Халқимизда «Қассоб мой қайғусида, эчки жон қайғусида» деган нақл бор. У қай вазиятларда ва қандай маънода қўлланилишини ўзингиз яхши биласиз. Биз эса ушбу мақолни сал ўзгартириб, «Қўшработлик раҳбарлар сохта обрў қайғусида, зиё маскани бўлмиш кутубхона жой қайғусида» деб ишлатмоқчимиз. Чунки асл вазифаси халққа илм-маърифат тарқатишдан иборат бўлган бу маскан «шўр пешона»сига Ахборот-кутубхона маркази деган ёрлиқ илингандан буён жойга ёлчимайди. Шу боис айримлари ҳилвираб, йиртилиб-титилиб кетган ноёб китоблар, уч йилдирки, ҳали у, ҳали бу бинога «кўчиб ўтиш» билан банд.
Ҳамма бало шундаки, бу туманда Президент қарорига ўзгача нуқтаи назардан ёндашилган. Ундаги ҳолат «Замонавий кутубхона хизмати ташкил этган бошқа туманлардан бизнинг қаеримиз кам?» дея чиранишни эслатади. Тўғри, аввалбошда у ёқ-бу ёқни тозалаб-қоқиштириб, макулатурадан омон қолган 28 минг нусха китоб жамланди. Туманнинг қоқ марказидаги собиқ коллеж биносидан жой ажратилиб, зах ертўлаларда моғорлай бошлаган китоблар унга жойлаштирилди.
Ўшанда ўқишга ва билимга чанқоқ тоғликлар роса қувонган, кўпчилик ҳаш-паш дегунча йигирма мингдан ортиқ фойдаланувчи бу хазинанинг бебаҳо имкониятларидан баҳраманд бўлади, деган умидда эди. Аммо қайсидир мутасаддининг «Кутубхонани бу ердан йўқот!» деган амри фармойиши одамлар ҳафсаласини пир қилди. Аниқроғи, авжи қиш чилласида кутубхоначиларга кенг кўча кўрсатиб қўйилди. Улар китобларнинг ярмини хароб аҳволдаги маданият бўлимининг, қолганини «Нуронийлар маскани»нинг биносига жойлаштиришди. Оқибатда аввалги мижозларнинг аксарияти кутубхонага бормай қўйди. Қолган 300-400 нафар ўқувчининг келиб-кетгани эса ҳисобот учун номигагина қайд қилиб борилди, шекилли. Ахир, ўзингиз ўйланг, ёғингарчилик пайтлари парти кетиб, шарти қолган маданият бўлими биноси томидан тинмай чакка томчилаб турса, у ерда мутолаа қилиб бўладими?..
– Қишли-қировли ва ёғин-сочинли дамларда нам тортиб ёки қор-ёмғир сувларида ивиб, увадаси чиққан китобларни кўрган кишининг кўзлари беихтиёр ёшга тўлади, – дейди кутубхона ҳисобчиси Абдумурод Нормаматов. – Шундай бўлса-да, биз муқим бинога эга бўлиш илинжида яшадик. Афсус, янглишган эканмиз, ҳаял ўтмай бу умидимиз ҳам саробга айланди…
Дарвоқе, уддабурон раҳбарлар бу сафар ҳам ўзига хос ташаббус билан чиқиб, кутубхонани 81-мактабнинг собиқ ҳовлисидаги ХТБга қарашли бинога кўчиришга аҳд қилишди. Кутубхонанинг 16 нафар ишчи-ходими китобларнинг баъзиларини қўлтиқлаб, баъзиларини сумка-халталарга солиб ташидилар. Кейин тағин бир муаммога рўбарў келдилар. У ҳам бўлса, китобларга жой топилди-ю, аммо бу ерга келиб кетувчи адабиёт мухлислари учун йўл топилмади. Чунки қурилиш ишларини амалга ошириш мақсадида теварак-атрофда ҳандақ қазилган, у ер-бу ерда тупроқ уюмлари пайдо бўлганди. Улар орасидан бошқалар тугул, кутубхоначилар ҳам зўрға ўтиб, ичкарига кириб чиқардилар.
Яқинда китобхонлардан бири бу ноқулайликлар ва нохушликлар ҳақидаги маълумотларни ижтимоий тармоқ орқали ёритди. Томошанинг каттаси шундан сўнг бошланди. Туман масъуллари гўёки пайтаваларига қурт тушгандай, типирчилаб қолдилар. Орадан ҳеч қанча ўтмай, кутубхонани туман истироҳат боғидаги «Ёшлар маркази»га кўчиришни лозим топдилар. Буниси энди уч йил ичида тўртинчи бор кўчиш бўлди.
