз ва илғор халқлар сафига қўшиламиз.
Илгари асрлар давомида бўладиган ўзгаришлар ҳозир бир йилда рўй беряпти, тушимизга кирмаган минглаб янги касблар пайдо бўляпти. 30-40 йилдан кейин қайси касблар йўқолади, қандайлари пайдо бўлади, бунисини билмадиму, аммо келажакда моддий ва маънавий бойликлар жисмоний ёки механизациялашган меҳнат билан эмас, балки ақлни ишлатиш орқали ҳосил қилинадиган бўлади.
Бир манбада қуйидаги жумлаларга кўзим тушган эди: «Оддий, аммо машаққатли меҳнат билан топилган юзлаб бойликларимизга хориждан илм йўли билан яратилган битта нарсани сотиб олаяпмиз. Бу табиат бойликлари тугаса, технологиядан ортда қолсак, ниманинг ҳисобига яшаймиз?».
Сир эмас, ривожланган талай давлатлар маъданларни қўшни планеталардан, хусусан, ойдан олиб келишмоқда. Биз бу илмни ўрганишни қачон бошлаймиз? Таълим даражаси бўйича эса 189 та давлат ичида 71-ўриндамиз. Биринчи бешликдан ўрин эгаллашимиз учун бизга нима етишмаяпти?
Гапнинг индаллосини айтсак, биз Ўзбекистон аҳолисини илмли қилишимиз, барча бойликларни илм билан топишимиз керак. Янада аниқроғи, илм бизнинг асосий яшаш қуролимиз бўлиши керак. Бор диққат-эътиборни ҳозиргидек фанни ёдлатишга эмас, ­фикрлашга, ўзгаришларга тафаккур билан қарашга, жараёнларни қиёсий жиҳатдан таҳлил қилишга қаратишимиз лозим. Бунинг учун жамиятга оддий ўқитувчилар эмас, балки замон талабларига тўла-тўкис жавоб бера оладиган мутахассис-педагоглар керак. Самарқандлик олим, устоз Мамаюнус Пардаев таъбири билан айтганда, «Ибрат бўлиш қийин эмас, агар аждодлардан ибрат олсак, авлодларга ибрат бўламиз». Ўқидингми, фикрла, фикринг етмаяптими, яна ўқи!
Бутун биргалашиб курашишимиз керак бўлган бир иллат бор. У ҳам бўлса, билимли бўлишга иштиёқнинг йўқлигидир. Иштиёқ эса, қачонки билимга эҳтиёж бўлса, уйғонади. Иштиёқи йўқ кишига китоб ўқитиш қийин.
Тест имтиҳонлари ўтказилишига эътибор берсангиз, энг кўп ҳужжат топширган ва энг юқори балл олган абитуриентлар дипломатия, ҳуқуқшунослик ва иқтисодиёт соҳалари бўйича бўлади. 180 балл тўплаганлар ушбу мутахассисликлар бўйича ўқишга киролмайдилар. Педагогикада эса 56,7 балл­дан паст олганлар ҳам давлат грантига даъвогар. Қанийди, юқорида қайд этилган олий ўқув юртларига киролмай қолганларни 180 балл билан педагогикага йўналтира олсак. Ҳар ҳолда, озгина туртки бўларди. Акс ҳолда, мактаб учун қилинаётган ҳаражатлар ўзини оқламайди. Бу таклифимни маъқуллайдиганлар топилади, деган умиддаман.
Ўқув ва тарбия жараёнини бошқаришда ўқитувчининг қон-қонига болани тушуниш ва инсонпарварлик билан муносабатда бўлиш, унинг камолотини таъминловчи фикрлар жамламасини тизимлаштириш сифатлари сингиб кетган бўлиши керак. Шундагина унинг гап-сўзларидан, хатти-ҳаракатилари ва ҳатто кўз қарашларидан ҳам ҳақиқий устоз эканлиги сезилиб туради.
Иккинчи бир масала «қулоқсиз» ўқувчи машмашаси. Аслида бу ҳақда кўпчилик гапиради, лекин ҳеч ким, ҳатто, ушбу масалага масъул бўлган мактаб психологлари ҳам тайинли ечим бермайди.
Ўзингиз холисона айтинг, болаларни «ақлли» тиббиёт, яъни психологлар ёрдамида хотирасини яхшилаш, ўйлаш тезлигини ошириш, тўғри тафаккур юритишга ўргатиш вазифаси кимнинг зиммасида? Бу болани илм олишга тайёрлаш дегани эмасми? Мен масъулиятни ўзгалар гарданига юкламоқчи эмасман, фақат бирлашишимиз даркор демоқчиман.
Хуллас, Инсонга эътибор ва сифатли таълим йилида ўзимизга берилган имкониятлардан тўлиқ ва оқилона фойдалансак, соҳамиз қаддини ростлаб олади. Афсонавий эртаклардаги қаҳрамонлар бизни бепарволикка чорлаб, чалғитиш орқали ухлатиб қўйиш ниятида тўқилган чўпчак. Демак, улар ҳаётда йўқ. Аслида сиз ва биз кутилган қаҳрамонлармиз. Модомики, шундай экан, ўз муаммоларимизни ўзимиз бир мушт бўлиб ва астойдил ҳаракат қилиб, ҳал этайлик.

Маҳмуд БОБОЁРОВ,
Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси
ўринбосари