ОАВлар орқали аҳоли, айниқса, ёшлар, турли хил интернет ўйинларидан тинимсиз огоҳликка чақирилаётган бўлишига қарамай, бугун кўпчилик тузоққа тушмоқда. Хусусан, ўсмирлар орасида «1хbet» оммалашиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас.
Фарғоналик Отабек Рустамов ҳам айни шу қиморга ружу қўйганлардан эди. У бизга «1хbet» туфайли бошига тушган кўргуликларни сўзлаб берди:
Ўзига тўқ, зиёли оилада туғилиб, ўсганман. Эркаликми, соддаликми коллежда ўқиб юрган кезларим букмекрлик ва тотализатор ўйинларига қизиқиб қолдим.
Тўғри, ижтимоий тармоқлардаги ўйинлар оқибати яхшилик билан тугамаслигини билардим. Аммо бу мен билан содир бўлмайди, деб ўйлаганман. Шунчаки эрмак сифатида қараганман. Истаган вақтимда ундан чиқиб кета олишимга кўзим етарди. Лекин…
Бошида 10 минг сўм пул билан футболга купон қилдим. Шу-шу «1хbet» овунчоғимга айланди. Бора-бора тикаётган пулларим миллион сўмга айланди.
Бир куни 15 миллион сўм ютқазиб қўйдим. Ўзимни қўярга жой тополмай, хунобим ошди. Қаердан бўлса ҳам пул топиб, ютқазган пулимни қайтариб олиш истаги тинчлик бермасди.
Таниш-билишдан қарз олдим. Уларни ҳам ўйинда бой бердим. Қарзларни қайтариш учун каттароқ миқдорда пул топиб, «Рулетка» ўйнашни мақсад қилдим. Бироқ атрофимда менга пул бериб турадиган одам қолмаганди.
Ўйиннинг хумори тута бошлагач, фуқаролик паспорти эвазига кредит берадиган марказлардан маиший техника олдим ва ярим баҳосига сотиб, пулини ўйинга тикдим. Охир-оқибат, ютказган сумма 70 миллион сўмга етди.
Олган қарзим ва кредитим тўланмаганидан кейин уйга пулларини сўраб келувчилар кўпайди.
Боши берк кўчага кириб қолган вақтим миямга ҳар хил ўйлар кела бошлади. Ҳатто жонимга қасд қилмоқчи бўлган пайтларим ҳам бўлди. Шундай паллада ота-онам жонимга оро кирди. Отам ҳаммасидан хабардор бўлгач, қарзларимни тўлади.
Инсон ҳар қандай ҳолатда тушкунликка тушмаслиги, ҳаётини давом эттириши керак экан. Болаликдан саънатга ўзгача қизиқишим бор эди. Шу қизиқиш ортидан маҳаллада ҚВЗ жамоасини шакллантириб, «Беш ташаббус олимпиадаси»да қатнашдик.
Мусобақанинг финал босқичида саҳнада туриб, мени қайта ҳаётга қайтарган, ботқоқдан олиб чиққан ота-онамдан кечирим сўрадим. Ўша пайтда ичимдан ўтган туйғуларни сўз билан ифодалаб беролмайман…
Айни пайтда Қўқон давлат педагогика институти талабасиман. Тенгқурларимга ваъзхонлик қилиш ниятида эмасман. Бўлар-бўлмас ўйинларга берилиб кетган тенгдошларимга айтарим шуки: бунинг охири вой. Вақтида кўзингизни очинг. Бу ўйинлар бошида турганларнинг баландпарвоз гапларига учманг. Текин пишлоқ фақат қопқонда бўлар экан. Буни мен ўз бошимдан ўтказдим.
ЎзЖОКУ талабаси
Муҳаммадшукур МУҲАММАДЖОНОВ
ёзиб олди
