Совуқ кунларда болажонларда шамоллаш ва томоқ оғриғи кўп кузатилади. Уларни яхши даволамаслик кейинчалик турли касалликларнинг ривожланишига олиб келиши мумкинлигини ҳамма ҳам билавермайди.
Болаларда учрайдиган ревматик касалликлар ҳам зах оқибатида ёки оддий шамоллашни тўлиқ бартараф этмаслик натижасида келиб чиқади. Кардиоревматолог Юлдуз ТАНГИБАЕВА билан мулоқотимиз худди шу мавзуда кечди.
– Юлдуз Шуҳратовна, болалар орасида тез-тез учраб турадиган ревматизмнинг келиб чиқиши ҳақида сўзлаб берсангиз?
– Ревматологик касалликлар тизимли бўлиб, инсон иммунитети ушбу хасталик оқибатида пайдо бўлган оқсилларни танадаги фойдали оқсиллардан фарқлай олмай қолади ва ўзига қарши ўзи кураша бошлайди. Захда, совуқда узоқ муддат қолиб кетиш, ёзда жуда совуқ сувда чўмилиш натижасида бўғимларнинг шамоллаши ёки сурункали томоқ оғриғи – тонзиллитни яхши даволамаслик натижасида ҳам ревматологик касалликлар пайдо бўлади. Охирги пайтларда болалар орасида ревматизмга чалинишнинг асосий сабабларидан бири бу томоқ оғриғи, яъни сурункали тонзиллитни тўлиқ даволамасликдир.
Стафилокок каби зарарли бактериялар таъсирида кечадиган сурункали тонзиллитда вируслар ўзидан зарарли токсинлар ажрата бошлайди. Ана шу зарарли токсинлар аввал суяк бўғимларида яллиғланиш ҳосил қилади. Бунда баъзи-баъзида боланинг тиззаси, оёқлари оғрийди. Бу ҳолатга ота-оналар унчалик эътибор бермаслиги мумкин. Чунки бола кўп юрганида, тепаликка кўтарилганида оёқ оғриғидан шикоят қилади. Бунга катталар кўпинча одатий ҳол сифатида қарашади. Ваҳоланки, бу тарзда юравериш натижасида жараён ривожланиб, у юрак бўлмачаси фаолиятига салбий таъсир қила бошлайди. Кўпинча ота-оналар ана шу ҳолатда – юракда ўзгариш кузатилганидагина шифокорга мурожаат қилишади.
– Ревматизм хасталигини ва унинг асоратларини йўқотиш мумкинми?
– Агар ревматизмнинг бошланғич босқичида шифокорга борилса, албатта, бу касалликни тўлиқ бартараф этиш мумкин. Бунда, аввало, вирус ўчоғи бўлган томоқ соҳаси, оёқ ва юрак аъзолари даволанади. Уларга физиотерапевтик муолажалар қилинади. Бола вақти-вақти билан ҳар олти ойда муолажалар олиб туриши натижасида хасталикдан халос бўлади. Аммо касалликнинг 3- ёки 4-босқичида мурожаат қилинса, унинг асоратларини, яъни бўғим ва юрак оғриқларини йўқотиш анча қийин кечади. Кўпинча касаллик иммунитети паст, камқон, кўча-куйда енгил егуликлар билан таомланишга одатланган болаларда кўп учрайди. Биласизми, ҳамма болалар ҳам қачондир совуқда қолиб кетади. Масалан, ўртоқлари билан қорбўрон ўйнаб совқотиши, автобус бекатида узоқ қолиб кетиши натижасида оёғидан совуқ ўтиши мумкин. Шундай пайтларда боланинг иммунитети кучли бўлса, организм ноқулай шароитдан ҳам зарарсиз чиқа олади. Агар иммунитет паст, камқон бўлса, шамоллаб қолиши ёки суяк ва бўғимларга шикаст етиши мумкин. Шу боис ревматизмни даволашда боланинг умумий ҳолати лаборатор текширувлардан ўтказилгач, ташхис қўйилади ва муолажалар бошланади. Камқонликни даволамасдан, иммунитетни кўтармасдан туриб, яхши натижага эришиб бўлмайди.
– Ота-оналар фарзандларининг бўғим ва суяк касалликларига чалинмаслиги учун нималарга эътибор қаратишлари зарур?
– Аввало, ҳар бир ота-она фарзандига эътиборли бўлиши, унда кузатилган касалликка «оддий шамоллаш» ёки «томоқ оғриғи» демасдан, боланинг буткул соғайиб кетишини таъминлаши шарт. Оилада болаларни соғлом турмуш тарзига ўргатиш керак. Бадантарбия ва спорт билан шуғулланиш жуда ҳам муҳим. Чунки бунда болаларда қон айланиш яхши бўлади, тана чиниқади. Бундай болаларда шамоллаш кам кузатилади.
Кўча-куйда тайёрланган енгил таомларнинг хавфи шундаки, уларда кимёвий қўшимчалар кўп бўлади. Қолаверса, уларнинг қандай усулда пиширилгани, тозаликка, гигиенага амал қилинганми-йўқми, билмаймиз. Турли fast-foodларни тайёрлаш жараёнида вируслар, зарарли бактериялар уни тайёрлаётган одамнинг қўлидан ўтиши оқибатида, бу егуликни истеъмол қилган болага ҳам юқиши мумкин. Яна бир жиҳат, ҳозирги кунда болаларга резина оёқ кийимлар кийдириш ҳолатлари кўп учрайди. Имкон қадар болаларга табиий чармдан тайёрланган оёқ кийим, пахтадан тайёрланган пайпоқлар кийдириш, оёғи терламаслигини таъминлаш зарур. Бундан ташқари, болаларнинг оёқ кийимидан сув ўтган-ўтмаганини ота-она текшириб туриши, уларнинг зах ёки совуқда қолиб кетишига йўл қўймаслиги керак.
«ISHONCH» мухбири
Зебо НАМОЗОВА суҳбатлашди



