2023-2024 ўқув йилидан бошлаб тиббиёт коллеж ва техникумларида кадрлар тайёрлаш тизими мутлақо янги тартиб ва йўналишларда йўлга қўйилади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг навбатдаги Ҳайъат йиғилишида маълум қилинди.
Вазирлик хабарида таъкидланишича, бирламчи бўғин муассасалари учун коллежларда умумий амалиёт ҳамширасини тайёрлаш 2 йиллик дастур асосида амалга оширилади. Шунингдек, техникумларда ихтисослаштирилган ҳамширалар (хирургия, парамедик, анестезиология, физиотерапия, фелдшерлик, нур ва фунционал диагностика, тиббий профилактика иши, фармасевт ассистенти, стоматология, ортопедик стоматология техниги) 3 йиллик дастур асосида тайёрланади.
Олий таълим муассасаларида олий малакали ҳамширалар тайёрлаш 4 йиллик халқаро ўқув дастурлари асосида амалга оширилади. Бунда талабалар 2 йил Ўзбекистонда, 2 йил хорижда таълим олади.
Бундан ташқари, 2023 йил феврал ойидан бошлаб 2-Республика тиббиёт коллежи негизида шифокор ва ҳамшираларни тайёрлаш бўйича Саудия Арабистонининг “Ал Ҳабиб академияси” ташкил этилади.
Шунингдек, Туркиянинг соғлиқ билимлари университети билан ҳамкорликда Ҳамширалар Академияси фаолияти йўлга қўйилади.
