Дунёга бўйлашаётган фикр ва сўз эркинлиги кафолати мустаҳкамланган юрт

74

Инсон дунёга ҳур ва эркин ҳолда келар экан, у турли чекловлар асосида ҳаёт кечириши ҳеч бир жамият учун муносиб кўрилмаган иш саналади. Инсонни эркин яшаши ҳуқуқи бугунги куннинг энг долзарб масаласидир. Биз доимо ҳар бир ишимиз ва ҳар бир амалимизни баҳолашга интилар эканмиз, бебаҳо қийматга эга бўлган яшаш, фикрлаш, сўз ва эътиқот эрикинлиги буюк бир неъматдир. Шу боисдан ҳам янгиланаётган Конституциямизнинг 33-моддаси айнан бебаҳо неъматлар бўлмиш фикрлаш, сўз ва эътиқот эъркинлигини таъминлашга бағишланган.

Умуман олганда, фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги инсонинг асосий, фндаментал эркинликлари сирасига кирар экан, бу нормани журналистлар, ОАВларига, бугунги кунда трендга айланиб улгурган касб – блоггерликка доир жиҳатлари билан жамият учун алоҳида аҳамият каб этади. Мамлакатимизда сўз эркинлигини таъминлаш, “ҳокимиятнинг тўртинчи тармоғи” сифатида жамоатчилик фикрини акс эттирувчи оммавий ахборот воситаларини шакллантириш ва жамоатчилик назорати деб номланган тизимни амалга оширишда ҳодиса ҳисобланади.

Кўплаб назариётчилар ҳар ким ҳар қандай масала бўйича ҳар қандай фикр ва мулоҳазаларни билдиришга ҳақли эканлигини ва ҳақиқатан ҳам демократик мамлакатда “ғоялар учун эркин бозор” бўлиши кераклигини таъкидлайдилар. Шу жиҳатдан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 1967 йили қабул қилинган “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар ҳақида халқаро пакент”нинг 18-моддасида “Ҳар ким фикрлаш, виждон ва дин эркинлиги ҳуқуқига эга” эканлиги ва 19-модда 2-қисмида “Ҳар ким ўз фикрини эркин билдириш ҳуқуқига эга. Бу ҳуқуқ давлат чегараларидан қатъи назар, оғзаки, ёзма ёки босма шаклда, бадиий асар шаклида ёки ўзи танлаган ҳар қандай бошқа воситалар орқали барча турдаги ахборот ва ғояларни излаш, олиш ва тарқатиш эркинлигини ўз ичига олади” деб белгилаб қўйилган.

Бизнинг янгиланаётган Конституциямизнинг 33-моддасида қуйидагича баён этилмоқда. “Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким исталган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга. Давлат Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратади. Ахборотни излаш, олиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқни чеклашга фақат қонунга мувофиқ ҳамда фақат конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, ижтимоий ахлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш, шунингдек давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сир ошкор этилишининг олдини олиш мақсадида зарур бўлган доирада йўл қўйилади”.

Ушбу норманинг бу тартибда берилиши Конституциямизнинг халқаро даражадаги нормаларга мос эканлигини кўрсатади. Шунингдек, 2011 йил 3 июндаги Резолюцияга мувофиқ, БМТ Интернетга кириш ҳуқуқини инсоннинг ажралмас ҳуқуқларидан бири сифатида тан олади. Бу қоидага мувофиқ равишда давлат фуқароларимизнинг интернетдан тўлақонли фойдаланиш мажбуриятини ўз бўйинига олмоқда.

Ўз навбатида, фикрлаш ҳуқуқини намоён қилишнинг энг асосий белгиси бўлган сўз эркинлиги янги Ўзбекистонда шиддат билан ривожланиб бормоқда.

Бу нималарда кўринади? Ўзбекистондаги ОАВ сони сўнгги йилларда қарийб 30 фоизга ортиб, 1962 тага етди. Интернет нашрлари сони салкам икки баробар кўпайиб, 677 тага етди. Ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳам шаклан, ҳам мазмунан ўзгарди.

