Самарқандда ички ишлар тизими билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиб беришини айтаётиб, фуқародан бунинг эвазига пул талаб қилган сохта ИИБ ходими ушланди.
Аниқланишича, у, муқаддам ички ишлар органларида ишлаб кейин бўшаган ва айни пайтда вақтинча ишсиз бўлган пастдарғомлик 31 ёшли фуқаро бўлган.
У Самарқанд шаҳрида яшовчи 40 ёшли фуқаронинг Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ 7-сонли ИИБга мурожаат қилиб борган вақтида, ўзини ИИВда ишлашини айтиб, нима сабабдан ИИБга келганини сўраб билган. Уни қўрқитиб ишини ижобий ҳал қилиб бериш эвазига ундан 5000 АҚШ доллари талаб қилган. Фуқаро ҳам зийраклик қилиб ўрталарида бўлиб ўтган суҳбатни ёзиб олган ва уни ИИВ ШХББ Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимларига топширган.
Шунга асосан жорий йилнинг 2 март куни ИИВ ШХББ Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилиб, ўзини ички ишлар ходими деб таништирган шахс фуқародан 5000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олаётган вақтида қўлга олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов боқармаси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.
