Сув битмас бойликми?

57

Машина ювиладиган жойларда тоза ичимлик сув кўп исроф қилинади. Ёзда тарвузни водопроводнинг тагига қўйиб, сувни соатлаб очиб қўямиз. Айрим жойларда водопровод суви беҳуда оқиб ётади. Ошхоналарда идиш-товоқлар устига оби-ҳаётни бемалол оқизиб қўядиганлар ҳам йўқ эмас.

Хизмат сафари билан Жиззах вилоятининг Пахтакор туманига бордим. Ҳамкасбим кўпқаватли уйда яшаркан. Кечқурун уникига бордик. Фарзандининг унга «Саидрасул сувни ортиқча ишлатди», деганини эшитиб, ажабландим. Кейин билсам, онаизор фарзандларига сувни нимага, қачон ва қанча ишлатишни ўргатган экан. Чунки сув эрталаб ва кечқурун икки соатгина бериларкан, холос. Танқис бўлгани учун ҳаттоки ҳовлига сув ҳам сепишмас экан. Ҳовлига экин-тикин қилиш ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.
Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида бўлганимда, дугонамнинг ҳовлисида усти ёпилган ҳовузга кўзим тушди. Қизиқиб сўраб, билдимки, дугонам шу ҳовуздаги сувни сотиб олиб ишлатишар, агар тугаса, яна харид қилишар экан.
Ҳамкасбим Наргис бир воқеани айтиб берди. Чехия­дан келган журналист биздаги кўпқаватли уйда яшаётган одамларнинг салқин бўлсин дея «дом» олдига тоза сувни сепишаётганини, ҳовлиси борлар томорқасини ичимлик сув билан суғораётганини кўриб, роса ҳайратланибди. У Наргисга «Нега ичимлик сувини увол қиляпсизлар? Булар жарима тўлаши керак! Бизда сув фақат ичиш учун ишлатилади. Томорқа учун техник сувдан фойдаланилади», дея куйиниб гапирибди.
Биз ҳақиқатан ҳам, ичимлик сувни бебилиска ишлатамиз. Қачон уни тежаб ишлатишни ўрганамиз?

Хонбиби ҲИММАТ қизи,
журналист