Садир Жапаров Қирғизистоннинг собиқ президентларини бир ерга тўплади

46

Амалдаги президент Садир Жапаров Қирғизистоннинг собиқ президентларини бир ерга тўплади. Бу ҳақда унинг ўзи Facebook маҳифасида маълум қилган. 

У мамлакат келажаги борасида ўйлаб юрган орзуси ушалгани – миллатининг азалий ҳамжиҳатлиги йўлида собиқ президентларнинг бошини бирлаштириб, бир дастурхонга ўтирганини айтади.

“Глобаллашув даврида ички барқарорлик ва миллий тотувликка интилаётган давлатларгина ривожланиб, қудратли давлатларга айланиб бормоқда. Буюк империялар барпо этган, Евроосиё маконини эгаллаган қадимги қирғиз халқининг бугунги аҳволи қандай? Биз тарқоқлик ва ҳокимият учун кураш туфайли собиқ империямиздан айрилиб, Марказий Осиёнинг бир гўшасида қолиб кетаётганга ўхшаймиз. Ҳа, мустақил давлат деб эълон қилган бўлсак-да, тараққиётимизни нима орқага сурмоқда? Шундай саволларни ўртага ташласак, бирин-кетин савол кетидан савол туғилаверади”, – дейди Жапаров.

Унинг таъкидлашича, ҳозирда мамлакат аҳолиси турли ҳудудларда собиқ президентлар тарафдорлари бўлиб бўлиниб олишган.

“Ҳаммамиз учун муқаддас бўлган Қирғизистоннинг абадий келажаги ҳақида ўйласак, “Акаевчи”, “Бакиевчи”, “Атамбаевчи”, “Отунбаевчи”, “Жеенбековчи”, “Доконцачи” ва бошқа “чилар”ни йўқ қилишимиз керак. Ҳаммани бирлаштириш (раҳбарларни бирлаштирмасдан тарафдорлар бирлаша олмайди)ни мақсад қилиб, қирғиз халқининг келажагини ўйлаш керак”, – деб ёзади у.

Қирғизистон президенти бу тадбирни узоқ вақтдан буён ташкил этишни режалаштиргани, ва ниҳоят бугун шу ишга аҳд қилиб, “қирғиз таомини пишириб, яқин тарихда мамлакатга раҳбарлик қилган президентларнинг бошларини бир жойга тўплаганини” айтади.

Унинг айтишича, собиқ давлат раҳбарлари миллат келажаги учун ўз ўтмишларини унутиб, бир мушт остида бирлашиш ташаббусини қўллаб-қувватлаганлар.

“Албатта, бирин-кетин келган собиқ давлат раҳбарлари аччиқ гапларни ҳам гапирдилар. Ўзларининг хафагарчиликларини тўкиб солишди. Шу билан бирга ўзларининг камчиликларини ҳам тан олишди. Энг муҳими, улар бир-бирларини кечира олишди. Бу менинг мақсадим эди. Менинг орзуим, ҳар бир президент тарафдорлари, етти вилоятимиз аҳолиси бир йўналишга эътибор қаратиб, сиёсатни ташлаб, бир нафасда иқтисод ва миллатни ривожлантиришга бел боғлаши эди”, – дейди умид билан Садир Жапаров.

Шунингдек, у халқни бирлашишга чорлаб, мамлакат суверенитетини, мустақиллигини мустаҳкамлаш, тараққиёт учун барча имкониятларга эга Қирғизистонни ривожлантириш йўлида барча ўтмишни, ғазаб, шикоят ва норозиликларни четга суриш кераклигини таъкидлайди.

“5-10 йиллик шахсий манфаатларимиз ҳақида эмас, Қирғизистоннинг абадий манфаатлари ҳақида ўйлайлик. Менинг олдимдаги давлат раҳбарларининг ҳар бирига нисбатан шахсий манфаат ёки шахсий ҳасад йўқ ва бу менга керак ҳам эмас”, – дейди у.