Ёшлар ишлари агентлигида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан ўтказиб келинаётган «Атиргул – 2023» республика кўрик-танлови ғолиблари тақдирланди.
Тақдирлаш маросимида устоз журналистлар, ОАВ ходимлари, жамоатчилик вакиллари ва жамиятимизнинг фаол аёллари иштирок этди.
Тадбир очилишида сўз олган Ўзбекистон журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчиси, танловнинг ташкилий қўмита раиси Холмурод Салимов мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг жамиятдаги ўрни, роли ва нуфузини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилаётганини, уюшма томонидан журналист аёлларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Айтилишича, «Атиргул – 2023» танловига 149 нафар иштирокчидан 800 дан ортиқ ижодий иш келиб тушган. Жумладан, босма нашрлар йўналишида 59, телевидение йўналишида 37, радио йўналишида 15 ва интернет журналистика йўналишида 25, ахборот хизмати йўналишида 13 нафар ҳамкасбимизнинг ишлари кўриб чиқилган.
Ҳакамлар ҳайъати ғолибларни уч босқичли саралаш натижасида аниқлашди. Унга кўра, «Инсонга эътибор мавзуси ёритилган энг яхши материал учун» номинацияси ғолиблиги Адлия вазирлиги қошидаги «Адолат» миллий ҳуқуқий ахборот марказининг «Инсон ва қонун» газетаси ҳамда «Ҳуқуқ ва бурч» ижтимоий-ҳуқуқий журнали таҳририяти мухбири Гулбаҳор Ортиқхўжаевага, «Сифатли таълим аҳамиятини очиб берган энг яхши материал учун» номинацияси бўйича эса Республика Маънавият ва маърифат маркази Рақамли тарғибот бўлими бош мутахассиси Инобат Аҳатоваларга насиб этди.
«Маънавий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг ёритгани учун» номинацияси бўйича ғолиб деб Ўзбекистон МТРК «Ўзбекистон» телерадиоканали давлат муассасасининг биринчи тоифали муҳаррири Робия Худойбердиева топилди. Бошқа номинациялар бўйича ҳам совриндорлар тақдирланиб, уларга махсус статуэтка ва пул мукофотлари топширилди.
– Журналистика – машаққатли соҳа. Чунки нимадир ёзмоқчи бўлсанг, то уни қоғозга тушириб бўлмагунингча изланасан, маълумот тўплайсан. Уйингга борганингда ҳам хаёлингда ана шу мавзу айланаверади, ўйлантираверади. Хуллас, ишда танаффус бўлмайди. Хаёл банд бўлади. Аммо бугунги рағбат бошқа ҳамкасбларим каби менинг ҳам шижоатимга шижоат қўшди. Байрамона кайфиятимга кўтаринкилик бағишлаб, ота-онам ва бутун оиламдагилар учун совға бўлди, – дейди «Ҳарбий-ватанпарварлик мавзусида энг яхши ёритилган материал учун» номинацияси ғолиби, ИИВнинг бирлашган таҳририяти «Postda» газетаси ҳудудий мухбири Маҳлиё Холова.
Зебо НАМОЗОВА
«Ishonch»



