Кейинги йилларда амалиётга ишсизликдан ҳимояланишнинг бир қатор усуллари татбиқ этиб келинмоқда. Шулардан бири жойларда ташкил этилаётган меҳнат ярмаркаларидир.
Ҳудудларда ўтказилаётган «Бўш иш ўринлари меҳнат ярмарка»ларида юртдошларимизга бўш ва вакант лавозимлар тақдим этилиши билан бирга, ҳуқуқий кўмак ҳам кўрсатилмоқда. Ана шу тадбирлар боис ўзига муносиб иш топаётганлар ҳам бор. Аммо кўп ҳолларда тақдим этилган вазифаларнинг аксари ўз эгасини топмаётгани ҳам сир эмас.
2022 йилда Самарқанд вилоятида ҳудудлар кесими бўйича 283 та «меҳнат ярмаркаcи» ташкил этилган. Уларда 10000 дан ортиқ корхона ва ташкилот 52997 та бўш иш ўрни билан иштирок этган. Пахтачи, Тойлоқ, Каттақўрғон ва Ургут туманларида бўш иш ўринлари йил давомида иш ахтарганларга тақдим этилган. Бандлик идоралари бор имкониятларини ишга солса-да, иш қидирганлар вазифа танлашда иккиланишмоқда.
Оддий бир мисол. Йил давомида меҳнат ярмаркаларида иштирок этган 25894 нафар фуқаронинг 4443 нафаригина ишга жойлашиш учун йўлланмага эга бўлишган. Ажабланарли жиҳати шуки, салкам 53000 га яқин бўш ва вакант лавозим негадир ўз эгаларини топмади. «Мана иш» деган таклифдан ишсиз одам нега «ноз» қилмоқда? Муаммонинг илдизига етиш учун ҳамон иш излаётган баъзи фуқаролар билан мулоқот қилдик.
– Бандлик идоралари тавсияси билан фермер хўжалигига ишга ўтдим, –дейди Баҳодир Ҳамроев. – Келишувга кўра, меҳнатимга ишбай ҳақ тўланиши керак эди. Озроқ ишлаганимдан сўнг хўжалик раҳбари ойига 800 минг сўм пул тўлашини айтди. Кўндим. Уч ой ишладим. Аммо қўлимга бир сўм ҳам ололмадим. Иш ҳақимни сўрадим, фойдаси бўлмади. Далага боришни шартта йиғиштирдим.
– Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтини тамомлаганман, – дейди Саъдулла Қўшназаров. – Ўзимга мос ишни ҳанузгача топганим йўқ. Бўш иш ўринлари ярмаркаларини кузатиб бораман. Аммо у жойларда тақдим этилаётган иш ўринларининг аксарияти оддий. Яъни, яхши маошли, мутахассисга манзур бўладиган бирорта вазифа ҳақида эълон берилмайди. Ҳали бирорта ҳокимлик ёки қишлоқ хўжалигига дахлдор бошқармаларнинг бўш иш ўринларини тақдим этганини кўрмадим.
Мулоқотлардан аён бўладики, жадвал асосида ўтказиб келинаётган меҳнат ярмаркаларини тубдан кўриб чиқиб, янгиликлар киритиш керакка ўхшайди. Чунки иш берувчилар тақдим этаётган бўш ўринлар ва уларга тўланадиган маош миқдори кўпчиликни қониқтирмаётир.
– Меҳнат ярмаркаларида ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, жамоат ташкилоти вакиллари ҳам фаол иштирок этиб келмоқда, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Самарқанд вилояти кенгаши Меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими мудири Зуҳра Маматқулова. – Меҳнат ярмаркалари иштирокчиларига ҳуқуқий маслаҳатлар бериб борилмоқда. Ўтган йилда 20381 нафар иштирокчига меҳнат шартномасини белгиланган тартибда тузиш, меҳнат дафтарчаси юритиш, хавфсиз ва қулай меҳнат шароитларида ишлаш ва бошқа меҳнат муносабатларига оид тамойиллар тушунтирилди.
Айни чоғда вилоятдаги 2347 та корхонада ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишга қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун 10197 та иш ўрни банд этилган. Йил давомида 10215 нафар фуқаро ишга жойлаштирилди. Уларнинг 2687 нафарини ёлғиз ота-оналар, 14 ёшгача ва қарамоғида ногирон фарзандлари бўлган фуқаролар ташкил этади.
– Бандлик бошқармаси ва ҳамкор ташкилотлар билан бўш иш ўринлари ярмаркаларининг самарадорлигини кўтариш масаласида фикрлашяпмиз, – дейди касаба уюшмалари вакили. – Жорий йилда бўш иш ўринлари тақдим этаётган корхоналар мутасаддилари олдига қатор талаблар қўйилади. Мақсадимиз меҳнат ярмаркаси орқали ҳар ким ўз ўрнини топишига кўмаклашиш сифатини яхшилашдан иборат.
Нурилла ШАМСИЕВ
«ISHONCH»
