Пойтахт ИИББ ота-оналарни “Рёдан” ҳаракати бузғунчиликларидан огоҳлантирди

54

Тошкент шаҳар ИИББ ота-оналарни “Рёдан” ҳаракати бузғунчиликларидан огоҳлантирди.
Расмий ахборотга кўра, тегишли ташкилотларга Ўзбекистонда ҳам япон комиксларидан бирининг қаҳрамонларидан илҳомланиб тузилган “Рёдан” халқаро ёшлар ҳаракати мухлислари борлиги ҳақидаги хабарлар келиб тушган.
Хўш, ота-оналар ушбу ҳаракат ҳақида нималарни билиши лозим ва у қандай хавф туғдириши мумкин?

Қайд этилишича, дастлаб “Рёдан” ҳаракати ташкил этилганда, интернетдаги бир нечта виртуал жамоалардан иборат бўлган: улар япон анимация санъати мухлислари бўлиб, ўсмирларни қизиқишлари бўйича бирлаштиришдан бошқа мақсадларни кўзламаган эди. Болалар ўзларининг севимли санъатларини муҳокама қилар ва шунга ўхшаш кийимларни (орқасида ўргимчак расми ҳамда 4 рақами бўлган катакли шим ва футболкалар) танлашар эди.
Бироқ, вақт ўтиши билан ҳаракатдан янги йўналиш ажралиб чиқиб, улар ичида бир қатор тажовузкор шахслар пайдо бўлди. Улар ҳудуддаги вазиятни беқарорлаштириш, ўсмирларнинг тўлиқ шаклланмаган дунёқарашига таъсир ўтказиш орқали уларни назорат қилишни мақсад қилиб олдилар. Бунинг оқибатида, тармоқдаги бегона шахсларнинг бузғунчи шиорлари таъсирига берилиб кетган болалар жамоат жойларида тўпланиб, оммавий тартиббузарликларни уюштира бошладилар.
Айни пайтда “Рёдан” ҳаракати томонидан уюштирилган бундай ҳолатлар Россия Федерацияси, Украина, Белорусия ва бир қатор бошқа давлатларда қайд этилган.

Жанжаллар томонларнинг турли даражадаги тан жароҳатлари олишига, шахсларнинг мулкига зарар етказилишига, кўплаб маъмурий ва жиноий ишларнинг қўзғатилишига олиб келади.

Тошкент шаҳар ИИББ, ўз навбатида, мамлакатда бундай оқибатларнинг олдини олиш зарурлигини қайд этиб, ота-оналардан фарзандларига эътиборли бўлишини, уларнинг қизиқишларини, айниқса субмаданий қизиқишларига бефарқ бўлмасликни сўрамоқда.

“Болаларнинг аниме ва мангага бўлган қизиқишини қоралаб бўлмайди. Лекин, бу қизиқиши туфайли у номаълум шахсларнинг таъсирига тушиб қолмаётганлигига, виртуал дунёни ҳақиқатдан ажрата олиш қобилиятини йўқотмаганлигига ишонч ҳосил қилинг.

Фарзандларингизнинг ҳаётига, уларда кечаёган ўзгаришларга бефарқ бўлманг: улар билан дўстона муносабатда бўлиш орқали қизиқишларини, иштиёқини муҳокама қилинг, шу йўл билан уларнинг фикрини ўрганасиз ва уларда бўлаётган ўзгаришларни сезиш имконингиз ошади”, – дейилади пойтахт ИИББ ахборотида.