Шавкат Мирзиёев Қўшилмаслик ҳаракати саммитида нутқ сўзлади

41

Озарбайжонда амалий ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 2 март куни Қўшилмаслик ҳаракати саммитида иштирок этди.

Саммитда сўз олган Ўзбекистон етакчиси тадбирни юқори савияда ташкил қилгани учун Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевга миннатдорчилик билдириб, Озарбайжон Етакчиси раислиги даврида Қўшилмаслик ҳаракатининг халқаро майдондаги ўрни ва нуфузини эътироф этди.

Шунингдек, сўнгги йилларда пандемия билан биргаликда иқлим ўзгариши, табиий офатлар ва техноген фожиалар ҳам кўпайгани, уларнинг нафақат айрим давлатлар, балки бутун бир минтақаларнинг хавфсизлиги ва барқарор тараққиёти учун жиддий хавф солаётганини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев, шу маънода, Ўзбекистон 2030 йилга қадар мўлжалланган Сендай ҳадли дастурининг асосий мақсадларига эришиш бўйича Глобал платформа фаолиятини янада кучайтириш тарафдори эканлигини билдирди.
“Бу каби фавқулодда ҳолатлар сабабларини чуқур ўрганиш ҳамда офат оқибатларини самарали бартараф этиш мақсадида Қўшилмаслик ҳаракатининг махсус мониторинг ва илмий тадқиқот тармоғини ташкил қилишни таклиф этаман.
Бу институтни Ўзбекистонда жойлаштиришга тайёрмиз”, – дейди Мирзиёев.

Ўзбекистон етакчиси, шу билан бирга бугунги даврда геосиёсий ва мафкуравий зиддиятлар кучайиб, уларнинг таъсирида жаҳоннинг турли нуқталарида янги нотинчлик ўчоқлари пайдо бўлаётганини ташвиш билан тилга олди. Бундан ташқари, Яқин Шарқ минтақаси ва Афғонистонда узоқ вақтдан буён сақланиб қолаётган низоларнинг глобал ечими ҳанузгача топилгани йўқ.

Айниқса, сўнгги пайтларда барча давлатларда ўсиб бораётган терроризм ва экстремизмнинг хавф-хатарига қарши Ташкилот доирасида амалий алоқаларни кучайтириш тобора долзарб тус олмоқда.

“Ана шундай таҳликали вазиятда биз Қўшилмаслик ҳаракатини терроризмнинг ҳар қандай кўринишига қарши курашнинг халқаро-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш бўйича умумий интилишларга етакчилик қилишга чақирамиз.
Ушбу жараёнда Ҳаракатга аъзо барча давлатларнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти доирасида кўп томонлама ҳамкорликни янада фаоллаштиришига қатъий ишонамиз.
Шунингдек, бу муаммоларни халқаро миқёсда самарали ҳал этиш ва тизимли мувофиқлаштиришда БМТ ва унинг ихт́исослашган тузилмалари албатта асосий ролни бажариши лозим.

БМТни ислоҳ қилиш жараёнида, Хавфсизлик Кенгаши таркибида келгусида Қўшилмаслик ҳаракати аъзоларининг доимий ўрни бўлиши керак.
Шу ўринда афғон масаласи бўйича алгоритмни келишиш учун БМТ ҳузурида Халқаро музокаралар гуруҳини тузишга доир Ўзбекистон таклифини қўллаб-қувватлайсизлар, деб ишонаман.

Глобал кун тартибидаги яна бир муҳим масала – бу давом этаётган ва якуни ҳали кўринмаётган иқтисодий инқироз асоратларини юмшатишдир.
Барчамиз жаҳон савдо алоқалари заифлашуви, саноат ва логистика занжирлари узилишининг салбий таъсирини яқиндан бевосита ҳис қилаяпмиз.
Бундан ташқари, озиқ-овқат маҳсулотлари, сув ва энергетика ресурсларининг тобора тақчил бўлиб бораётгани мамлакатларимиз ижтимоий-иқтисодий тизимлари учун жиддий синов бўлмоқда.

Минг афсуски, бундай қийин вазиятда энг катта оғирлик ва салбий таъсир, аввало, айнан ривожланаётган давлатлар зиммасига тушмоқда.
Шуни таъкидламоқчиманки, бугунги саммит каби нуфузли анжуманлар биринчи навбатда ўзаро амалий ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма дастурлар ва йирик лойиҳаларни илгари суриш учун кенг иқтисодий имкониятлар эшигини очиб бериши лозим.

Бу хайрли режани амалга ошириш мақсадида, Ташкилотимиз саммитлари арафасида Қўшилмаслик ҳаракати Иқтисодий форумини мунтазам ўтказиб боришни таклиф этаман.

Ишончим комилки, бундай муҳим тадбирлар инновациялар, замонавий билим ва илғор технологиялар алмашувини жадаллаштиришга, умуман олганда, тўртинчи саноат инқилоби, хусусан ақлли иқтисодиётни ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор яратишга хизмат қилади”, – дейди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон Президенти ўз нутқида пандемиянинг салбий таъсири ҳақида тўхталиб, бу жараён, аввало ёшларнинг ҳаётида сезилаётганини таъкидлайди.

“Уларнинг сифатли таълим ва профес-сионал билим олиш, тиббий хизматлардан фойдаланиш ва спорт билан шуғулланиш имкониятлари кескин камаймоқда.
Энг ёмони, ёш авлоднинг келгусида ҳаётда ўз муносиб ўрнини топишига бўлган ишончи ва қатъияти сусаймоқда.

Шунингдек, минглаб ёшларнинг онгу тафаккурига бузғунчи ва радикал мафкуралар таъсири ҳам тобора кучаймоқда.

Биз ўтган йили Тошкент шаҳрида бу масалалар ечимига қаратилган, ёшлар таълими ва тарбиясига бағишланган иккинчи глобал конференцияни ўтказдик.
Бу борада сиёсат ва режаларимизни уйғунлаштириш, тўплаган тажриба-ларимиз билан ўртоқлашиш мақсадида Ҳаракатимиз Ёшлар тармоғининг “Чексиз имкониятлар саммити”ни келгуси йил жаҳон цивилизацияси марказларидан бири бўлган кўҳна Самарқандда ташкил этиш ниятидамиз”, – дейди Мирзиёев ўз нутқини якунлаб.