– Ҳокимликдан ногаҳон шундай топшириқ келди, – дейди Ахборот-кутубхона маркази раҳбари Гулмира Қўшоқова. – Китобларни шанба ва якшанба кунлари имкон қадар тезроқ кўчиришга ҳаракат қилдик. Лекин ҳаммаси бу ерга сиғмаслиги туфайли бир қисми ҳамон эски биномизда сақланмоқда.
Биз аросатда қолган кутубхонанинг янги манзилгоҳида бўлдик. Очиғи, шусиз ҳам ёшларнинг бир нечта ташкилоти тиқилиб қолган бинога унинг тиқиштирилиши ортиқча даҳмаза бўлибди. Айниқса, кутубхона учун иккинчи қаватдаги маданий-маърифий тадбирлар ўтказишга мўлжалланган катта зал ажратилганидан соҳа ходимлари жиддий норози.
– Бу ерда биргина умумий фондни жойлаштириш имкони бор, – дейди кутубхоначи Озода Жониқулова. – Айни чоғда, марказ фондини тўлдириш ва тақсимлаш, ишлов бериш ва сақлаш бўлимлари, АКТ ва компьютерлар учун алоҳида-алоҳида хоналар керак. Шунингдек, ўқув зали ва маънавият-маърифат хоналари, депозитар китоблар учун ҳам алоҳида жойларга эҳтиёж бор.
Масаланинг яна бир ажабланарли жиҳати – «кўч-кўч»лар ташаббускорлари фақат марказ раҳбарини иш кабинети билан таъминлашни ваъда қилишаётган экан. Иқтисодчи, ҳисобхона ва хўжалик ишлари бўлими мудирлари қаерда ўтириб, вазифасини бажариши ҳақида эса ҳали ўйлаб кўрмаганга ўхшайдилар.
Энг ачинарлиси, Қўшработдаги бу «кўч-кўч»лар Тошкент Ахборот технологиялари университетини тугатиб, катта умидлар билан кутубхона раҳбари сифатида иш бошлаган ёш мутахассис Гулмира Қўшоқовани қаттиқ ташвишга ва танг аҳволга солиб қўйган.
– Марказимиз ташкил этилганида коллеж биносининг ўзимизга ажратилган қисмига иситиш тизимлари ўрнатганмиз, – дейди у. – Туман молия бўлимидагиларга ҳамма ҳужжатлар тақдим этилиб, уларнинг рухсати билан 48 миллион сўмлик иш бажарилган. Кейинчалик учинчи марта ҳам харобага кўчиб ўтдик. Уни жорий таъмирдан чиқариш учун 200 миллион сўм ажратилиши белгиланди. Бироқ таъмирлашга тақиқ қўйилди, деган баҳонада 20 миллион сўм ажратилди. Шу маблағга яраша жорий таъмирлаш юмушлари бажарилди. Барча ишлар қурилиш ташкилотлари билан тузилган шартнома асосида амалга оширилди. Бироқ молия бўлими томонидан коллежда иситиш тизими ўрнатилгани учун ҳам, ХТБ балансида турган сўнгги биномиз таъмири учун ҳам бир тийин берилмади. Ҳозир нафақат ишхонада, балки уйимда ҳам ҳаловатим йўқ. Қурувчилар ҳақини сўраб, кунда-кунора мурожаат қилишгани қилишган…
Ажаб, тумандаги зиё масканига муносабат шуми? 28 мингга яқин китобни у ёқдан-бу ёққа ирғитиш инсофданми? Ёки маънавият ва маърифат ҳақидаги гаплар Қўшработда фақат лоф-қофлардан иборатми? Боз устига, «Ёшлар маркази»да бўлиб, кутубхона бу манзилда ҳам қўним топа олмаслигига кўзимиз етди. Ҳозирги югур-югурларнинг барчаси бизга хўжакўрсин учун қилинаётгандек туюлди. Наҳотки, туман мутасаддилари кутубхона ижтимоий тармоқларда ёки комиссияга кўз-кўзлаш учун эмас, балки қўшработликларнинг маданий-маънавий оламини бойитиш учун зарурлигини билишмаса? Агар билишса, нега кўзбўямачиликка йўл қўйишяпти?
Нурилла ШАМСИЕВ
«ISHONCH»



