Сенатнинг бугунги ўттиз еттинчи ялпи мажлисида “Молиявий истеъмол кредити бериш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан “Истеъмол кредити тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 15-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида”ги Қонун кўриб чиқилди.
Унга кўра, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмаган товарлар (хизматлар) учун ҳам истеъмол кредити ажратишга рухсат бериш кўзда тутилган.
Хусусан, жисмоний ва юридик шахслар томонидан сотиладиган товарлар (хизматлар), шунингдек, Ўзбекистон Республикасига ташқаридан келтирилган товарлар (хизматлар) учун молиявий истеъмол кредитлари бериш имкониятини назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда.
Шунингдек, Қонун билан истеъмолчи молиявий истеъмол кредити олиш тўғрисида истеъмол товарларини (хизматларини) ишлаб чиқарувчи корхонани ёки реализация қилувчи ташкилотни олдиндан ёзма шаклда хабардор қилиш тартиби бекор қилинмоқда.
Қонуннинг қабул қилиниши аҳоли истеъмол кредитларини расмийлаштиришда енгиликлар яратилишига, мамлакатда маҳсулот ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш кўламининг кенгайишига хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Маълумот учун, истеъмол кредитини ишлаб чиқарувчидан ёки сотувчи ташкилотдан фақат Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган истеъмол товарларини сотиб олиш учун бериш тўғрисидаги талабларни бекор қилиш тўғрисидаги Президент фармони 2018 йил 30 октябрда қабул қилинган.
Мазкур тартибни амалда қўллаш учун аниқ муддат кўрсатилган бу ҳақдаги Ҳукумат қарори 2020 йил 20 июнда имзоланган ва унда охирги муддат 2021 йилнинг 31 сентябри этиб белгиланган. Жамоатчилик муҳокамасига эса 2022 йилнинг 10 сентябрига келиб қўйилган.
Истеъмол кредити тўғрисидаги қонунга ўзгартиришлар парламентга 2022 йилнинг 22 декабрида киритилди.