Шундай экан, янги таҳрирдаги Конституция қабул қилинса, фикрлаш ва сўз эркинлиги Янги Ўзбекистоннинг “ташриф қоғози” сифатида бардавом бўлиши ҳамда фикрлар хилма-хиллигини таъминлашнинг кафолати бўлиб хизмат қилади дейиш мумкин.

Янги Конституциямизнинг биргина моддасида шунча ўзгариш бўлаётган бир вақтда ривожланган давлатларда бу борадаги нормалар қандай деган савол ўз ўзидан келади. Демократия ва инсон ҳуқуқлари учун андоза сифатида кўриладиган Америка Қўшма Штатларининг Конституцияси энг мукаммал Конституция эканлиги ва шу кунга қадар жиддий ўзгаришларга учрамаганлиги барчамизга сир эмас. Лекин унинг дастлабки шаклида бу борадаги нормаларни учратиш амри маҳол ҳисобланади. Шу сабабдан унинг биринчи маротаба киритилган тузатишлари дин, сўз ва матбуот эркинлигини таъминлашга бағишланган.

Яна бир ривожланган давлат, Германия Конституциясининг 5-моддаси сўзни эркин ифода этишга бағишланади. Унга кўра “Ҳар бир инсон ўз фикрини нутқда, ёзувда ва расмларда эркин ифода этиш ва тарқатиш ва умумий фойдаланиш мумкин бўлган манбалардан тўсиқларсиз ўзини хабардор қилиш ҳуқуқига эга. Матбуот эркинлиги, эшиттириш ва фильмлар орқали хабар бериш эркинлиги кафолатланади. Цензурага йўл қўйилмайди” деб ёзилган.

Rossiya Федерацияси Конституциясининг 29-моддаси биринчи қисмида “Ҳар кимга фикр ва сўз эркинлиги кафолатланади”, учинчи қисмида “Ҳеч ким ўз фикри ва эътиқодини билдиришга ёки ундан воз кечишга мажбурланиши мумкин эмас”, тўртинчи қисмида “Ҳар бир инсон ҳар қандай қонуний йўл билан ахборотни эркин излаш, олиш, узатиш, ишлаб чиқариш ва тарқатиш ҳуқуқига эга. Давлат сирини ташкил этувчи маълумотлар рўйхати федерал қонун билан белгиланади” ва бешинчи қисмида “Оммавий ахборот воситалари эркинлиги кафолатланади. Цензурага йўл қўйилмайди” деб белгиланган.

Хитой Халқ Республикаси Конституциясининг 35-моддасига мувофиқ Хитой Халқ Республикаси фуқаролари сўз, матбуот, йиғилишлар, уюшмалар, юришлар ва намойишлар эркинлигидан фойдаланадилар тарзида сўз эркинлигини кафолатламоқда.

Барча давлатларда фикр, сўз ва матбуот эркинлиги Конституциянинг маълум бир моддаларида баён этилиб, кафолатланётган бўлса, Швецияда бу қоида бошқачароқ кўринишда. Яъни Конституциянинг муқаддима қисмида фикр эркинлиги ва бошқа ҳуқуқ ҳамда эркинликлар Конституцияда алоҳида ҳимоя қилинади деб бошланади. Швециянинг яна бир ўзгача томони шундаки, уларда тўртта асосий ҳужжат мавжуд. Улардан иккитаси “Матбуот эркинлиги тўғрисидаги қонун” ва “Сўз эркинлиги тўғрисидаги асосий қонун”лар айнан фуқароларнинг фикр, матбуот ва сўз эркинлиги борасидаги ҳуқуқларини кафолатлайди.

Юқорида келтирилган маълумотлардун кўринадики, бизнинг Конституциямиздаги ўзгартиришлар ривожланган давлатларнинг Конституциялари билан тенглаша олади. Агар биз халқаро майдондаги ўрнимизни ва ролимизни янада мустаҳкамламоқчи бўлсак, фикр, сўз ва матбуот эркинлиги кафолатини истасак, Конституциямизга киритилаётган мазкур қўшимчаларни қўллаб-қувватлашимиз зарур.

Мадрахимов Алишер Усубжон ўғли, Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти кичик илмий ходими